U-23 ОЧ финал. Мутахассислар финалда Ўзбекистонни фаворит сифатида эътироф этишмоқда

Бугун Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё чемпионати финалида Вьетнамга қарши майдонга тушади. Ҳар икки терма жамоа финалга қадар бир қатор кучли рақиблар тўсиғидан ўтишга муваффақ бўлишган.

Вьетнам терма жамоаси мусобақадаги иштирокини "D" гуруҳида бошлаганди. Бу Тьен Дунг шогирдлари гуруҳнинг дастлабки ўйинида Жанубий Кореяга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлишди. Бироқ кейинги турда сенсацион тарзда Австралия терма жамоаси 1:0 ҳисобида таслим этишди.

Гуруҳдаги учинчи ўйинда Сурия терма жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этган вьетнамликлар 4 очко билан плей-офф босқичига чиқишга муваффақ бўлишди. Агар сўнгги турда Австралия Жанубий Корея билан дуранг ўйнаганда ҳам, Вьетнам гуруҳда қолиб кетган бўларди.

Чорак финалда Вьетнам терма жамоаси Ироққа дуч келди. Асосий вақтдаги 3:3 ҳисобидан кейин пенатльтилар сериясида омад Шарқий Осиё терма жамоасига кулиб боқди - 5:3.

Ярим финалда Қатарга қарши кечган драматик ўйиннинг асосий вақти ҳам 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Пенальтилар сериясида яна омад Вьетнам томонда бўлди - 4:3.

Ўзбекистон ОТЖ ўз иштирокини "А" гуруҳида бошлаб, дастлабки турда Қатарга 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди. Кейин эса Хитой ва Уммон терма жамоалари бир хил 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратилди.

Чорак финалдан бошлаб Равшан Ҳайдаров шогирдлари бутунлай бошқача ўйин намойиш қилишни бошлашди. Дастлаб Япония жавобсиз 4та гол қабул қилиб олган бўлса, кейин Жанубий Корея терма жамоаси дарвозасига ҳам 4та гол киритилди.

Мутахассислар финалда Ўзбекистон терма жамоасини фаворит сифатида эътироф этишмоқда. Аммо Вьетнам ҳам бежизга финалга етиб келмаганини исобтлашга уриниши аниқ. Шу сабабли ўйин анча қизиқарли кечиши кутилмоқда.

U-23 Осиё чемпионати финалидан олдин терма жамоамизнинг етакчи футболчилар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишга қарор қилдик. 

Забиҳулло Ўринбоев. 1995 йил 30 март куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтини тамомлаган. Фаолиятини "Бунёдкор" клубида бошлаган. 2017 йилдан бери "Пахтакор" клуби аъзоси.

Забиҳулло терма жамоамиз сардори сифатида ҳар бир ўйинда жамоадошларини олдинга бошлашга, ўйин давомида уларнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилмоқда. Жанубий Кореяга қарши ўйинда дастлабки голни киритиб, мусобақадаги голлари сонини очишга муваффақ бўлди. Бугунги финал ўйинида ҳам Забиҳуллодан гол кутиб қоламиз.

Достонбек Ҳамдамов. 1994 йил 24 июль куни Тошкент вилоятида туғилган. Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти талабаси. 2014 йилдан бери "Бунёдкор" футбол клубида тўп суриб келади. 2015 йил Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилган.

Достонбек Ҳамдамов терма жамоамиз таркибида майдон марказини мустаҳкамлашда жуда катта ҳажмдаги ишни амалга оширмоқда. Рақибга прессинг уюштиришда ҳам жуда фаол. Японияга қарши кечган чорак финалда айнан прессинг эвазига ҳимоячини хато қилишга мажбур этиб, терма жамоамизнинг иккинчи голини киритишга муваффақ бўлганди.

Жавоҳир Сидиқов. 1996 йил 8 декабрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти талабаси.   Фаолиятини “Пахтакор” клубида бошлаган. 2016 йилдан бери “Қўқон-1912” футбол клуби аъзоси.

Жавоҳир Сидиқов ушбу мусобақада терма жамоамизнинг ҳақиқий “жавоҳир” футболчиси бўлмоқда. Унинг ажойиб паслари рақиб ҳимоячиларини доғда қолдириб, терма жамоамиз футболчиларини дарвозабонлар билан бирга-бир вазиятга олиб чиқиб қўймоқда. Жанубий Кореяга қарши кечган ярим финалда айнан Сидиқовнинг пасидан кейин Забиҳулло Ўринбоев ҳисобни очишга муваффақ бўлганди.

Жасур Яхшибоев. 1996 йил 24 июнь куни Тошкент вилоятида туғилган.  Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти талабаси.  2015 йилдан бери “Пахтакор” футбол клуби аъзоси.

Жасур Яхшибоев Хитойда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатининг кашфиётларидан бири бўлди. Ушбу футболчининг ўнг қанотдаги ҳужумкор ҳаракатлари, дриблинглари кўплаб мухлис ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Энг муҳими Жаур Яхшибоев жуда муҳим голлари билан терма жамоамизнинг ғалабасига ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. У чорак финалда Япония дарвозасини икки марта ишғол қилиб, дублга эришди. Ярим финалда эса Жанубий Корея дарвозасига терма жамоамизнинг учинчи голини киритишга муваффақ бўлди. Бугун Жасурдан ҳам гол кутиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, U-23 Осиё чемпионати финалидан ўрин олган Вьетнам – Ўзбекистон учрашуви Тошкент вақти билан соат 13:00да бошланади. Финал ўйинини "Спорт" телеканали жонли эфирда намойиш этади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!