Усмон Тошев ЎФФнинг янги ислоҳотлари ҳақида нималар деди?

Хабарингиз бор Ўзбекистон футбол федерация раҳбариятида бўлган ўзгаришлар рўй берганидан сўнг бевосита футболимизда кескин ислоҳотлар юз бера бошлади. Бу борада “Андижон” клуби бош мураббийи, ОФК инструктори Усмон Тошев ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Мен ҳам барча қатори бу хабарни сайт орқали ўқиб билдим, - дейди Усмон Тошев. - Очиғи, нима сабабдан бундай қарор қабул қилинганини тушунмадим. Хўш, нима учун 16 ёки 18 та эмас, балки 12 та? Шунчаки, бунинг сабабини билмаяпман. Шу боис мазкур масала юзасидан бир нима айтишим қийин. Агарда нима сабабдан 12 та жамоа қилишганини билганимда бу ҳақида албатта айтган бўлардим. Нима учун? Мақсад олий лигани кучайтиришми? Ёки клубларнинг пуллари етмаётгани сабабли тўртта жамоани тушириб юборишяптими? Кўряпсизми, мен ҳам тушунмай қоляпман.

Кўриниб турибдики, Усмон Тошевда ҳам саволлар кўп, аммо жавоблар йўқ. Бироқ мутахассис ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда олий лигада жамоалар сонини кўпайтириш тарафдори эканлигини яширмади.

- Мен ҳам футболда узоқ йиллардан бери юрибман. Шу нуқтаи назардан қараганда, бунинг сабабини билмаган ҳолда ўз фикримни айтадиган бўлсам, олий лигада жамоалар сонини 12 тага қисқартириш – бу минус. Мен фақат шуни айтишим мумкин. Менинг назаримда жамоаларни сонини кўпайтириш керак эди. Футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар ҳаммаси етарли эди. Шунинг учун клубларни кўпайтирса мақсадга мувофиқ бўларди. Жамоаларни қисқартирмасдан шунчаки, олий лигани тартибга солса кифоя эди.

Хўш, энди бу қанчалик самарасини бериши мумкин? Умуман, ушбу ўзгаришлардан кейин ижобий ўзгаришлар бўлармикин? Усмон Қудратович, шунга ҳам алоҳида урғу қаратди.

- Бу қандай самара беради? Айнан қандай самарани кўзлаб бу ишни қилишганини билмаяпман. Энди бундан кейин ҳам олий лигада 12 та жамоа давомли тарзда қатнашаверадими ёки вақти келиб яна клублар сони ошириладими? Олий лигадан тушиб кетган тўртта клубнинг кейинги тақдири нима бўлади? Ёки бу билан биринчи лиганинг савияси кўтарилиб қоладими? Ўйлайманки, бу билан биринчи лиганинг мавқеи олий лиганики билан тенглашиб қолмайди. Ўз номи билан бу олий лига. Бу ерда ҳаммаси ойдек равшан: олий лигада номига яраша олий мураббийлар, ҳакамлар ва футболчилар фаолият кўрсатишади. Биринчи лигада эса шунга лойиқ бўлганлар ишлашади. Шуни унутмаслик керакки, ҳар доим олий лига олий лигалигича, биринчи лига эса биринчи лигалигича қолаверади. Хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам барибир биринчи лига бир поғона пастда бўлаверади.

Яна бир эътиборга молик ўзгаришлардан шу бўляптики, биринчи лига борасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилиши режалаштириляпти. Жумладан, келаси мавсумдан биринчи лига жамоаларида 24 ёшгача бўлган футболчиларнинг тўп суриши алоҳида белгилаб қўйилмоқда. Бу албатта яна бир муҳокамага сабаб бўладиган мавзудир. Тошев бу борада нима дейди?

- Бу йил биринчи лигада ҳар бир жамоада 1998 йилда туғилган футболчилардан иккитаси майдонга тушишга мажбур этиб қўйилганди ва бу нарсани бошимиздан ўтказдик. Очиғи, бу ёшдаги футболчиларнинг майдонга туширилиши шарт этиб белгилангани ўйинимизга таъсир кўрсатди. Мен бу билан уларни ёмонламоқчи эмасман, шунчаки улар ҳали тайёр эмасди. Албатта, биз ёшлар билан ишлашга ҳаракат қилдик ва бир нималарни мўлжаллагандик. Аммо барибир бўлмади. Ўйинимизга ҳалақит берди. Энди биринчи лигада 24 ёшгача бўлган футболчилар ўйнаши керакми? Хўп, кимдир ўша ёшдаги йигитлар билан олий лигага чиқди? Аммо кейин-чи? Олий лигада қандай қаршилик кўрсатишади? Ёш томондан бундай қарор чиқариш мумкин эмасди. Ўйлашимча, бу билан футболчиларнинг ҳуқуқи бузиляпти. 26-27 ёшга кириб энг авжига чиққан йигитлар нима қилишади? Олий лигада клублар сони қисқаргани учун ҳамма футболчи ҳам у ерда ўйнай олмайди. Аммо биринчи лигада ўйнай деса ёши тўғри келмайди. Хўш, нима қилиш керак? Агар шунчалик 22 ёки 24 ёшли футболчиларнинг мунтазам ўйнашини хоҳласак, унда яна битта қўшимча лигани яратишимиз керак. Ёки ўринбосарлар жамоасидаги ўйинчиларнинг ёши 18 дан катта бўлмаслиги лозим. Чунки ўринбосарлар лигаси асосан олий лига жамоаларига футболчи тайёрлаб беради ва ўз номи билан бу тайёрлов вазифасини бажариб беради. Бир нарсани тўғри тушуниш керакки, сунъий равишда ўйинчиларни кўтариб бўлмайди. Агар иқтидорли, келажаги порлоқ футболчи бўлса қайси мураббий уни захирада ушлаб туради? Ҳеч ким ўзига душман эмас. Албатта, ўша ўйинчидан фойдаланади. Ҳар бир мураббий яхши йигитларни қидиради. Аммо сунъий равишда футболчиларни майдонга тушириб ўйнатишда мураббий қандай қилиб ўйлаган тактик услубларни қўллай олади? Боз устига мураббийдан фақат натижа талаб қилинади. Ахир бу йил иккита ёш футболчи ўйнагани қанчалик таъсир қилганини ҳамма кўрди. Улар керак бўлса ҳаяжондан қандай ўйнашни ҳам унутиб қўйишди. Мева берадиган дарахт ўз-ўзидан мева бераверади. Янги Американи очиш шарт эмас. Умуман олганда, бу тўғри ёки нотўғри қарор деб айта олмайман. Раҳбарият бир нимани ўйлаб шуни йўлни танладими, демак қандайдир сабаби бор. Лекин бизда футбол учун шароитлар яхшиланиб боряпти. Янги стадионлар, ажойиб базалар, инфратузилмалар ўзгармоқда.

“Шўртан” билан “Нефтчи” олий лигани тарк этиши аниқ бўлди. Ушбу жамоаларнинг сафида 24 ёшдан катта бўлган футболчилар бор-ку, улар нима қилишади? Тўғри, биринчи лигада дастлабки йили рақобатбардош клублар кўпайиши мумкин. Лекин савияни ушлаб қола олмаса, жуда қийин бўлади. Биринчи лигадан олий лигага нечта жамоа чиқади? Очиғи, билмадим. Менимча, буниси ҳам ҳали номаълум.

Маълумки, Усмон Қудратович ярми мавсум давомида “Андижон” клубининг бош мураббийи сифатида фаолият кўрсатди. Афсуски, унинг жамоаси олий лига йўлланмасини қўлга кирита олмади. Умуман олганда, мураббий учун у ердаги фаолияти қандай кечди? Яна ишлашда давом этадими? Бу борада унинг ўзи шундай деди.

- “Андижон” ҳақида гапирадиган бўлсам, мен тушунмайдиган вазиятлар кўп бўлди. Келгуси режалар ҳақида ким билан гаплашишим керак? Раҳбариятни топа олмаяпман. Футболчилар эса менга мурожаат қилишяпти. Аммо уларга нима деб жавоб беришни билмаяпман. Ҳали у ерда қиладиган ишларимиз кўп. Ўзи биз у ерда яна ишлаймизми-йўқми, буни ҳам билмаймиз. Тезроқ жамоани ташкил қилиш, йиғинлар ҳақида гаплашиш лозим. Тезроқ ишни бошлаш керак. Энди биринчи лигада ҳам талаб жуда кучли бўлади. Сайтда ўқиган бўлсангиз, 31 декабрга қадар барча жамоа қарздорлик йўқлиги ҳақида федерациясига хат бериши керак. Ўзбекистон футбол федерациясига борсам, ҳамма мендан “Андижон” ҳақида ва у ердаги ишларим тўғрисида сўрашяпти. Ҳозирча уларга ҳаммаси жойида деб айтяпман. Лекин гапирсак гап кўп.

"Андижон" ПФК матбуот котиби Ш.Жўраев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!