“УзДонгЯнгКо” жамоаси Андижон вилояти кубогини қўлга киритди

8 октябрь, якшанба куни Андижон вилояти Кубоги финал баҳси бўлиб ўтди. “Соғлом авлод” стадионида икки финалчи – “УзДонгЯнгКо” ва “Шаҳрихон” жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Учрашув шиддатли ўтиши олдиндан маълум эди. Якунда шундай ҳам бўлди. Таркибдаги номлар борасида “УзДонгЯнгКо” пешқадам эди. Сабаби бу жамоа ўз вақтида олий ва биринчи лига жамоаларида ўйнаган бир қатор футболчиларни ўз сафига қўшиб олганди. “Шаҳрихон” эса аксинча асосан ёшларга эътибор қаратишни лозим топганига гувоҳ бўлдик. Учрашув қизиқарли кечди. Стадионга мухлисларнинг ташрифи ҳам у қадар оз бўлмади. “УзДонгЯнгКо” қўшма корхонаси раҳбарияти ҳам стадионга ташриф буюриб, бевосита учрашувни кузатиб борди. Жамият директори учрашув чоғида футболчиларини руҳан кўтариш мақсадида ўзига хос пул мукофотларни жорий этиб, уларни қизиқтириб борди. Айтайлик “УзДонгЯнгКо” жамоасидан биринчи бўлиб гол урган футболчи, энг яхши ҳимоячи ва ҳужумчига 200 000 сўмдан пул мукофотини эълон қилди. “Шаҳрихон” жамоасига эса бу борада асосан мухлислари қўллаб-қувватлаши билан далда бўлди дейиш мумкин. Шу куни Шаҳрихондан ҳам кўплаб ишқибозлар ташриф буюрди.

Ўйинда шаҳрихонликлар бироз устунликка эришди. Уларнинг бир қатор ҳужумларини “УзДонгЯнгКо”нинг тажрибали ҳимоя қўрғони ўз вақтида бартараф этиб турди. Аммо биринчи бўлимда “Шаҳрихон” барибир ўз мақсадига эришди. Илҳом Абдуғаниев аниқ зарбаси билан учрашувда ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимда “УзДонгЯнгКо” ўйинни кучайтирди. Натижада Исроил Турсунов ва Жаҳонгир Юлдашев (2та) ўзини кўрсатиб, рақиб посбонини ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур қилди. Кейинчалик “Шаҳрихон” таркибида заҳирадан майдонга тушган Миржалол Каримбердиев ҳисобни қисқартирган бўлса, якунда бошқа гол қайд этилмади.

Шу тариқа Андижон вилоят Кубоги “УзДонгЯнгКо” жамоасига насиб этди. Учрашувдан сўнг тақдирлаш маросими ташкил этилди. Унда дастлаб сўз олган Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов ҳар икки жамоага ҳам мазмунли ва кўрсатган жангавор ўйини учун миннатдорчилик билдириб, уларга ўз дил изҳорларини билдириб ўтди. Шундан сўнг Вилоят футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Бекзод Каримов ҳам сўзга чиқиб, Вилоят Кубоги қатнашчиларини шу ергача босиб ўтилган йўлларини алоҳида эътироф этиб, уларни келгуси фаолиятларида омад тилади.

Тақдирлаш маросими дастлаб ҳакамлардан бошланди. Финал баҳсини адолатли ва шу билан бирга юқори савияда бошқариб борган ҳакамлар гуруҳи Андижон вилояти футбол федерацияси томонидан диплом ва эсталик совғалар билан тақдирланди. Шунингдек ҳар бир жамоага диплом ва эсталик совғалар тақдим этилди. Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Вилоят футбол федерацияси раҳбарияти ҳамда вилоят футбол федарациясининг бир қатор қўмитаси аъзолари томонидан ҳар бир амплуа бўйича “Энг яхши ўйинчилар” аниқланди. Унга кўра учрашувнинг “Энг яхши дарвозабони” – Бекзод Отахонов (“Шаҳрихон”). “Энг яхши ҳимоячи” – Азамат Исаев (“УзДонгЯнгКо”). “Энг яхши ярим ҳимоячи” – Илҳом Абдуғаниев (“Шаҳрихон”). “Энг яхши ҳужумчи” – Жаҳонгир Юлдашев (“УзДонгЯнгКо”). “Энг яхши футболчи” – Анвар Абдуқодиров (“УзДонгЯнгКо”) деб топилди.

Бундан ташқари ҳар икки жамоа бош мураббийлари Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи томонидан эсталик совғалар билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими сўнггида Кубок ўз эгасига топширилди. Шу тариқа финал учрашуви ва тақдирлаш маросими кўтаринки руҳ остида якунига етди.

Андижон вилояти Кубоги-2017. Финал.

“УзДонгЯнгКо” – “Шаҳрихон” 3:2.

“Соғлом авлод” стадиони.

Голлар: Исроил Турсунов, Жаҳонгир Юлдашев, Жаҳонгир Юлдашев – Илҳом Абдуғаниев, Миржалол Каримбердиев.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Хушнуд Суюнбоев.

Назоратчи: Рустам Ҳамидов.

“УздонгЯнгКо”: 1. Бобур Тожибоев, 2. Азиз Маҳмудов, 3. Азамат Исаев, 4.Салим Раҳматуллаев, 6. Муҳуммаджон Отажонов, 7. Жавлон Ҳамдамов, 10. Элдор Туропов, 11. Исроил Турсунов, 12. Жаҳонгир Юлдашев, 13. Ёдгор Аҳмедов, 19. Анвар Абдуқодиров (С).

Захира: 5. Шерзод Ҳалилов, 6. Жаҳонгир Суярқулов, 9. Дилшод Мўминов, 14. Акрам Муҳаммадтоҳиров, 15. Дилмурод Ваҳобов, 17. Сардор Нурматов, 18. Музаффар Мамажонов.

Бош мураббий: Санжар Латипов.

“Шаҳрихон”: 1. Бекзод Отахонов, 2. Шоирбек Рўзиев, 3. Ҳикматилло Ўрмонов, 5. Жавоҳир Жўрахонов, 8. Илҳом Абдуғаниев, 9. Исломжон Назиров, 10. Бунёдбек Турғунов, 11. Достон Ибрагимов, 14. Исмоил Анварбеков, 19. Хурсандбек Қосимов, 21. Санжар Марипов.

Захира: 33. Фурқатбек Комилов, 4. Сардорбек Раҳимов, 6. Миржалол Каримбердиев, 7. Асадбек Жалолдинов, 15. Муролимжон Юсупов, 17. Абдулатиф Жўраев, 18. Илёс Эрашев.

Бош мураббий: Шуҳрат Ҳакимов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!