“Uzbek Tigers” мураббийи Тўлқин Қиличев: Мағлубиятлар ортда қолди, буёғига фақат ғалаба қозонамиз

 

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA шафеълигида ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) – Бутунжаҳон бокс сериялари VII мавсумидан ўрин олган “Uzbek Tigers” ва “Patriot Boxing Team” жамоалари учрашуви олдидан ўзбекистонлик боксчилар мураббийи Тўлқин Қиличев ўз фикрларини билдирди.

- Бир йилда спортчи уч маротаба юқори спорт формасига кира олади, - деди Тўлқин Қиличев. - 2016 йилда боксчиларимиз кўп куч сарлфлади. WSB турнирининг сафарда - Хитой ва Қозоғистонда ўтказилган дастлабки икки учрашувда боксчиларимиз мукаммал спорт формасига эга бўлмагани боис ютқазди.Албатта, ҳаммамиз бундан тўғри хулоса чиқардик. Бу мағлубиятлар келажакдаги ғалабаларимизга туртки бўлади.

“Uzbek Tigers” таркибига ҳар бир вазн бўйича учтадан боксчи, яъни жами ўттиз киши киритилган. Бу жангга чиқадиган боксчиларни ротация қилиш имконини беради. Бўлажак жангга шогирдларим пухта тайёргарлик кўрди. Ҳаммаси учрашувга тайёр.

Буёғига халқимизни ва мухлисларимизни фақат хурсанд қилишимиз керак. 2017 йилда ҳам мусобақалар кўп. Бундан буён ҳамма биздан фақат ғалаба кутади. Биз эса уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Тўлқин Қиличев “Patriot Boxing Team” жамоасига қарши бўладиган учрашувга Ҳасанбой Дўсматов, Абдулҳай Шораҳматов, Элнур Абдураимов, Исроил Мадримов, Зуҳриддин Маҳкамовни жалб қилган.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!