"Uzbek Tigers": Баҳодир Жалоловнинг рақиби нима дейди?

 

The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларининг VII мавсумида иштирок этаётган "Uzbek Tigers" боксчилари бугун Қозоғистоннинг "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасига қарши рингга чиқади.

Ушбу мусобақада мезбонлар шарафини ҳимоя қиладиган оғир вазнли боксчи Камчибек Конкабаев "Uzbek Tigers" вакили Баҳодир Жалолов билан куч синашади. Қозоғистонлик боксчи бу мусобақа қандай тайёрлангани ҳақида интервью берди.

- Мен Қозоғистон терма жамоаси сафида AIBA академияси ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, мавсумга пухта тайёрландим. У ерда умумий жисмоний тайёргарликдан ташқари махсус тайёргарлик машғулотларини ҳам ўтадик. Бундан ташқари, АҚШ ва Германиянинг кучли боксчилари билан ҳамкорликда йиғин ўтказилди. Шунинг учун тайёргарлигим зўр, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Бу тайёргарликлар WSB турнирида муваффақиятли қатнашишимга хизмат қилади. Мухлислар ва мураббийлар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

- Сиз WSB турнирида иккинчи мавсумни ўтказяпсиз. Янги мусобақага кўкиниб қолдингизми?

- Дарҳақиқат, мен ўтган йили бу мусобақада рингга чиқдим. WSB турнири бошқа форматдаги мусобақа бўлгани учун бироз мушкул ва мураккаброқ. Тайёргарлик ҳам янгича усулда ўтказилади. Бошида қийналдим. Ҳозир эса ҳаммасига кўникиб кетдим.

- Бўлажак рақибингиз билан аввал куч синашганмисиз?

- 2015 йили Баҳодир Жалолов билан Болгариядаги "Strandja" турнири финалида рингга чиққанман. Ўшанда уни мағлуб этгандим. Бу анъанани навбатдаги жангда ҳам давом эттиришга ҳаракат қиламан. Мен ўз рақибимнинг барча кучли ва заиф томонларини биламан, деб айтолмайман. Чунки фақат бир маротаба тўқнаш келганмиз. У ҳам бўлса икки йил олдин бўлган. Буёғига нима бўлишини жанг кўрсатади.

- Сиз ўз жамоадошларингиз иштирокидаги биринчи жангни кўрдингизми?

- Йиғин давомида "Astana Arlans Kazakhstan" боксчиларининг Москвадаги биринчи жангларини томоша қилдик. Йигитлар учун мухлислик қилдик, уларни қўллаб-қувватладик. Сафардаги ғалаба ҳаммамизни хурсанд қилди. Ана шу руҳда давом этиши керак.

- WSB турнирининг бу мавсумида нечта жанг ўтказишни режалаштиряпсиз?

- Мен WSB турнирида рингга чиқиш учун доимо тайёрман. Агар ҳар бир жангга қўйишса, бокс тушавераман, муаммо бўлмайди. Лекин кимни рингга чиқаришни мураббийлар штаби ҳал қилади. Мен эса жамоамга ёрдам беришга доим тайёрман ва бундан фақат хурсанд бўламан.

Маълумот ўрнида шуни эслатиб ўтамизки, Камшибек Конкабаев ҳозиргача WSB турнирида уч марта рингга кўтарилган ва иккита жангда ғалабага эришиб, бир марта мағлуб бўлган.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!