“Uzbek Tigers” WSB жангларига қаттиқ тайёрланмоқда

  • 25 январь, 2017, 07:43
  • 0
  • Бокс
 

Бокс оламида ўзига хос нуфузга эга бўлиб улгурган Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақасида бошланишига бир неча кун вақт қолди. Ушбу юқори даражадаги турнирнинг ўтган мавсумида илк маротаба иштирок этган “Uzbek Tigers” жамоаси биринчи уринишдаёқ ярим финалга етиб бориб, ўз салоҳиятини намойиш этди.

Бокс мухлислари ва мутахассис мамлакатимизнинг энг кучли боксчиларини жамлаган “Uzbek Tigers” жамоасидан бу йил ҳам катта натижаларни кутмоқда. Ҳамюртларимиз турнирдаги илк учрашувини “China Dragons” жамоасига қарши ўтказади. Бу учрашувга хитойликар мезбонлик қилади ва жанглар 3 февраль куни ўтказилади.

Ўзбекистон бокс федерацияси спортчиларнинг мавсумга пухта тайёрланиши учун барча шароитларни яратиб берди. Хусусан, 5-19 январь кунлари терма жамоамизнинг асосий таркиби ва унга номзод бўлган 50 нафардан зиёд энг кучли боксчиларимиз Тошкент вилоятининг "Янгиобод" спорт базасида дастлабки ўқув машғулот йиғинларини ўтади.

Боксчиларимиз айни пайтда 23 январдан тайёргарликни иккинчи босқичига киришди. Шундан сўнг боксчиларимиздан бир гуруҳи Қирғизистондаги халқаро турнирда иштирок этади. “Uzbek Tigers” аъзолари эса “China Dragons” жамоасига қарши жанг қилиш учун Хитойга йўл олади.

“Uzbek Tigers” жамоасининг бу йилги таркибидан Олимпия ўйинлари қаҳрамонлари - Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев каби маҳоратли боксчиларимиз ҳам жой олган. Тўлиқ жамоа таркиби эса ўттиз нафар энг кучли боксчидан иборат.

Бошланаётган янги мавсумда ҳамюртларимизга муваффақият тилаймиз!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!