"Uzbek Tigers"да энг кучлиси Ҳасанов, "Patriot boxing team"да Силягин! (фото)

20 апрель, 20:40 1415

 

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ўтказилаётган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс сериялари VII мавсумида иштирок этаётган "Uzbek Tigers" боксчилари "С" гуруҳидаги сўнгги учрашувини эртага "Patriot boxing team" жамоасига қарши ўтказади.

Россиянинг Пермь шаҳрида ташкил этиладиган учрашувда ҳар икки жамоа ҳам асосан истеъдодли ёш боксчиларни синовдан ўтказишга қарор қилди. Албатта, эртага рингга кўтариладиган чарм қўлқоп усталари орасида катта тажрибага эга боксчилар ҳам бор.

"Patriot boxing team" - "Uzbek Tigers" учрашувида рингга чиқадиган боксчилар орасида энг тажрибалиси 81 килограмм вазн тоифасида мезбонлар вакили Павел Силягин ҳисобланади. Бу боксчи икки йил давомида WSB турнирида мағлубиятсиз иштирок этган ва кетма-кет еттита жангда зафар қучган. Бироқ, Павел жорий мавсумдаги илк жангида қозоғистонлик Арман Рисбекка ютқазиб қўйди.

Павел Силягинга қарши рингга чиқадиган ҳамюртимиз Мадиёр Саидраҳимов нуфузли турнирдаги дебютини нишонлайди.

Ўзбекистонлик боксчилар орасида ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Мирзобек Ҳасановнинг имкониятлари юқори саналмоқда. Бу боксчимиз ўтган йили "Uzbek Tigers" сафида учта жанг ўтказиб, иккита кучли рақибини мағлуб этган ва битта жангда ютқазган.

Мирзобекнинг эртанги учрашувдаги рақиби Артём Сусленков эса турнирдаги биринчи жангини ўтказади.

Умуман олганда эса, "Uzbek Tigers" аъзоларидан Мирзобек Ҳасановдан ташқари Аброржон Қодиров WSB турнирида иштирок этиш тажрибасига эга. Таркибдан ўрин олган уч боксчимиз - Улуғбек Дўсмуродов, Мадиёр Саидраҳимов ва Одилжон Аслонов эртага дебют жангини ўтказади.

"Patriot boxing team" вакиллари орасида фақатгина Артём Сусленков "янги" боксчи ҳисобланади. Қолган боксчилар - Вячеслав Ташкараков, Константин Богомазов, Артём Зайцев, Павел Силягин ўз жамоаси таркибидаги учрашувларда зафар қучган.

Учрашувга оид қизиқарли маълумотлар, тафсилотлар ва янгиликларни SPORTS.uz ахборот порталида кузатиб боринг!

SPORTS.uz