"Uzbek tigers" сафида порлаган боксчи профессионал рингда Уганда чемпиони билан куч синашади

24 март,2017, 17:17 1401

 

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларида Ўзбекистоннинг "Uzbek Tigers" жамоаси шарафини ҳимоя қилган Улуғбек Ҳақбердиев профессионал боксчилик фаолиятини бошлади.

Самарқандлик боксчи 3 март куни Россияда ташкил этилган биринчи жангида профессионалда 27 та жанг ўтказган россиялик Карен Аветисянни очколар ҳисобида мағлуб этганди.

Улуғбек Ҳақбердиев 25 март куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган профессионал бокс кечасида иккинчи маротаба рингга кўтарилади.

Ҳамюртимиз бу гал профессионал бокс бўйича Уганда чемпиони - Мустафо Катенде билан жанг қилади. Ўз вазн тоифасида Уганданинг биринчи рақамли боксчиси ҳисобланган Мустафо Катенде професссионал рингжаги фаолиятини 2008 йилда бошлаган ва шу кунгача 12 та жангда ғалаба қозонган ва тўрт марта мағлубиятга учраган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, африкалик боксчи ўта кучли зарбага эга. У саккизта учрашувда рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.