Вадим Абрамов: ЎФФнинг қарори футболчиларга таъсир қилмади

- Вадим Карленович, аввало ўйин борасида тўхталсангиз…

- Сўнгги сонияларда гол ўтказиб, аламли мағлубиятга учрадик. Футбол шунақа адолатсиз - гоҳида яхши ўйнаб ҳам мағлуб бўласан. Биринчи бўлимда рақибларимиз, иккинчи бўлимда эса биз яхшироқ ўйин намойиш этдик деб ўйлайман. Аммо, қўшиб берилган сўнгги сонияларда стандартдан гол ўтказиб юбордик. «Динамо» иккинчи бўлимдаги ягона вазиятини голга айлантирди, биз эса йўқ.

- «Нефтчи» таркибига назар соларканмиз, асосий таркибда ёшлар, захирада эса Мансур Саидов, Иброҳим Раҳимов, Жасур Ҳасанов сингари номдор футболчилар қолишди. Бу нима билан боғлиқ?

- Футболда ким ўйинга нисбатан яхшироқ тайёр бўлса, ўша майдонга тушади. Тажрибали футболчиларимиз ҳам иккинчи бўлимда майдонга туширилди. Мансур Саидов ҳам захирадан майдонга тушиб, катта ёрдам бериши мумкин эди. Аммо, ўйиннинг боришига қараб у захирада қолди. Ёш футболчилар ҳам ёмон ўйин намойиш этишмади, аммо вазиятлардан фойдалана олмадик.

- Асосий ҳужумчи Муйдин Мамазулуновнинг таркибда йўқлиги нима билан боғлиқ?

- Мўйдин жароҳати боис бизга ёрдам бера олмади.

- «Нефтчи» ўйиннинг бошидан қандайдир мотиватциясиз тўп сургандек кўринди. Бу ЎФФ чиқарган қарор билан боғлиқми?

- Йўқ, бундай деб ўйламайман. Олдин ҳам айтгандим, қарор футболчиларга таъсир этиши мумкин деб, аммо бугунги баҳсда бу футболчиларга таъсир қилгани йўқ. Футболчилар ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга чиқиб ўз ишларини қилишлари лозим. Иккинчи бўлимда жамоам кўрсатган ўйиндан қониқдим, футболчилар яхши ҳаракат қилишди.

- «Нефтчи» Олий Лига билан хайрлашди. Якунда ЎФФ ўз қарорини ўзгартириш борасида сизда қандайдир умид борми?

- Фол очишни ёқтирмайман, қарорни ўзгартирадими ёки йўқми биз барибир ўшанга амал қиламизку. Мен бу борада гапираманми ёки йўқ фикрим билан ниманидир ўзгартира олмайман. Биз ниманидир ўзгартира оламаймиз, чунки қарорни биз қабул қилмаймиз. Менинг фикримни биласиз, бу борада позициямни билдирганман. Ман барчасига розиман, фақат айтишсин, айнан қандай критериялар асосида 12 та жамоани танлаб олишади? Шуни билмоқчимиз.

- Cўнгги савол. «Динамо» Фарғонада «Нефтчи»ни мағлуб этганида дебют ўйинингиз эди. Ўшандан буён сизга икки жамоа ўртасида қандай фарқлар сезилди?

- «Динамо» ҳақида сиздан сўрашни истардим? «Нефтчи» ҳақида гапирадиган бўлсам, кўрдингиз таркибимизда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Умид қиламанки, айнан улар «Нефтчи» учун яхши пойдеворга айланишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!