Василис Хадзипанагис: Ҳанузгача "Пахтакор"дан кетганимдан афсусланаман

1191

Василис Хадзипанагис: Ҳанузгача 

Греция терма жамоаси таркибида ўйнамаган, ҳатто мамлакат чемпиони бўла олмаганига қарамай, Грецияда уни охирги ярим асрдаги энг зўр футболчи деб тан олишган. Бундай бўлишига балки унинг “советча” ўтмиши сабабчидир...

У Тошкентда туғилиб,  21 ёшгача шу ерда яшади, “Пахтакор” ва Собиқ Совет Иттифоқи олимпия терма жамоаси учун тўп сурди. 1975 йилга келиб, аждодларининг ватанига қайтишга аҳд қилди.

Ҳа, бу инсонни танидингиз. Бу ўша — Василис Хадзипанагис.

Чанғичи дриблинги

— “Совет спорти”  СССР учун ўйнаган даврингизда сиз учун севимли бўлган газетами, дейсизми? —  билинар-билинмас шева ва сезиларли тааажжуб билан қайта сўради Хадзипанагис. — Тўғрисини айтсам, рус тили ҳақидаги билимларим мен билан “хайрлашишни” бошлади. Чунки  бу ерда рус тилида сўзлашишим мумкин бўлган суҳбатдошларим жуда оз. Келинг, яхшиси, суҳбатни бошлай қолайлик...

 — СССРдаги ҳаётни хаёлингизда гавдалантириб кўринг. Қачон СССР фуқаросига айланган эдингиз?

— Ота-онам сиёсий муҳожирлар эди. 1949 йилда  улар Салоникдан Тошкентга кўчиб келишди. Беш йилдан сўнг, яъни 1954 йил мен туғилдим. Ўзбекистон пойтахтида грекларнинг каттагина диаспораси  бор эди. Мактабда рус тилини қунт билан ўргана бошлагунга қадар фақатгина грек тилида гаплашар эдим. Дарсларда ҳам ҳафтада икки марта грек тили ўқитиларди. Мактабда ҳам ҳафтасига 2 марта грек тили таълимотини олар эдим. Ҳамма қатори 16 ёшлигимда совет паспортини олдим. Ахир бусиз “Пахтакор”да ўйнай олмасдим-да.

— 17 ёшлигингиздаёқ сизга республиканинг асосий жамоаси таркибида ўйнаш бахти насиб қилди. “Пахтакор” мухлислари сизга қандай ном қўйиб олишгани ёдингиздами?

— Диаспорамиздагилар Василисни қисқартириб, мени Лакис деб чақиришарди. Ўзбеклар эса ҳурматимни жойига қўйиб,  Хожа деб аташарди. Очиғи, Тошкентда ўтказган дамларимни бир олам завқ билан эслайман. Чунки мен совет футболи майдонида  чархландим.  “Пахтакор” эса анча-мунчанинг “ўпкасини босиш”га қодир жой эди.

 — СССР Чемпионлар Лигасидаги дебютингизни эслай оласизми?

 — Албатта. Донецкнинг “Шахтёр”и билан бўлган ўйинга кирган эдик. Шу ўйинда илк голимни ҳам киритганман. 1972 йил чемпионларига айланган ворошиловградлик “Зари”  жамоасини 4:2 ҳисоб билан мағлуб этган эдик. Мен киритган гол  ойнинг энг чиройли голи деб тан олинган эди. Ўша учрашувда биз 4:2 ҳисоб билан чемпионлар устидан ғалаба қозонган эдик. Ва кейинчалик “Бадантарбия ва спорт” журналида мен ҳақимдаги саҳифага чанғичининг суратини қўйиб, дриблингим чанғи ҳаракатига ўхшашини айтиб ўтишганди. “Чанғичилар айёрликни Хадзипанагисдан ўрганинглар” деган изоҳ ҳам бор эди.

— Ғалабаларингиз рўйхатида Киевнинг “Динамо” жамоаси билан бўлган 1975 йилги учрашув  ҳам алоҳида ўрин эгалласа керак. Ўшанда ўйин 5:0 ҳисоб билан “Пахтакор” фойдасида ҳал бўлганди.

— Бу ўйин мавсумнинг энг шов-шувли баҳсига айланган эди. Устига- устак,  ўшанда киевликлар Кубок эгалари кубогида ғолиб бўлиб, Мюнхеннинг “Бавария” жамоасини ҳам мағлуб этиб, Суперкубокни қўлга киритишган эди. Шунга қарамасдан, фақатгина “Пахтакор” уларни ҳам мезбонлик, ҳам меҳмонлик ўйинида мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Бу нарса СССР олимпия термасидаги жамоадошларим Буряк ва Тошкин билан анча пайтгача кулишиб юришимизга сабаб бўлган — чунки Олий лигага чиқа олмагандик-да.

— “Пахтакор”да ўйин бошлаган даврингизда жамоанинг “юлдузи” ким ҳисобланарди?

 — Биродар Абдураимов - у биздан бир неча ёш каттароқ эди. У СССР чемпионатининг Олий лигасида 95 та гол муаллифи бўлишга улгурган. Кейинчалик эса жамоани мен, Миша Ан ва Володя Фёдоров ўз қўлимизга олишни бошладик. Ҳужум тизиғимиз ажойиб тарзда ташкиллаштирилганди. Агар адашмасам чемпионатда 1974 йилда мен ҳам, Володя Фёдоров ҳам  9 тадан гол киритдик.  Миша Ан эса нафақат голлари, балки ҳужумларни қайтариши билан мақтанса  арзирди.

— “Кайрат” билан баҳслар энг кескин  ўйинларингиздан ҳисобланса керага?

— Ҳа-а-а, бу ҳақиқий курашга айланган эди. Қўшни республика. Бизникилар учун “жонажон қўшниларнинг попугини пасайтириб қўйиш”  муҳим эди. Бу сингари “қарама-қаршиликлар”га билет топа олишнинг ўзи амри маҳол эди. Ўйинлар ҳақиқий аншлаг - нақд 40 минг томошабин стадионни тўлдириб ўтирар эди. Нафақат ушбу баҳсда, умуман Олий лигада “Пахтакор”нинг ўйинларига 35 мингдан кам томошабин йиғилмас эди.

— Совет Армиясига хизмат қилишга ҳам улгурмадингиз...

— Худди шунақа. Олимпия термасидалигимдаёқ Москва клублари мени пойтахтга жалб қилишга ҳаракат қилишарди.  “Динамо”, “Спартак”, “Торпедо” дан ҳам таклифлар жуда кўп тушган, лекин Грецияга — ота-онам ватанига қайтишга қарор қилдим.

Космосдан  тушган миллион

— Грецияга кўчиб кетганлигингиз туфайли Монреалдаги Олимпиада ўйинда қатнаша олмаганингиздан ҳеч афсус чекканмисиз?

 — Ишонишингиз қийин, лекин мен ҳанузгача  СССР ва "Пахтакор"дан кетганимдан афсусланаман. Футбол соҳасида мен жуда кўп нарсани йўқотдим. Майли, ўтган иш ўтди. Ахир кўчаётганимда Грециядаги футболнинг аҳволидан  бехабар эдим. СССР олимпия терма жамоаси билан Монреал ўйинлари учун бўлган саралаш турнирида иштирок этиб, тўрттала баҳсда қўлимиз баланд келди.  Монреалда қатнашиш ҳуқуқига муддатидан олдин эришдик. Кейин эса мен Грецияга кетдим...

— Нима учун сиз айнан маҳаллий “Ираклис” га бордингиз, пойтахтнинг “Олимпиакос”, “Панатинаикос” сингари нуфузли клублари ҳам бор эди-ку?!

— “Олимпиакос” мен билан шартнома тузмоқчи эди. Лекин улар ишни нотўғри олиб боришди. Афинага қайтишим сўралган расмий сўров билан Москвага мурожаат қилишди. Василиснинг миллати грек, бизнинг клубда тўп сурсин деган мазмунда эди у. Бироқ ўша даврларда бундай сўровлар умуман кўриб чиқилмас эди. Грецияга футболчи эмас, балки она юртига қайтаётган муҳожир сифатида бораётган эдим. Қадрдонларим — бувим, онамнинг ака ва сингиллари Салоникада яшашарди, шунинг чун айнан ўша ерга кўчдим. У ерда эса мени  фақатгина “Ираклис” кутиб олиши мумкин эди холос.

— Квартира ва машинага эришишиз қийин бўлмадими?

— Тез орада квартира ва машина беришди. Ўшанда бу нарсалар жуда катта туҳфа ҳисобланарди. Лекин 70-йилларда Грецияда футбол қатъий талабларга бўйсунишга мажбур эди. Ўйинчиларнинг  иш ҳақи ҳавас қилгудек даражада эмас. Шартнома тузилгандаги пулларгагина фойда кўриш мумкин. Бунинг ҳам “лекин”и бор. Клуб билан шартонама тузган футболчи ўз оёқ-қўлини ўзи боғлаб беради гўё. Чунки клуб футболчига нақ 10 йил эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритарди.  

Мен ҳам шу “қопқон”га тушдим. Икки йиллик шартнома туздим. Клубнинг шартномани 10 йилга чўзиш ҳуқуқи борлиги ҳақидаги пунктга қараш хаёлимга ҳам келмабди...

—  “Ираклис” билан судлашишгача борганлигингиз ҳақида гаплар юради...

—1977 йилда судда қўлим баланд келиб, шартномани 5 йилга қисқартиришга эришдим. 80 йилларга келиб,  Грецияда ҳеч ким 10 йиллик шартнома тузмай қўйганди. Судлашиш пайтида роса тавбамга таянганман, СССР фуқаролигидан чиққанимга афсусланганман. Грек фуқаролиги олиш 80-йилдагина насиб қилди. Беш йил кутдим.  Бу вақт мобайнида совет фуқаролиги билан яша туришим мумкин эди, балки Совет Иттифоқи судда менга ёрдам бера олармиди... Лекин “Ираклис” билан шартномани буза олмадим. Клуб апелляцияга тушди ва унда ютиб чиқди.

— Нима сабабдан “Ираклис” сизни Ғарбий Европа клубларидан бирига сотмади? Таклифлар йўқмиди?

— Таклифлар бор эди —  “Штутгарт” ва “Рома”дан. Ҳатто Американинг “Космос” клуби 1976 йилда мен учун миллион доллар таклиф қилган. Афсуски, ихтиёрим ўз қўлимда эмасди.  Лекин мен ўшанда эрким ўзимда эмас эди. Даволаниш учун Лондонда ўтказган икки ой мобайнида “Арсенал” ҳам ҳол-у жонимга қўймади. Тузалгач, “канонир”ларнинг бир неча машғулотларида қатнашдим. Уларга ҳар томонлама мос келардим. Бироқ “Ираклис” мени сотиш ҳақида ўйлашни ҳам истамади, чунки клубнинг молиявий аҳволи менинг ўйинимга қараб қолганди.

— Билетлар тушадиган даромадни назарга тутяпсизми?

— Албатта. “Ираклис”нинг мухлислари сони менгача ва мен келгач кескин фарқ қилган. Мен келгунимга қадар клуб ўйинларини 2-3 минг киши томоша қилган бўлса, менинг иштирокимдаги ўйинларда 15-16 мингтагача билет сотила бошлади. Маҳаллий аҳоли мени яхши кўрар, мени кўришни истарди.

— “Тилла тухум берадиган товуқни сотадиган аҳмоқ йўқ” деган хаёлга боришга бўлишса керак “Ираклис”дагилар...

— Худди шундай. Клуб мухлислари ҳам менинг сотилишимни ҳазм қила олмаган бўлишарди. Агар клуб мени Ғарбий Европага сотиб юборса, бутун клубни остин-устун қилиб, ҳатто клуб президентининг бошини кесишга ҳам тайёр эканликларини айтишган. Ахир менинг қадамим “Ираклис”нинг муваффақиятига йўл очган эди. Менинг биринчи мавсумимдаёқ  Греция Кубогини қўлга киритдик. Финалда “Олимпиакос”ни мағлуб этдик. Бу ўйин кейинчалик Америка ва Австралиядаги грек диаспоралари учун кинотеатрларда намойиш этилган. Ахир биз ҳам арманлардан фарқ қилмаймиз —11 миллион грек Грецияда яшаса, яна 15 миллиони бутун дунё бўйлаб тарқаб кетган.

— Аммо барибир Греция чемпионига айлана олмадингизлар...

— “Ираклис” учун бу мисли кўринмаган ҳодиса эди. Ахир Грециянинг уч “паҳлавон”и  — “Олимпиакос”, “Панатинаикос” ва АЕКни мағлубиятга учратиш  қўл етмас саробдек гап эди-да. Лекин шунга қарамй, 2 марта кетма-кет  1983 ва 1984 йилда бронзани ўзимизники қила олдик. Мен ҳужумда ҳам, ярим ҳимояда ҳам ўйнардим — мақсад, пасларни олдинга ўтказиб олиш.  Менга ҳавас қилиб, жамоамизнинг бошқа аъзолари ҳам “сайқаллана” бошлашди. Уч нафар сафдошимни Греция терма жамоасига таклиф қилишди.   

— Нега Греция футбол федерацияси сизнинг терма жамоада ўйнашингиз учун халқаро ташкилотлар билан талашиб бўлса ҳам курашмади?

— Бу саволга ҳалигача мен ҳам ечим топа олган эмасман. Хуллас, мен чалкашликлар орасида қолиб кетдим. Чунки мен ўша пайтларда СССР миллий термасининг норасмий ўйинларида ҳам тўп сурардим. Бесков жамоага бирлашиш имконим борлигини айтди. Мен улар билан иккита турнирда иштирок этдим. Буларнинг бири Польшада, адашмасам, немис босқинчиларидан озод бўлишганининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилди. У ерда фақат польяклар, руминлар, болгарлар ва руслар иштирок этди.  Бир неча ойдан кейин Греция терма жамоаси таркибида ўртоқлик учрашувида иштирок этдим. Биз .... Польшага қарши ўйнашимиз керак эди. Поляклар мени дарров таниб олишди. Можаролар юзага келди. Шундан сўнг ФИФА Греция термасида ўйнашимни таъқиқлаб қўйди.  

— Ҳавас қилса арзигулик фаолиятингиздан 1984 йилда жаҳон термаси таркибидаги ўйин ҳам ўрин эгаллайди. Сизни таклиф қилишганда ҳайратга тушганмисиз?

— Хурсандлигимнинг чеки йўқ эди. Ўйин АҚШда бўлиб ўтди. Жаҳон  терма жамоасига қарши Нью Йоркнинг “Космос”и чиқди. Мен билан жамоада Франц Беккенбауэр, Марио Кемпес, Кевин Киган, Питер Шилтон ҳамроҳ бўлдилар. Ўйин якунига 35 дақиқа қолганда мен ва Паоло Футре майдонга тушдик.  Гап шундаки, Америкада грекларнинг каттагина диаспораси яшайди. Грециядан кимни вакил қилиб олиш масаласи кўтарилганда улар “Хадзипанагис”, деб даъват қилишган. Вася ўйинда иштирок этса, 20 мингта билетни грекларнинг ўзи сотиб олшини ваъда қилишган. Шундай бўлди ҳам. Ўшанда шарҳловчи ҳам менинг Совет ерида туғилиб, Тошкент “Пахтакор”ида тўп сурганимни айтиб ўтган эди.

— Жаҳон терма жамоа таркибидаги ўйинингиз учун берилган гонорар сизни қониқтирдими?

— Уч минг доллар олгандим. Бу, албатта, ёмон эмас. Ахир бу кўргазмали учрашув эди, ундан тушган  маблағ хайрия учун сарфланди.Мен учун муҳими, 20 минг грек аҳолиси жунбушга келиб, менинг номимни тилга олиб ҳайқиришди — бундаги ҳиссиётни таърифлаш қийин.

Диплом олиш учун 18 йил

— 1991 йилда 37 ёшингизда ўз карьерангизни тамомладингиз. “Ираклис” сиз билан тантанали равишда хайрлашди. Буларнинг барчасидан кейин ҳам клубдан хафагарчилигингиз ниҳоясига етмадими?

— Хафа бўлгандан нима наф? Мени бутун греция халқи севади. Ҳозир эса клуб қошида 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун академия туздим. Бу бизларнинг ҳамкорликдаги дастуримиз ҳисобланади. Хайрлашув  маросими  чиндан ҳам жуда тантанавор ўтди. “Ираклис”га қарши Греция термасининг ҳамда легионерларинг энг сара ўйинчилари тўпланган эди. Менга қарши ўша пайтда “Олимпиакос” таркибида бўлган Олег Протасов, Геннадий Литовченко ва Юрий Савичев майдонга чиққанди. Биринчи ўйин учун Салоникига келишди, лекин кучли жала туфайли ўйин қолдирилди. Икки ҳафтадан кейинга қолдирилган ўйинга эса негадир улар кела олишмади.

— Нега Олег Протасовга “Ираклис”ни “тарбиялаш” насиб қилмади?

— Шунчаки унинг омади чопмади. “Ираклис” ўша дамда қора дамларни бошдан кечира бошлади, кетма-кет мағлубиятлар... Қарабсизки, Протасов истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Мен у билан бу масалада гаплашган эдим, фикримча, агар унга яна озгина фурсат берилганда, жамоани “ёруғликка” олиб чиқа оларди.

— Ўз вақтида “Ираклис”да ўйнаган голкипер Войцех Ковалевский га қандай баҳо берасиз?

— Шак-шубҳасиз, у яхши дарвозабон.

— Ҳозирги кунда “Ираклис”нинг бюджети қанча?

— Унчалик кўп эмас, беш миллион евро атрофида.

— Яна бир “совет греки” “Кайрат”нинг собиқ ҳужумчиси Евстафий Пехлевадини билан хабарлашиб турасизми?

— Афсуски, йўқ. У билан алоқани йўқотиб қўйганман. Афинада яшаб, ҳаваскорлар жамоасида мураббийлик қилаётганидан хабарим бор. ПАОКда ўйнаганида Омари Тетрадзе билан кўришиб турардим.

— Охирги маротаба қачон Ўзбекистонда бўлдингиз?

— 1990 йилда. Ўшанда мамллакат ҳали  СССР таркибида эди. Шундан кейин у ерларга бориш насиб қилмади. Лекин Тошкентга бориш ниятим ҳали ҳам бор. У ердаги ҳамма нарсани соғинганман... Айтганча, Тошкент жисмоний тарбия институтини 1990 йилга келибгина битиришга мушарраф бўлдим. 15 йил олдин Салоникига кетганимда 3 босқичда талабаси эдим. Дипломни қўлга киритишим учун 18 йил керак бўлди.

— Греция энди қайтган пайтларингизда “Пахтакор”даги сафдошларингиз билан алоқада бўлганмисиз?

— 1990 йилгачаТошкентга ҳар йили келиб турардим. Қадрдон дўстларим билан кўришиб, “грекча” ҳаётим ҳақида сўзлаб берардим.

— Тақдир тақазоси билан 1979 йилда “Пахтакор”нинг Днепропетровскдаги ҳалокатида сиз ҳам бўлишингиз мумкин эди...

— Бу хабарни ҳазм қилиш мен учун қийин бўлган. У ерда ахир менинг барча дўстларим бор эди.... Кўникишим жуда қийин бўлган....

— Ҳозирда сиз ўз академиянгизни ташкил қилгансиз. Бунгача нима билан шуғулландингиз?

— Футболдаги фаол  иштироким  ниҳоясига етса-да, футболдан йироқлашмадим. 3 йил давомида Греция футбол федерациясида фаолият олиб бордим. Мамлакатнинг шимолий қисмида иқтидорли ёшларни излашга киришдим. Мақсад — мамлакат ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари учун истеъдодларни кашф этиш. Шартнома муддати якунлангач академия ишларига шўнғиб кетдим.


Василис Хадзипанагис

1954 йил 26 октябрда Тошкентда таваллуд топган. Собиқ Совет Иттифоқи ва грек футболчиси, ярим ҳимоячи ва ҳужумчи. 1972—1975 йилларда “Пахтакор”,  1975— 1991 йилларда “Ираклис”  жамоалари шаънини ҳимоя қилган.

СССР  олимпия терма жамоаси таркибида  4 та ўйин ўтказиб, битта голга муаллифлик қилган. СССР чемпионати Олий лигасида 77 та ўйинда қатнашиб, 18 та гол киритган.

Греция чемпионатида 281 та ўйинда иштирок этиб, 62 та гол соҳиби бўлган. Греция кубоги соҳиби(1976),  Грециянинг энг зўр футболчиси  (1983) ва Грециянинг сўнгги  50 йил ичидаги энг зўр футболичиси (2004).

Манба: MOLDOVA.sports.md

Саодат Абдураҳмонова таржимаси

 

Ўхшаш хабарлар