Водий футболини тиклаш лойиҳаси бўйича катта гуруҳ Фарғонада

606

Водий футболини тиклаш лойиҳаси бўйича катта гуруҳ Фарғонада

Хабарингиз бор, ўтган йилнинг октябрь ойида ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов томонидан "Олтин водий" лойиҳаси тасдиқланган эди.

Лойиҳадан мақсад водий футболи савиясини яна аввалги мавқеига олиб чиқиш, ҳудуддаги "Нефтчи", "Навбаҳор", "Андижон" ва "Қўқон-1912" каби ўз тарихига эга жамоаларни Суперлигада тутган ўрнини мустаҳкамлаш, унда асосий эътибор болалар футболига қаратилади. Айнан болалар футболида йўл қўйилган камчиликлар натижасида бугунга келиб водийда янги-янги Мирхолдиршоев, Исоқов ёки Ҳамидуллаев каби топ футболчиларни кўрмай қўйдик. "Олтин водий" лойиҳаси ўз ичига ҳудудий федерацияларни қамраб олган ҳолда, бевосита ЎФФ томонидан назорат қилинади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Шу муносабат билан, бугун ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов томонидан тузилган катта ишчи гуруҳининг Фарғонага ташрифи кутилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибида ЎФФнинг барча бошқармалари раҳбарлари жой олган бўлиб, 11-12 январь кунлари ҳудуд футболи яна бир бор кўздан кечирилади.

Эртага "Нефтчи" жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган "Истиқлол" стадионида Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти футбол федерацияларининг биринчи Вице-президентлари, Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг бошлиқлари, Суперлига, Про-лигада иштирок этувчи клубларнинг болалар ва ўсмирлар футболига маъсул шахслари, Олимпия захиралари спорт коллежи ҳамда футбол интернатининг директорлари иштирокида "Олтин водий" лойиҳасининг структураси ва бажарилиши керак бўлган ишлар ҳақида йиғилиш бўлиб ўтади.

"Олтин водий" лойиҳаси асосида водий жамоаларини қамраб олган Водий лигаси, U-18 ва U-16 жамоалари ўртасида водий биринчилиги, 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида водий чемпионлар лигаси каби мусобақаларнинг йўлга қўйилиши жиддий назорат қилинади.

Режага кўра, ҳудудий терма жамоаларни шакиллантирган ҳолда, водийда ҳам ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги халқаро ўртоқлик ўйинларини ташкил қилинади. Ўзбекистон кубоги - 2018 финалининг мезбони сифатида Фарғона шаҳри кўрсатилиши ҳам "Олтин водий" лойиҳаси режаси асосида тасдиқланган эди.

Лойиҳанинг энг катта ишларидан бири, 2018 йил спорт коллежи (2005 йилда таваллуд топган футболчилар) ва вилоятдаги футбол интернатларига (2007 йилда таваллуд топган футболчилар) кириш имтиҳонларини шаффоф ўтказиш, у ерга ҳудуддаги энг яхши футболчиларни танлов асосида танлаб олиш бўлади. Айнан шу лойиҳа 2017 йил 2004 йилда таваллуд топган футболчилар ўртасида Одил Аҳмедов томонидан амалга оширилган эди.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.