WSB турнири ҳақида батафсил ёхуд UZBEK TIGERS боксчиларининг гуруҳдан чиқиш имконияти қандай?

 

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) – Бутунжаҳон бокс сериялари спорт оламининг энг нуфузли мусобақалари қаторига қўшилди.

2008 йилдан буён ўтказиб келинаётган бу чемпионат ярим профессионал миқёсдаги жамоавий турнирдир. Унда иштирокчи давлатлар ўзларининг энг кучли боксчиларини бир жамоа сифатида мусобақага қўяди. WSB турнирида ўз мамлакати жамоаси бўлмаган боксчиларга бошқа иштирокчилар сафида легионер бокс сифатида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Бутунжаҳон бокс сериялари мусобақаси ташкилотчилари 2017 йилда бошланган VII мавсум олдидан регламентга айрим ўзгартиришларни киритди. Унга кўра, ҳакамлар сони олтитадан тўртта қисқартирилди, турнирда профессионал боксчиларнинг иштирок этишига рухсат этилди, легионер босчиларни рўйхатдан ўтказишдаги чекловлар бекор қилинди ва битта учрашувда жамоа шарафини ҳимоя қилаётган беш иштирокчидан камида иккитаси маҳаллий  боксчи бўлиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, гуруҳлар минтақаларга бўлинган ҳолда тузиладиган бўлди.

Бу йилги мусобақада 12 та жамоа уч минтақавий гуруҳга бўлган ҳолда беллашувларга киришди.

“А” гуруҳидан Америка қитъаси жамоалари - COLOMBIA HEROICOS, CUBA DOMADORES, CACIQUES VENEZUELA, ARGENTINA CONDORS ўрин олди.

“В” гуруҳини Европа ва Африка қитъаси вакиллари - ITALIA THUNDER, BRITISH LIONHEARTS, FRANCE FIGHTING ROOSTERS, MOROCCO ATLAS LIONS жамоалари ташкил қилди.

“С” гуруҳига Европа ва Осиё мамлакатлари жамоалари  - ASTANA ARLANS KAZAKHSTAN, PATRIOT BOXING TEAM, CHINA DRAGONS ва  UZBEK TIGERS боксчилари киритилди.

VII мавсум баҳсларида жамоаларнинг ҳар бирида боксчилар 10 тадан вазнда жанг ўтказади. Ўз навбатида вазн тоифалар бўйича жамоа таркиби иккига бўлинади.

С1 категориясидаги беллашувларда 49 кг,  56 кг, 64 кг,  75 кг, 91 кг вазн тоифасидаги боксчилар қатнашади.

С2 категориясидаги жангларга оғирлиги 52 кг, 60 кг, 69 кг, 81 кг +91 кг бўлган боксчилар жалб қилинади.

Иштирокчи жамоалар мусобақани гуруҳ беллашувларидан бошлайдилар. Ҳар бир гуруҳда икки даврали тизимда учрашувлар ўтказилади. Уй-сафар тизимида жамоалар бир бирига қарши иккитадан учрашув ўтказади ва бу икки беллашувда ўнта вазн тоифасидаги боксчиларнинг барчаси рингга чиқиши керак. Яъни бир учрашувда С1 категориясидаги вазн тоифалари бўйича жанг ўтказилса, иккинчи даврада С2 категорияси вакиллари рингга чиқади.

WSB турнирининг гуруҳдаги ва плей-офф босқичидаги учрашувлари уч дақиқадан беш раунд давом этади.

Гуруҳ баҳсларида 5:0, 4:1, 3:0, 2:0, 1:0 натижалари қайд этилса, ғолиб жамоа уч очко олади. Мағлуб томонга очко берилмайди.

Натижа 3:2, 3:1, 2:1 кўринишида бўлса, ғолиб жамоа уч, мағлуб жамоа бир очко билан тақдирланади. Агар мағлуб томон боксчиси рингга чиқмаса ҳисобдаги фарқ қандай бўлишидан қатъий назар мағлуб томонга очко берилмайди.

Учрашувда дуранг натижа қайд этилган тақдирда, томонлар иккитадан очкони қўлга киритади.

Ҳар бир гуруҳдан дастлабки икки поғонани эгаллаган жамоалар ва уч гуруҳ орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган икки жамоа – жами саккизта жамоа плей-офф босқичида беллашади.

Айни пайтда WSB турнирининг VII мавсуми иштирокчилари биринчи давра баҳсларини якунлашди. Учинчи турнинг сўнгги учрашувлари 8-9 март кунларии “В” гуруҳи вакиллари ўртасида ўтказилди.

Энди эътиборни гуруҳлардаги вазиятга қаратамиз.

“А” гуруҳида COLOMBIA HEROICOS  жамоаси учта учрашувда ғалаба қозонган ҳолда тўққиз очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Кейинги ўринда турган амалдаги чемпион – CUBA DOMADORES  иккита ғалаба ва битта кичик ҳисобдаги мағлубият билан етти очко жамғарди. Гуруҳ баҳсларида бир марта зафар қучган CACIQUES VENEZUELA ҳисобида уч очко бор. Барча учрашувларни бой берган бўлса-да, бир очко жамғаришга эришган  ARGENTINA CONDORS сўнгги поғонада турибди.

“ A” гуруҳи

Жамоа

очко

ютуқ

мағлубият

дуранг

1

COLOMBIA HEROICOS 

9

3

0

0

2

CUBA DOMADORES 

7

2

1

0

3

CACIQUES VENEZUELA 

3

1

2

0

4

ARGENTINA CONDORS 

1

0

3

0

 

Дастлабки босқич якунларига кўра, учта учрашув доирасидаги  жангларда энг кўп ғалаба қозонган  жамоа Куба вакилларидир. Кубаликлар 15 та жангдан 12 тасини ўз фойдасига ҳал қилган. Бу борада колубияликлар 11 ғалаба билан иккинчи, венесуэлаликлар 4 ютуқ билан учинчи кўрсаткични қайд этган. Гуруҳ аутсайдери – Аргентина боксчилари умумий ҳисобда учта жангни ўз фойдасига ҳал қилган.

“В” гуруҳида учинчи тур олдидан  ITALIA THUNDER жамоаси кетма-кет икки ғалабадан сўнг юз фоизлик натижа билан пешқадамлик қилаётган эди. Бироқ, италияликлар сўнгги учрашувда FRANCE FIGHTING ROOSTERS  майдонида 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради ва учинчи ўринга тушиб кетди. BRITISH LIONHEARTS  боксчилари эса MOROCCO ATLAS LIONS вакилларини 5:0 ҳисобида енгиб, биринчи ўринга кўтарилди. Бироқ Европанинг ҳар учала жамоасида очколар бўйича кўрсаткичлар бир хил. Европаликларга етарлича қаршилик кўрсатолмаётган Марокаш шерлари жорий мавсумнинг энг заиф жамоаси бўлиб қолмоқда.

 “В” гуруҳи

Жамоа

очко

ютуқ

мағлубият

дуранг

1

BRITISH LIONHEARTS 

7

2

1

0

2

FRANCE FIGHTING ROOSTERS

7

2

1

0

3

ITALIA THUNDER

7

2

1

0

4

MOROCCO ATLAS LIONS 

1

0

3

0

 

Учта учрашувда ўтказилган ўн бештадан жанг натижасига кўра, британияликлар ўнта, францияликлар тўққизта ва италияликлар саккизта жангда зафар қучган. Марокашликлар учта жангни ўз фойдасига ҳал қилди.

“С” гуруҳи бу йилги мавсумда энг кучли, деб эътироф этилмоқда. Бу гуруҳдан жаҳон боксида етакчилик қилаётган мамлакатлар жамоалари ўрин олган.

Мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган UZBEK TIGERS жамоаси учинчи тур баҳсида ҳақиқий кучини кўрсатди. "Ўзбек йўлбарслари"нинг ўз мухлислари кўз ўнгида Россиянинг PATRIOT BOXING TEAM жамоасига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Жамоамиз таркибида рингга чиққан Абдулҳай Шораҳматов, Элнур Абдураимов, Исроил Мадримов, Зуҳриддин Маҳкамов ва Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов россиялик кучли боксчиларни катта устунлик билан енгди.

Учинчи тур якунларига кўра, бир марта сафарда ва икки бор ўз майдонида зафар қучган ASTANA ARLANS KAZAKHSTAN  9 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Россиялик боксчилар UZBEK TIGERS  жамоаси аъзоларидан қабул қилинган қақшатқич мағлубиятдан сўнг тўрт очко билан иккинчи ўринда турибди.

Биринчи турда тасодиф туфайли жамоамизни мағлуб этган CHINA DRAGONS  боксчилари аввалига ўз уйида россияликларга, кейин сафарда қозоғистонликларга мағлуб бўлди ва биринчи турда қўлга киритилган уч очко билан қолиб кетди.

Жамоа

очко

ютуқ

мағлубият

дуранг

1

ASTANA ARLANS KAZAKHSTAN   

9

3

0

0

2

PATRIOT BOXING TEAM 

4

1

2

0

3

CHINA DRAGONS 

3

1

2

0

4

UZBEK TIGERS 

3

1

2

0

 

Ниҳоят UZBEK TIGERS  дастлабки уч очкосини қўлга киритди. Гарчи ҳамюртларимиз ҳозирча сўнгги поғонада турган бўлса-да, гуруҳда юқори кўтарилиш учун яхши имкониятга эга. Чунки ғалаба қозонилган жанглар сони бўйича ўзбек боксчилар гуруҳда иккинчи ўринни қайд этмоқда. Биринчи поғонада турган қозоғистонликлар ушбу мавсумда жами 12 та жангда зафар қучди. Бу кўрсаткич UZBEK TIGERS  вакилларида саккизта, россияликларда олтита ва "Хитой аждарлари"да тўрттани ташкил қилмоқда.

Кўпчиликни UZBEK TIGERS жамоасининг гуруҳдан чиқиш имкониятлари қизиқтиради. Гуруҳлардаги вазиятларга назар солсак, боксчиларимизда плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш учун имкониятлари етарли. Гуруҳда учта жамоа биттадан жангда зафар қучган. Бу борада асосий рақобатчилар очколар ҳисобида илгарилаб кетгани йўқ. Жанглардаги ғалабалар сони бўйича ҳамюртларимиз Россия ва Хитой вакилларидан олдинда.

Бундан ташқари UZBEK TIGERS  кейинги иккита жангни ўз майдонида ўтказади. Ҳамюртларимиз 18 март куни  CHINA DRAGONS  жамоасини, 1 апрелда эса гуруҳ пешқадами ASTANA ARLANS KAZAKHSTAN боксчиларини қабул қилади. Барча мухлису мутахассисларимиз бўлажак жангларда "ўзбек йўлбарслари"нинг ғалабасига ишонмоқда. Чунки боксчиларимиз адолат нуқтаи назаридан олиб қараганда, хитойлик рақибларидан ҳақиқатан кучли, қозоғистонликлар эса ўтган йили Тошкентда 4:1 ҳисобида мағлуб этилган ва бу жамоа ҳам енгилмас эмас.

Қолаверса, ўзбекистонлик боксчилар 21 апрель куни Россияда ўтказиладиган сўнгги жангда ҳам ғалаба қозониш имконига эга. Ҳамюртларимиз ўтган йили Россияда бу ишни бир бор амалга оширган ва иккинчи маротаба ҳам буни уддаласа бўлади.

Умумий хулоса сифатида WSB турнирининг бу галги мавсумида деярли ҳар бир жамоа кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб турибди. Бу омил мусобақанинг гуруҳ босқичларида иккинчи давра учрашувлари кескин ва муросасиз ўтишини таъминлайди.

Ўз навбатида UZBEK TIGERS боксчиларининг салоҳияти мухлису мутахассисларда бу жамоа юқори ўринлар учун кураша олишига ишонч уйғотмоқда.

 

 

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!