Хитой дунё футболини қандай забт этмоқда?
4 февраль, 21:23 | 484

Барчамизга маълум бугунги кунда Хитой ҳукумати мамлакатда футбол соҳасини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда Хитой клублари трансфер бозорида кучли бешлик чемпионатида иштирок этувчи жамоалар билан бемалол рақобатлашмоқда. Ўтган йилги трансфер мавсумида “Чин ўлкаси” вакиллари футболчилар учун пул сарфлашда АПЛни ортда қолдириб дунёнинг энг серхаражат чемпионатига айланган бўлса, нуфузи жиҳатдан Супер Лигадан кейинги ўринни эгалллаб турувчи Хитой биринчи лигаси кучли бешликдаги баъзи чемпионатларни ортда қолдиришга эришди.

Албатта, Хитой клубларининг футболчиларни сотиб олиши борасида жуда кўп гапирилди. Шу сабаб, биз мавзуга бироз бошқача ёндашган ҳолда, ушбу мамлакат футболи инвесторларининг Европани қандай забт этаётганликлари борасида суҳбатлашамиз.

Хитойда футболнинг бу қадар жадал ривож топиб бораётганлиги чемпионатларга олиб келинаётган кучли легионерлар билангина боғланиб қолмаган. Мамлакатда спортнинг бу турига эътибор қаратиш орқали катта имтиёзларга эга бўлаётган компаниялар Европадан футболчи сотиб олиш билан биргаликда, кучли бешлик таснифига кирувчи ва бошқа чемпионатлардаги баъзи клубларни ҳам тўлалигича ёки бир қисмини сотиб олишмоқда. Бу эса мамлакат футболида ички базанинг ривожлантириши билан биргаликда чет эл тажрибасининг қўлланишига хизмат қилмоқда. Қуйида эътиборингизга хитойликлар томонидан тасарруф этилаётган ана шундай жамоаларни ҳавола этамиз.

Италия (“Милан”, “Интер”)

Милан шаҳрининг фахрига айланган ҳар иккала жамоа бугунги кунда хитойликларга тегишли эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Чакана савдо бўйича гигант компаниялардан бири бўлган Suning Holdings Group ўтган ёзда “Интер”нинг 68,5 фоиз акциясини харид қилди. Шунингдек, жамоани узоқ йиллардан буён бошқариб келаётган президент Массимо Моратти ўз акцияларини бутунлигича, янги ҳамкорларига ўтказиб берди. 

Хитойлик инвесторлар “Интер”ни янада кучли ва “интернационал” қилиш мақсадида эканлигини эълон қилишди. “Нерадзуррилар” ёзда 150 млн. евро эвазига янги футболчиларни харид қилишди ва мавсум старти муваффақиятсиз бошлангач, жамоа бош мураббийини ўз лавозимидан озод қилишди. Айни пайтда клуб 9 та ўйинлик ғалабали серияни давом эттирган ҳолда, Чемпионлар Лигасига йўлланма берувчи ўринлардан бирига даъвогарлик қилмоқда.

Шунингдек, “Сан-Сиро” бошқача атаганда, “Жузеппе Меацца” стадиони эгаларидан бири “Милан”нинг тақдири ҳам ҳаммайдонлариникига ўхшаб кетади. Фақат биргина фарқи, Хитойнинг  Sino Europe Sports Group компанияси “Милан”нинг 99 фоизлик акциялар пакетини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шу вақтга қадар келишувнинг якунланиш муддати икки маротаба ўзгарди, ушбу жараён эса Берлусконининг ҳисоб рақамини 200 млн. еврога бойитди. Баъзи манбаларда осиёликларнинг сохта ҳужжатлардан фойдаланганликлари тўғрисида ҳам хабарлар “урчиди”, аммо бунинг қанчалик асосли экани бизга қорнғу. Сўнгги маълумотларга қараганда, ушбу “тортишувлар” жорий йилнинг 3 мартида ўз ниҳоясига етади.

Англия (“Вест Бромвич”, “Астон Вилла”, “Саутгемптон”, “Вулверхэмптон”, “Бирмингем”, “Манчестер Сити”)

Юқорида қайд этиб ўтганимиздек, “Чин юрти” вакиллари футбол оламини ўз қўллари остига олиш йўлида Англия футболини ҳам четлаб ўтишмаяпти. Бу борада айтиш мумкинки, улар жуда кенг кўламли иш олиб боришмоқда.

Фикримизнинг далили сифатида дастлаб, Англия Премьер Лигасининг иштирокчиларидан бири “Вест Бромвич” клубига тўхталиб ўтамиз. Гуочан Лай бошчилигидаги инвесторлар гуруҳи сентябрь ойида ушбу жамоани 2,8 миллион доллар эвазига харид қилди. Шунингдек, Хитойда стадионлар қуриш билан шуғулланувчи Lander Sports Development компанияси бу борада жонбозлик кўрсатиб, “Саутгемптон”ни ўз тассаруффига ўтказиб олиши мумкин. Сўнгги хабарларга қараганда, клуб раҳбарияти ҳозирча, бу борада 180 миллион фунтлик таклифга рад жавобини беришган ва ушбу келишувни 270 миллионга баҳолашмоқда.

Хитойлик тадбиркорлар Премьер Лига жамоалари билан биргаликда чемпионшип вакилларини ҳам ўз тасарруфларига киритишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, Гарвард ва Оксфорд университетларидаи таҳсил олган хитойлик тадбиркор Тони Ся ўтган мавсумда қуйи дивизионга равона бўлган “Астон Вилла” жамоасини 76 млн. фунтга харид қилди. Аммо, тадбиркорнинг клуб трансферлари учун 60 миллион евро сарфлаганига қарамасдан, “Астон Вилла” мусобақа жадвалида 13-ўринни банд этиб турибди. Айтганча, сўнгги малумотларга қараганда, Ся университет дипломини сохталаштиришда, компания эса фирибгарлик билан боғлиқ ишда гумон қилинаётганлиги борасида хабарлар тарқалди.

Хитойнинг яна бир компанияларидан бири  Fosun International ўтган йилнинг ёзида “Вулверхэмптон” клубини 45 млн. фунт  эвазига харид қилди. Хитойликлар шунингдек, кейинги икки йил давомида клуб учун 30 млн. фунт сарфлашни ўз зиммаларига олишди. Ушбу харид борасида ҳам орада бир қанча саволлар вужудга келди. Хусусан, компаниянинг 20 фоиз акциясини Жорже Мендешга тегишли бўлган Gestifute компанияси назорат қилади. Ёзги трансферлар мавсумида Мендешнинг мижозларидан бири Иван Кавалейру Англия клуби тарихидаги энг қиммат футболчига айланган ҳолда, 7 млн. эвазига “бўрилар” кўчиб ўтди. Бу трансфер эса орада анча гап-сўзларга сабаб бўлганини қайд этиш жоиз. Умуман олганда, хитойликларнинг сармояси орқали клубга жами 14 футболчи жалб этилган.

Кузда Хитойнинг Trillion Trophy Asia компанияси “Бирмингем”нинг назорат пакетларини ҳам харид қилди. Компаниянинг аввалги раиси, гонгконглик бизнесмен Карсон Ен айни пайтда пулни ноқонуний сохалаштиргани учун ҳибсга олинган.

Шунингдек, хитойликларга қарашли бўлган China Media Capital Holdings компанияси “Манчестер Сити”га эгалик қилувчи City Football Groupнинг 13 фоиз акциясига эгалик қилади.

Испания (Атлетико, Эспаньол, Гранада)

Ўтган қишда Хитойнинг Wanda Group девелоперлик компанияси “Атлетико”нинг 20 фоизлик акциялар пакетини харид қилди. Хитойнинг энг бой кишиларидан бири ҳисобланган Ван Жианьлинь ушбу харид учун 45 млн. евро сарфлади ва баҳонада мадридликлар ўз қарзларининг катта қисмини қоплашга муваффақ бўлишди. Жианьлинь клубга янги юлдузларни олиб келишни мўлжалламкасдан, балки “Атлетико” акдемиясида Хитой футболи келажагининг янги юлдузларини етиштиришни мўлжалламоқда.

Испаниянинг яна бир жамоаси бўлган “Эспаньоль” акцияларининг назорат пакетини ҳам айнан хитойлик тадбиркорларга тегишли бўлган Rastar Group компанияси ўз қўлига олган. Клубнинг янги эгалари жамоанинг қарзларни қоплашга ва  Европа Чемпионлар Лигасига олиб чиқишга ваъда беришган.

Шу билан биргаликда Ла Лиганинг ўратмиёна жамоаларидан бири бўлган “Гранада” ҳам осиёлик Жянью Лижангуга қарашли.

Маълумот ўрнида, Франциянинг “Лион”, “Ницца”, “Осер” каби жамоалари ва Европанинг бошқа клублари ҳам “Чин юрти” вакилларига қарашли ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, 2030 йилги Жаҳон чемпионатига ҳозирдан даъвогарлик ққилаётган Хитой ҳозирдан ушбу натижа учун тамал тошини қўйишни бошлаб юборган. Зеро, олдинда “футбол мамлакати”га айланиш мақсади ҳам бор...  

Баҳодир ҲАСАНОВ

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002