Хуршид Норматов: Энг яқин дўстим - Ҳасанбой Дўсматов!

  • 14 апрель, 2017, 00:05
  • 0
  • Бокс

 

Бокс бўйича мамлакатимизнинг энг маҳоратли чарм қўлқоп усталаридан бири Хуршид Норматов бугунги кунда профессионал фаолиятини АҚШда олиб бормоқда. Мутахассислар бу спортчимизнинг салоҳиятини ва имкониятларини юқори баҳоламоқда.

SPORTS.uz ахборот портали Хуршид Норматовга саволлар билан мурожаат қилди.

- Хуршид, бугун кўпчилик ҳавас қиладиган боксчига айлангансиз. Бу даражага етишингизга ишонармидингиз?

- Албатта, спортчи сифатида мухлислар эътиборини қозониш ҳамма қатори менга ҳам ёқади. Боксда шу даражага етишишимда энг аввало оилам ва устозларимнинг ҳиссаси катта. Қолаверса, чин дилдан қилинган меҳнат ўз самарасини беришига ишонардим. Мен учун яқинларим ва устозларим ишончини оқлаш биринчи ўринда туради.

- Бокс сизга “оғирлик” қилган дамлар бўлганми?

- Ҳа. 2012 йили елкамдан жиддий жароҳат олдим. Натижада жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлдим. Бу қийин ва мураккаб вазият эди. Боксдан кетишим ҳам мумкин эди. Лекин оилам ва устозларимнинг қўллаб-қувватлаши туфайли яна рингга қайтдим.

- Қайси боксчиларга ҳавас қилгансиз?

- Мен Ўткир Ҳайдаров, Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Руслан Чагаев иштирокидаги жангларни кўриб улғайдим. Уларга чин дилдан ҳавас қиламан. Улардан ўрганадиган нарсаларимиз жуда кўп.

- Бугунги кунда рингга чиқаётган боксчилар орасида сиз учун ким намуна бўла олади?

- Менга Геннадий Головкиннинг жанг усули ёқади. У енгилмас боксчи. Бир неча чемпионлик камарига эгалик қилади. Шундай бўлса-да, оғир-босиқ, ўзини тутиши ва муомаласи яхши йигит.

- Сиз учун ноқулай рақиб ким?

- Ҳозирча бунақа боксчига рўбарў келганим йўқ. Лекин профессионал боксдаги фаолиятим давомида албатта кучли боксчиларга қарши жанг қиладиган вақтлар келишига ишонаман.

- Боксчи усун энг муҳим хислатлар қайси?

- Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Ҳар ким ўз имкониятларидан келиб чиқиб жанг қилади. Менимча, рингда ҳамма нарса боксчининг ўзига боғлиқ бўлади.

- Ютқазишдан қўрқсмайсизми?

- Боксда ҳар нима бўлиши мумкин. Шунга боксчи жангга доимо тайёр ҳолда чиқади. Мен ҳам шунга амал қиламан. Ҳар бир рақибимга ҳурмат билан муносабатда бўламан. Ютқазиш эҳтимоли менга босим ўтказмайди.

- Бошқа боксчилар билан қандай муносабатдасиз?

- Мен бошқа боксчилар менга фақатгина рингда рақиб, деган фикрдаман. Рингдан ташқарида, мен билан жанг қилган рақиб билан ҳам дўстлашишим мумкин. Бугунги кунда, менинг ўзимга энг яқин дўст деб, Ҳасанбой Дўсматов ва Шаҳрам Ғиёсовни айта оламан. Америкада эса Маркус Браун билан дўстона алоқамиз бор.

- Армон ва орзуларингиз борми?

- Армоним йўқ. Ҳали ёшман ва ўз олдимга қўйган мақсадларим учун курашишга имкониятим ҳам, вақтим ҳам бор. Профессионал боксчи сифатида жаҳон чемпиони бўлишни орзу қиламан. Қолганини эса вақт кўрсатади.

Хуршид, суҳбат учун раҳмат. Мақсадларингиз амалга ошишига тилакдошмиз!

SPORTS.uz ахборот порталининг ушбу суҳбатни уюштиришида инстаграмдаги UZSPORT_no1 саҳифаси кўмаклашди.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!