Ёш шахматчиларимиз жаҳон чемпионатида саккиз медаль жамғарди

13 декабрь, 10:15 447

 
Ўзбекистоннинг ёш шахматчилари Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.
 
Бугун ўзбек шахматчилари барча нуфузли мусобақалар – қитъа ва жаҳон чемпионатлари, жаҳон шахмат олимпиадаси, Осиё ўйинларида мунтазам юқори ўринларни эгаллаб, мамлакатимизда вояга етаётган авлод дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини амалда исботлаб келмоқда.
 
Жаҳон чемпионати доирасида ташкил этилган блиц – тезкор шахмат мусобақасида иқтидорли шахматчиларимиз – ФИДЕ устаси Нодирбек Абдусатторов олтин ва Нодирбек Ёқуббоев бронза медални қўлга киритгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
 
Улар чемпионатнинг стандарт шахмат бўйича баҳсларида ҳам совриндорлар қаторидан жой олди.
 
Жумладан, Нодирбек Абдусатторов ўн уч ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда россиялик Никита Стяжкин, Руслан Муртазин, туркиялик Жан Хактан Унат, жамоадоши Суҳробжон Авалбоев, қозоғистонлик Казибек Ногербек, руминиялик Богдан-Эмануэль Давид ва ҳиндистонлик Ришаб Шоҳни енгиб, Шри-Ланка шахматчилари – Ранинду Дилшан Лиянаже ва Тилакартне билан дуранг ўйнади. Тўққиз партиянинг биронтасида мағлубиятга учрамаган шахматчимиз саккиз очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
 
Нодирбек Ёқуббоев эса ўн беш ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда тўққиз имкониятдан етти очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллади.
 
Етти ёшгача қизлар ўртасидаги баҳсларда Афрўза Ҳамдамова 7,5 очко билан олтин, Одина Олимова 6,5 очко билан кумуш медалга сазовор бўлди.
 
Шу ёшдаги ўғил болалар ўртасида Ҳумоюн Бегмуродов тўққиз партиянинг еттитасида ғалаба қозониб, учинчи ўринни эгаллади.
 
Ўн бир ёшгача ўғил болалар ўртасида Жавоҳир Синдоров тўққиз имкониятдан етти очко жамғариб, кумуш медаль билан тақдирланди.