Ёшлар лигаси. "Насаф" сафарда "Динамо"ни мағлуб этишди

12 май, 20:10 196

Ёшлар лигаси.

Бугун ёшлар лигаси 10-тур доирасидаги “Динамо” – “Насаф” учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида майдон эгалари бироз фаолроқ кўринишсада, устунликни ўзлари томонга оғдира олишмади. Биринчи бўлим деярли тенг курашлар остида кечди. Гол уриш учун имконият кўпроқ ёшларимиз томонида бўлди. Аммо дарвозани ишғол қилиш ҳеч кимга насиб этмади.  

Иккинчи бўлимда “Динамо” жамоаси мураббийлари таркибда бир қанча ўзгаришлар қилди. Лекин иккинчи бўлимда майдонга тушган футболчилар ўйинни кучайтира олишмади. Аксинча ёшларимиз биринчи бўлимга қараганда, иккинчи бўлимда анча мазмунли ўйин намойиш этишди. Улар тез-тез ҳужумлар уюштиришиб, рақиб дарвозасига хавф туғдириб туришди.

Иккинчи бўлимда ҳам футболчиларимиз кўплаб  голли вазиятлар ярата олишди. Аммо уларда дарвозани аниқ нишонга олишда аниқлик етишмади.

Учрашувнинг 67-дақиқасида Ислом Кенжабоев катта тезлик билан жарима майдонига кириб борди. У дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бораётганда “Динамо” ёшлари ҳимоячиси уни қуполлик билан тўхтатиб қолди. Учрашув ҳаками иккиланмасдан 11 метрлик нуқтага ишора қилди. Жаримани “жабрланувчи”нинг ўзи аниқ амалга ошириб, жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 0:1.

Албатта бу гол ёшларимизнинг кучига куч қўшди. Энди улар майдонда кўпроқ тўпга эгалик қилишиб, имкон бўлганда ҳужумлар уюштиришди. Аммо дарвозаларга бошқа голлар киритилмади.

Шундай қилиб, ёшларимиз сафарда “Динамо” ёшлари устидан кичик ҳисобда устун келишди. Ёшларимиз мавсумдаги учинчи ғалабасини нишонлашди.

Ёш “аждарлар” навбатдаги 11-тур учрашувини ўз майдонида Муборакнинг “Машъал” жамоаси ёшларига қарши ўтказишади. Учрашув 17 май куни бўлиб ўтади.

Ёшлар лигаси, 10-тур

“Динамо” (Самарқанд) - “Насаф” (Қарши) 0:1 (0:0)

12.05.2017. “Олимпия” стадиони. 17:00да

Бош ҳакам: Александр Лупашко (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Шерзод Камаров, Сардор Ҳакимов (Самарқанд)

Захира ҳаками: Ғайрат Ҳамидов (Самарқанд)

Назоратчи:  Фарҳод Абдуллаев (Тошкент)

Гол: Ислом Кенжабоев (пенльтидан), 67’-0:1

“Динамо”: 27.Темур Жўраев (35.Алижон Алмухаммедов 46), 4.Фазлиддин Юлдашев, 6.Шахзод Саитов, 8.Жасур Қурбонов (12.Искандар Холмурзаев 46), 15.Лазизжон Нуриддинов, 16.Комил Шарофутдинов (с) (17.Умиджон Ражабаов 59), 18.Абдумалик Абдуллаев (70.Рамиш Бобомурзаев 46), 22.Тимур Файзуллаев (28.Далержон Алмосжонов 61), 33.Дамир Темиров (34.Отабек Равшанов 70), 55.Саиджамол Давлатжонов, 95.Ислом Шарипов.

Захира: 28.Далержон Алмосжонов, 42.Орзумурод Ахмедов.

“Насаф”: 1.Умиджон Эргашев, 4.Жўрабек Маннонов, 6.Дилшод Саитов (33.Шоҳруҳ Неъматов 90+2), 7.Акмалжон Олимов,  14.Жаҳонгир Қурбонбоев (43.Абубак Ризо Турдалиев 73), 15.Ғолиб Ғайбуллаев (с),  19.Шерзод Насруллаев, 20.Акмал Мозговой, 22.Ислом Кенжабоев (13.Мухриддин Зоиров 78), 28.Сардор Саъдуллаев, 38.Худоёрхон Сагдуллаев (35.Жавоҳир Шокиров 87).

Захира: 44.Музаффар Шарипов, 9.Анвар Ҳусанов, 22.Жасур Жумаев.

Огоҳлантириш: Ислом Шарипов 33, Жасур Қурбонов 45 - Ғолиб Ғайбуллаев 6, Жўрабек Маннонов 14.