Ёзги трансфернинг асосий нишонлари кимлар?

Европада навбатдаги футбол мавсуми ўз поёнига етмоқда ва ёзги трансфер бозори очилишига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Бир қанча гранд жамоалар албатта бу вақт оралиғида ўз сафини кучли футболчилар билан кучайтириб олишга ҳаракат қилади. Goal нашри навбатдаги ёзги трансфер бозорининг асосий нишони бўлиши кутилаётган футболчилар рўйхатини тузиб чиқди. Қуйида ушбу рўйхатдаги энг муҳим чарм тўп усталари билан танишишингиз мукмин.

Алиссон («Рома”, дарвозабон)

Бразилиянинг биринчи рақамли посбони Европанинг бир қанча грандлари эътиборини ўзига тортмоқда. Бунга сабаб албатта унинг Чемпионлар Лигасида кўрсатган катта жасоратлари сабаб бўлди. Унга қизиқиш билдираётган асосий грандлар – «Ливерпуль» ва «Реал Мадрид»! 25 ёшли Алиссоннинг келажаги ҳали олдинда. Римликлар эса асосий футболчисини йўқотишни истамаслиги аниқ. Фақатгина йирик таклифлар уни «Рома»дан олиб кетишга қодир.

Гарэт Бэйл («Реал Мадрид», ҳужумчи)

Бэйл «Реал Мадрид»даги фаолияти давомида Испания чемпионлиги ва икки маротаба Чемпионлар Лигасини ютиб олишга эришди. 4 йил мобайнида у жамоаси учун кўплаб муҳим голларни урди, шу жумладан сўнгги «Эл Класико”да ҳам айнан у жамоаси жонига оро кирди. Шунга қарамай, орттирилган жароҳатлар ва спорт формасини йўқотиши туфайли бу йилги мавсумда унчалик ўзини кўрсата олмади. Бэйл клуб президенти Переснинг ишончини йўқотмаган бўлсада, бош мураббийнинг ундан кўнгли қолгани аниқ.

Миш-мишларга кўра, «Бавария” 28 ёшли футболчига таклиф билан чиқмоқчи. Шу билан бирга, собиқ клуби «Тоттенхем»га қайтиши ҳам мумкин.

Кристиан Эриксен (“Тоттенхем”, ярим ҳимоячи)

Ҳарри Кейн голлар борасида устун бўлсада, «Тоттенхем»нинг сўнгги йиллардаги зафарларининг бош архитекторларидан бири, шубҳасиз, Кристиан Эриксен ҳисобланади. Даниялик футболчини бир қанча гранд жамоалар билан боғлашмоқда. Эриксеннинг дўсти Юсуф Поулсенга кўра, у «Барселона»да Иньестанинг ўрнини тўлдира олади. Бироқ испан нашрларига кўра, “Реал Мадрид” унинг манзили бўлиши мумкин. «ПСЖ» эса сўнгги пайтларда бу рўйхатга қўшилди.

Антуан Гризманн (“Атлетико”, ҳужумчи)

Гризманн ҳеч бир шубҳасиз дунёнинг энг моҳир ҳужумчиларидан бири ҳисобланади. Сўнгги уч йил мобайнида “Атлетико”даги фаолияти давомида ҳам буни исботлашга эришди. Бироқ, Гризманн ушбу ёзда испан пойтахтини Барселонага ўзгартириши мумкин. “Манчестер Юнайтед” ҳам 27 ёшли француз футболчисига қизиқиш билдирмоқда. Аммо Каталонияда Лионель Месси билан бирга ўйнаш имкониятини танлаш аниқроқдек кўринмоқда.

Ҳарри Кейн (“Тоттенхем”, ҳужумчи)

«Тоттенхем» ҳужумчиси сўнгги йилларда гол-машинасига айланиб қолди. Бундай самарадорлик қобилияти уни Криштиану Роналду ва Лионель Месси билан қиёсланишига сабаб бўла бошлади. 24 ёшли англиялик футболчини сўнгги вақтларда мунтазам равишда “Реал” билан боғлаб келишмоқда. Аммо Ла Лига вакили уни ўз сафига қўшиб олишни истаса, яхшигина маблағни тўлашига тўғри келади. Кейннинг ҳозирги вақтдаги трансфер баҳоси 135 миллион еврони ташкил қилади.

Тони Кроос (“Реал Мадрид”, ярим ҳимоячи)

“Реал” сафидаги Жаҳон чемпиони 2014-йилда “Бавария”дан мадридликлар сафига қўшилганидан бери муҳим ўйинчи бўлиб келмоқда. Чемпионлар Лигасида эришилган кетма-кет зафарларда ҳам айнан германиялик ярим ҳимоячининг хизматлари беқиёс. Зидан шогирдлари қаторасига учинчи марта ушбу нуфузли совринни ютишга тайёрланаётган бир пайтда уни клубдан кетиши ғалати туюлиши мумкин. Бироқ “Манчестер Юнайтед” Кроосни ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Жозе Моуриньо ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришга бел боғлаган. 28 ёшли футболчи “қизил иблислар”га жудаям асқотиши мумкин.

Роберт Левандовски (“Бавария”, ҳужумчи)

Дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири бўлган Роберт Левандовски ҳам “Боруссия Д”, ҳам “Бавария” сафида бирдай ёрқин ўйинларни намойиш қилди. Аммо у ёзда “Альянс Арена”ни тарк этиши эҳтимоли бор. “Реал” Карим Бенземанинг ўрнига айнан польшалик футболчини олиб келиши мумкин. Шунингдек, Лондоннинг “Челси”си ҳам уни “Стэмфорд Бридж”га олиб келишга аҳд қилган.

Левандовски навбатдаги мавсум бошида 30 ни қаршилайди, бироқ унинг гол уриш самарадорлиги юқорилиги туфайли унинг нархи 60-90 миллион еврони ташкил қилади.

Неймар (“ПСЖ”, ҳужумчи)

Неймар ўтган мавсумда “Барселона”дан “ПСЖ”га рекорд даражадаги маблағ – 222 миллион евро эвазига кўчиб ўтганига қарамай, унинг номи “Реал Мадрид” ва “Манчестер Юнайтед” билан боғланмоқда. Айни вақтда бразилиялик футболчи Париждаги ҳаётидан рохатланмоқда эди. Аммо у февраль ойида сонидан жароҳат олиб, майдондан четда қолгунича барча мусобақаларда 29 гол уришга муваффақ бўлди. Агарда у бир мавсумдан кейиноқ юкларни йиғиштирадиган бўлса, бу ғалати туюлиши аниқ. Футболда эса ғалати нарсалар юз бериши мумкин.

 

Эркин Ғайбуллаев тайёрлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!