"Ювентус" Саншешни "Бавария"дан ижарага олмоқчи

23 июнь, 11:25 295

Туриннинг “Ювентус” клуби “Бавария”нинг яна бир футболчисига қизқиш билдира бошлади.

Mediaset Premium нашрининг хабар беришча, туринликлар немис грандининг португалиялик ярим ҳимоячиси Ренату Саншешни кейинчалик сотиб олиш шарти билан икки йилга ижарага олишни режалаштиришмоқда. Таъкидлаш керакки, “кекса синьора” ва “Бавария” ўртасида айни дамда бошқа бир ярим ҳимоячи – Дуглас Коста масаласида ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Саншешнинг трансфери ҳудди бундан икки йил аввал Кингсли Коман “Бавария”га кўчиб ўтиши билан бир ҳил бўлиши мумкин. Эслатиб ўтиш лозимки, ўшанда мюнхенликлар Команни “Юве”дан 7 млн евро эвазига икки мавсумга ижарага олишган ва кейинчалик футболчининг трансфер ҳуқуқини 21 млн еврога сотиб олишган эди.

Бундан аввалроқ, 19 ёшли португалиялик футболчининг хизматларига “Барселона” ҳам жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўз навбатида “Бавария” Саншешни 35 млн евродан камига сотмоқчи эмас.