Зиятдинбек Тойғонбоев: Ҳасанбой Дўсматовдек истеъдодли шогирдларим кўп

14 март, 00:01 2078

Ўхшаш хабарлар

Зиятдинбек Тойғонбоев: Ҳасанбой Дўсматовдек истеъдодли шогирдларим кўп

 

Ўзбек бокс мактаби дунёда энг кучлилардан бири сифатида тан олинган. Албатта, спорт жамоатчилигининг бундай юксак эътирофига ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ўзбекистон боксчилари эса мунтазам равишда жаҳон, қитъа ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақият қозониб келмоқда.

Бу бир жиҳатдан юртимиз истеъдодли ёшларга бойлиги билан изоҳланса, иккинчи томондан ғалабалар замирида иқтидор эгаларини тўғри тарбиялаётган мураббийларнинг машаққатли меҳнати ётибди.

SPORTS.uz ахборот портали бугун ўқувчилар эътиборига кўплаб чемпионларни тарбиялаган бўлса-да, ўзи камтарин инсон, мураббийлиги билан фахрланадиган меҳнаткаш мутахассис Зиятдинбек Тойғонбоев билан бўлган интервьюни ҳавола этади.

Зиятдинбек, аслида ўзингиз ҳам кучли боксчи бўлганингизни биламиз. Ҳаммаси қандай бошланган?

Мен 11 ёшимдан бокс билан шуғулланганман. Биринчи устозим Алексей Растаргуев бўлади. Кейинчалик Лочин Қўчқоров ва Марс Қўчқоров каби етук мураббийлардан сабо олдим. Бугунги мураббийлик фаолиятимда улардан ўрганган тажрибам ва усулларим менга жуда катта ёрдам беряпти.

Боксчи сифатида эса кўп мусобақаларда қатнашдим, спорт устаси бўлдим. 1995 йилда катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионилигини қўлга киритдим.

Кейинчалик - 2001 йилда профессионал боксга ўтдим. 61 килограмм вазн тоифасида профессионал боксчи сифатида Ўзбекистоннинг биринчи чемпиони номига сазовор бўлдим.

Мураббий сифатида ҳам кўп истеъдодли ёшларни тарбияладингиз. Улар орасида кимларнинг имкониятини юқори бўлган?

Шогирдларим жуда кўп ва улар қўлга киритган совринлар ҳам шунга яраша. Ҳаммасини санаб ўтишнинг имкони йўқ. Фақатгина боксчи сифатида элга танилган шогирдларидан айримларининг имкониятлари ва ютуқлари ҳақида гапиришим мумкин.

Таниқли шогирдларимдан биринчиси Куваничбек Тойғонбоевдир. У профессионал бокс бўйича тер марта қитъалараро чемпионлик камарини қўлга киритган. Фаолияти давомида Димитрий Пирог, Жоэль Майо, Кит Холмес, Андрей Цуркан, Оба Карр, Кассим Оума каби тажрибали ва таниқли боксчилар билан куч синашган.

Яна бир шогирдим – ҳаваскор боксчилар ўртасида Осиё чемпиони Санжарбек Раҳмонов бугунги кунда машҳур профессионал бокс юлдузи Флойд Мэйвезер клубида шуғулланяпти. Санжарбек ҳаваскор боксчи сифатида тўплаган бой тажрибасини профессионал орасида муваффақиятли қўлламоқда ва фаолиятини мағлубиятсиз давом эттирмоқда.

Мен тарбиялаган боксчилардан яна бири Шуҳрат Абдуллаев ҳам 2011 йили Осиё чемпиони бўлди. Хуршидбек Норматов эса ҳаваскор боксчиси сифатидаги муваффақиятли фаолиятидан сўнг АҚШда профессионал боксга қадам қўйди ва у ҳам ҳозиргача барча жангларда рақибларини мағлуб этиб келмоқда. Шунингдек, Жасурбек Латипов бир неча йил давомида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилди. Жаҳон чемпионатларида кумуш ва бронза медалга эга чиқди.

2016 йилдаги жаҳоннинг энг кучли боксчиси, Вэл Баркер кубоги соҳиби Ҳасанбой Дўсматов ҳам сизнинг шогирдингиз...

Ҳасанбой боксдаги муваффақиятларига босқичма-босқич эришиб келмоқда. Ўта чаққон ва тезкор боксчи. Меҳнатдан қочмайди. Ўз устида кўп ишлайди. 2013 йили Россияда ўтган Бутунжаҳон универсиадасида, 2015 йили Таиланддаги Осиё чемпионатида ва кўплаб халқаро турнирларда ғолиб чиқди.

2016 йили эса фаолиятидаги энг катта ютуғига эришди. Олимпия ўйинлари чемпиони бўлиб баробарида Олимпиаданинг бокс мусобақаларида техникаси энг кучли бўлган боксчига бериладиган Вэл Баркер кубогига сазовор бўлди. Ўзбекистонда ҳали бирорта боксчи бу совринни қўлга киритмаган.

Айни пайтда Ҳасанбой Дўсматов Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) – Бутунжаҳон бокс сериялари мусобақасида "Uzbek Tigers" жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Шогирдим бу турнирда 12 та жанг ўтказиб, барча учрашувда зафар қучган.

Рио Олимпиадасида ўзбек боксчилари дунёни ларзага солди. Мисли кўрилмаган ғалабалар қўлга киритилди. Токио Олимпиадасига ҳам тайёргарлик бошланди. Яна бокс чўққисини забт этадиган шогирдларингиз борми?

Ўзбекистонда истеъдодли спортчилар ва шу қатори иқтидорли боксчилар ҳамжуда кўп. Ҳозир мен бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров билан бирга ёнма-ён туриб ишлаяпмиз. Шогирдларимиз орасида истеъдоди ва салоҳияти бобида Ҳасанбой Дўсматовдан кам бўлмаган болалар бор. Албатта, уларнинг ҳар бири ўзини кўрсатиб, навбатдаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш имконияти бор.

2020 йили бўладиган Токио Олимпиадасигача ҳали анча вақт бор. Боксчилар ўзларининг салоҳиятларини тўғри йўналтириб, спорт оламининг энг нуфузли мусобақада нималарга қодирлигини кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратилган.

Зиятдинбек, баъзан ишончни оқламаган шогирдлар ҳам учраб турадими?

Мураббий ҳар бир шогирдини ўз фарзандларидек тенг кўради. Уларнинг ютуғидан қувонади, мағлубиятидан куяди. Ютуқлар машаққатли меҳнат самараси. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шогирдларимиз орасидан бир иккитаси юлдузлик касалига учраганлари бўлган. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Лекин ҳамма нарсанинг даъвоси вақт. Уларни ҳам вақт тарбиялайди. Мураббий эса ҳар қандай вазиятда шогирдларининг ютуғидан фахрланиб, ўз ишини давом эттираверади.

Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

SPORTS.uz ахборот портали ушбу суҳбатни уюштиришда ёрдам берган инстаграмдаги Uzsport_no1 саҳифасига ўз миннатдорлигини билдиради.

 

SPORTS.uz