Зоҳир Пиримов нима учун “Олмалиқ”ни тарк этгани, Араб жамоаларида бемалол ўйнаб кета олиши, миллий терма жамоа ва бошқалар ҳақида

    

Айни пайтда олий лига турнир жадвалида “Бухоро” иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Жамоанинг ғалабаларига ўзига хос ҳисса қўшаётган Зоҳир Пиримов SPORTS.uz меҳмони бўлди. Суҳбат чоғида футболчи нима учун “Олмалиқ”ни тарк этгани, “Бухоро”га ким чақиргани ва мухлислари учун қизиқ бўлган бошқа саволларга жавоб берди.

Қуйида бухороликлар аъзоси Зоҳир Пиримов билан ташкил этилган интервьюни ўқишингиз мумкин.   

“Бухоро” таркибида дастлабки давра қандай ўтди?

- Биринчи даврани “Бухоро”да ўтказдим. Чемпионат бошланишига бир ой қолганда, клубда катта ўзгаришлар юз берди. Кейин янги жамоа тўплаш осон кечмади. Шу сабабли мен бошида қийинчиликларга дуч келдим. Мавсум ўрталарига келиб ҳамма бир-бирини тушуниб ҳаракат қилди. Сўнгги палларларда эса кўриб турганингиздек, “Бунёдкор” ва “Насаф” каби грандларни мағлуб этдик.

Жамоада сизга нималар маъқул келди-ю, нималардан кўнглингиз тўлмади?

- Бухорода мухлислар жуда ҳам яхши. Ҳар бир уй учрашувида энг кўп томошабин бизнинг ўйинмизга тушади. Энг яққан томони шу. Маъқул бўлмагани эса ҳавонинг иссиқлигидир.

Клуб ўз олдига қандай мақсад қўйган?

- Бу мавсум жамоа олдига аниқ бир мақсад қўйилмаган. Иложи борича юқори ўринларни эгаллаш вазифаси юклатилган. Шундай бўлсада, ҳар бир баҳсда фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Кейинги йилдан эса жамоа олдиган жиддий мақсадлар қўйилса керак.

Шартномангиз қачонгача амал қилади?

- “Бухоро” билан бир йиллик шартнома имзолаганман. Мавсум сўнггида битим якунланади.

Зоҳир Пиримов биринчи даврада ҳар доим ҳам асосий таркибдан ўрин ола билмади. Бу нима билан боғлиқ?

- Мен 8-9 йил “Олмалиқ”да фаолият олиб бордим. Кейин эса “Бухоро”га кўчиб ўтдим. Табиийки, жамоанинг ўйин услуби ҳам бошқача. Шунинг учун мавсум бошларида озгина қийналдим. Охирги учрашувларда эса кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлмоқдаман.

Демак, мураббий билан қандайдир тушунмовчиликлар йўқ?

- Йўқ, ҳаммаси жойида. Мураббий билан алоқамиз аъло даражада.

Сиз учун қадрдон бўлган “Олмалиқ”ни нима сабабдан тарк этдингиз?

- Биринчи сабаб жамоада ҳамма раҳбарлар алмашди. Ундан сўнг клубга Виктор Кумиков бош мураббий бўлишини эшитгач кетишга қарар қилдим. Чунки ушбу мутахассиснинг қандай инсонлигини биламан. Унинг услуби бошқача. Кумиков стандарт вазиятларига эътибор беради. Бўйи баланд футболчиларга кўпроқ ишонч билдиради. Агар “Олмалиқ”да карьерамни давом эттирадиган бўлсам, захирада ўтириб қоламан деб ўйладим. Шу боис бир неча йиллик қадрдон жамоам билан хайрлашдим. Лекин мени ҳеч ким кетасан демаганди. Ўзим шундай қарор қабул қилдим.

Шунда Тачмурад Агамуродов мени “Бухоро”га чақирди. Улар янги мавсумдан катта умидлар қилаётгани учун мен бу таклифни қабул қилдим. Аммо...

“Олмалиқ”ни тарк этиб, “Бухоро”га келишдан аввал “Навбаҳор” йиғинида иштирок этдингиз.

- Қишда Олмалиқни тарк этишимни айтганимдан сўнг, жуда кўплаб таклифлар бўлди. Улар орасида “Навбаҳор” ҳам бор эди. Илҳом Мўминжонов мени Наманганга чақирди. Бошида “Навбаҳор” варианти қизиқ туюлди. Аммо ёш оилалик бўлганим учун қийналишим мумкин эди. Ўзим самарқандлик бўлганим боис бу таклифни қабул қила олмадим. Тошкент ва Самарқандга яқин жамоа қидирдим. Қолаверса, Водийдан “Навбаҳор”дан кўра яхшироқ таклиф тушганди.

Яхшироқ таклиф деганда нимани назарда тутмоқдасиз, молиявий томонними ёки узоқ муддатли шартнома?

- Бу жамоага яхши футболчиларни жамлашни назарда тутмоқдаман. Яъни таркибни.

“Динамо”да ўзингизни синаб кўриш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

- Мавсум аввалида декабрь ойида Самарқанддан ҳам таклиф бўлди. У ерга бориб учрашдим. Аммо ўша пайтда жамоа ўз олдига қандайдир мақсад қўймаганди. Келажаги номаълум эди. Шунинг учун уларга рад жавобини бердим.

Клуб матбуот хизматига берган интервьюларингизнинг бирида дастлабки давра якунланганидан сўнг келажагим борасида ўйлаб кўраман деган эдингиз. Шунда нимани назарда тутгандингиз, жамоани тарк этишними ёки...

- Биринчи давра ўрталарида клубни тарк этиш ҳаёли бор эди. Чунки бошида жамоага киришиб кета олмадим. Ўйинларда кам иштирок этдим. Секин-аста эса ҳаммаси жойига тушди. Дастлабки давра якунлангандан сўнг мураббий билан гаплашдим. У эса менга қолишимни маслаҳат берди.  

Давралар оралиғида қайси клублардан таклифлар бўлди?

- “Нефтчи”дан жиддий таклиф бўлди. Агар кетадиган бўлганимда, Фарғонага борардим. Қолганлари эса шунчаки қизиқиш холос.

Хориждан ҳам қандайдир чорловлар бўлганми?

- Жамоани алмаштириш ниятим бўлмагани учун хориж вариантини ўйлаб кўрмаганман. “Олмалиқ”да мени ҳамма нарса қониқтирар эди. У ерда мураббийлар, мухлислар, стадион ва инфраструктура яхши эди. Бу мавсум “Бухоро”га ўтдим. Кейинги йили эса легионер бўлиш ҳақида ўйлаб кўришим мумкин.

Ўз имкониятингиздан келиб чиққан ҳолда қайси чемпионатда ўйнаб кета оламан деб ўйлайсиз?

- Россиянинг мавқейи кўтарилиб кетган. Араб жамоаларида ўйнаб кета оламан. Чунки бошқалар ҳам фаолият олиб бормоқдаку. Мен ҳам буни уддалайман.

Агентингиз борми?

- Йўқ.

Бу мавсум олий лига сизни нимаси билан ажаблантирмоқда?

- Жорий йил грандлар кучсиз клубларга кўпроқ ютқизмоқда. Олдинлари бундай ҳолатлар кам учрарди. Бу эса мени ҳайрон қолдирмоқда.

Етакчилар очколарни бой бериши таркибдаги трансферлар билан боғлиқми?

- Бу таркиб билан боғлиқ деб бўлмайди. Олдинлари кучли клубларнинг ўртамиёна рақиб билан катта фарқи бўларди. Ўз майдонида ҳаракат қилганлар ғалаба қозонишлари аниқ эди. Бу йилдан эса жамоаларнинг мавқейи бироз тенглашди. Ҳозир ҳар кимдан ҳавф кутиш мумкин.

“Бухоро” учун қайси рақиб энг ноқулай ҳисобланади?

- Тўрт йилдан бери “Насаф”ни юта олмаятган экан. Бу мавсум Бухорода қаршиликларни мағлуб этдик. Биринчи даврадан хулоса қиладиган бўлсак, бизга “Обод” ноқулайлик туғдирди. Чунки 3 очко оладиган уйдаги баҳсда имкониятни бой бердик.

Биринчи давранинг энг осон ва қийин ўйини қайси?

- “Нефтчи”га қарши ўз майдонимизда ўтказган беллашув энг осони. Ўшанда 3:0 ҳисобида ғалаба қозондик. “Насаф” билан эса энг қийин ўйин бўлди.

“Бухоро”нинг ўйин услуби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Жамоа ниманинг эвазига ғалабаларга эришмоқда?

- Клуб дастлабки даврада асосан қарши ҳужум тактикасида ҳаракат қилди. Чунки олдинда Иван Нагаев ўзининг тезкорлиги билан бошқалардан ажралиб туради. У Ўзбекистондаги энг тезкор форвардлардан бири. Стандарт вазиятларига ҳам эътибор қаратмоқдамиз. Шунинг эвазига рақиблардан устун келяпмиз.

Сиз кимга қарши ҳаракат қилганингизда қийинчиликларга дуч келасиз?

- Александр Мерзляковга қарши учрашувда муаммолар пайдо бўларди. Чунки у ҳам анча кўп ва тез югурарди.

Бу йил SPORTS.uzга келган кўплаб футболчилар олий лига-2017нинг энг яхши легионери ким деган саволга Драган Черан деб жавоб беради. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

- “Насаф” ҳужумчиси ҳақиқатдан ҳам энг яхши легионер. Унинг ҳаракатлари ҳам номига мос. Мен учун ҳам Черан мавсумнинг энг яхши хорижлик футболчиси. Қолаверса, “Бухоро”даги Владимир Баенко ҳам яхшилардан бири.

Ўз позициянгиз бўйича олий лига, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва дунёда энг кучлиси ким?

- Олий лигада Жалолиддин Машарипов. Аммо Жасур Ҳасанов ҳам бор. Мен учун ёшлигимда Ҳасановнинг ҳаракатлари худди наъмунадек бўлган. Миллий терма жамоамизда Сардор Рашидов. Жаҳон миқёсида Ди Мария.

Ўзбекистон чемпионатининг энг кучли ўйинчиси?

- Ҳозирги пайтда Марат Бикмаев. У ҳар учрашувда гол урмоқда. Айни дамда унга тенг келадиган топилмаяпти. Голларини гапирмаса ҳам бўлади. Бу мавсум Марат янада очилди.

Жамоа ўтган йилги натижани яхшилаш учун таркибга кимларни қўшиб олган бўлардингиз?

- Менимча шу таркиб билан ҳам ўтган мавсумдаги натижани такрорлаш мумкин. Агар шундай имконият бўлса, дарвозабон Игнатий Нестеров, ҳимоячи Акмал Шораҳмедов, Артём Филипосян, ярим ҳимоячи Жалолиддин Машарипов.

“Бухоро”га реал баҳо берсак мавсум сўнггида қайси ўринда кўришимиз мумкин?

- Жамоа ҳозир анча кўтаринки кайфиятда. Сафимизга яхши футболчиларни қўшиб олдик. Саламат Қутибоев, Алишер Саноев, Азамат Алланиёзов шулар жумласидан. Менимча, “Бухоро” мавсумни 6-ўриндан баландда якунлайди. Ундан пастга тушмайди.

Чемпионат сўнггида кучли бешлик қандай кўринишда бўлади деб ўйлайсиз?

- “Локомотив”, “Насаф”, “Пахтакор”, “Қўқон-1912”, “Бунёдкор”.

Ўзбекистон олдинда турган муҳим беллашувлар олдидан спарринг рақиб сифатида Қирғизистонни танлади. Нима деб ўйлайсиз, ушбу жамоа бизнинг савиямизга ва рақибларнинг ўйин услубия яқинми?

- Қирғизистонни танлаганини тахмин қилиш мумкин. Мураббийларнинг ўйинга режалари бўлади. Балки, Самвел Бабаян кучсизроқ жамоа билан назорат учрашуви орқали ҳар хил тактикаларни синаб кўрмоқчидир.   

Хитой ва Жанубий Кореяни ниманинг ҳисобига мағлуб этиш мумкин?

- Бундай беллашувларга футболчилардан тортиб мураббийларгача 200 фоиз куч билан тайёр туриш керак. Асосийси ишонч бўлиши даркор. Хитойни ҳозирги жамоамиз ҳар қандай ҳолатда мағлуб эта олади. Битта нарса аниқ, биз Хитойга мағлуб бўлмаймиз. Аммо очко йўқотишимиз эҳтимоли ҳам бор. Жанубий Кореяга қарши баҳсда тезкор гол бизга ёрдам бериши мумкин. Шунда зафар қучиш имкониятимиз ошармиди.

Сиз учун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 11 талик оптимал таркиби кимлардан иборат бўлади?

- Дарвозабон: Игнатий Нестеров.

Ҳимоячилар: Акмал Шораҳмедов, Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Артём Филипосян.

Ярим ҳимоячилар: Сардор Рашидов, Жалолиддин Машарипов, Одил Аҳмедов, Азизбек Ҳайдаров.

Ҳужумчилар: Иван Нагаев, Темурхўжа Абдухолиқов.

 

Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!