Италия А Сериясининг 29-тур ўйинлари ҳам якунига етди. Мухлислар мазкур турда бир-биридан қизиқ ва шиддатли учрашувлар гувоҳи бўлди. Қуйида муҳим тўқнашувларга қисқача тўхталиб ўтамиз.

Жумладан, Элдор Шомуродов бошчилигидаги "Кальяри" сафарда "Монца"га имкониятни бой бериб қўйди. Даниэль Малдинининг жарима зарбасидан урган супер голи майдон эгаларига 3 очко тақдим этди. Ҳамюртимиз беллашувни асосий таркибда бошлади ҳамда 84-дақиқада захирага олинди. 

Мазкур мағлубиятдан сўнг сардинияликлар 26 очко билан 16-поғонада эканини кўришимиз мумкин. Клубни хавфлу ҳудуддан атиги 2 очко ажратиб турибди. 

Яна бир муҳим матч Туринда ўтказилди. Унда мезбон "Ювентус" Генуядан ташриф буюрган "Женоа" футболчиларига қарши саф тортди. Майдон эгаларининг ғалабаси тахмин қилинган баҳс якунда нурсиз дуранг натижа билан якун топди. "Кекса сеньора" мухлисларини ранжитган яна бир маълумот шундаки, тўқнашув охирроғида Душан Влахович иккинчи сариқ карточкага лойиқ кўрилди ҳамда майдондан четлатилди. 

Айни вақтга келиб, Массимилиано Аллегри шогирдлари 59 очко билан 3-ўринда кетмоқда. Қизиғи, "зебралар" А Серия доирасидаги сўнгги 5 ўйиннинг атиги биттасини ўз фойдасига ҳал қила олди, холос. 

Веронада кечган "Верона" - "Милан" матчи меҳмонларнинг кутилган ғалабаси билан тугади. "Россонерилар" мазкур ғалаба эвазига иккинчи ўринни қисман ўзиники қилиб олди. Ортда келаётган "Юве" билан фарқ 3 очкони ташкил этаётганини инобатга олсак, "қизил-қоралар" ҳам Европа лигасида, ҳам А Серияда беқарор ҳаракат қилишнинг уддасидан чиқа оляпти. 

29-турнинг энг муҳим воқелиги Бергамодаги "Аталанта" - "Фиорентина" тўқнашуви атрофида содир бўлди. Мазкур матч номаълум муддатга кўчирилди. Учрашувни бошқа санага кўчириш таклифи меҳмонлардан чиққан. 

Маълум бўлишича, флоренцияликлар бош директори Жо Бароне юрак ҳасталиги билан шифохонага ётқизилган. Унинг ўлим билан олишаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Шу сабаб баҳс бошқа муддатда ўтказилиши маълум қилинган. Ҳозирча аниқ сана ошкор этилмади. 

Юртдошимиз Элдор Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқига эгалик қилувчи "Рома" эса ўз майдонида "Сассуоло"ни таслим этди. Сардор Лоренцо Пеллегрини ягона голга муаллифлик қилди. 

Даниэле де Росси бошчилигидаги "бўрилар" тўдаси мазкур ғалаба эвазига чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашга қайтди. 4-поғонадаги "Болонья" билан фарқ атиги 3 очкони ташкил этади. Агар римликларнинг бу кетиши бўлса, бу фарқ тезда йўққа чиқарилиш эҳтимоли юқори. 

Турнинг марказий учрашуви эса "Интер" ва "Наполи" жамоалари ўртасида кечди. Европа чемпионлар лигасида навбатма-навбат чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилган клублар энди бор эътиборини А Серияга қаратиши тахмин қилинганди. Шунингдек, ушбу "жанг"га қадар Милан гранди ички биринчилик доирасида нақ 10 ўйинлик ғалабали серия намойиш этиб келаётганди. Бироқ тўқнашув якунида Калдзоне жамоаси қийин рақибдан сафарда очко тортиб олишга муваффақ бўлди. 

Шунга қарамай, "нерадзуррилар"нинг чемпионатдаги мағлубиятсиз серияси 24 ўйинга етгани ҳам муҳим маълумотлардан бири бўла олади. 

Марҳамат, қуйида 29-турда қайд этилган барча натижалар ва турнир жадвали билан танишиш имконига эгасиз! Маълумот учун, "юлдузча"да ажратиб қўйилган "Аталанта" ва "Фиорентина" юқоридаги воқеа сабаб битта кам ўйин ўтказганини англатади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!