Аброр Турсунпўлатов: Боксчи сифатида эриша олмаганларимни мураббийликда қўлга киритмоқчиман

  • 24 декабрь, 2017, 11:54
  • 0
  • Бокс

Ўзбекистон боксчилари сўнгги вақтларда нафақат ҳаваскорлар боксида, балки профессионалда ҳам юқори натижаларга эришиб келмоқда. Ўз навбатида ушбу боксчиларни тайёрлаб бераётган мураббийларнинг ҳам хизматлари катта.

Шулардан бири биринчи ўрта вазн тоифасининг ярим ўрта вазн тоифасида WBO чемпионлик камари соҳиби россиялик Сергей Ковалев ва профессионал боксда юқори муваффақиятли давом эттираётган Фазлиддин Ғоибназаров устози Аброр Турсунпўлатовдир.

SPORTS.uz интернет портали ушбу мутахассис билан суҳбат ташкил қилди.

- Ассалому алайкум Аброр ака. Боксга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз...

- Ёшлигимиздан шу спортга қизиқиб келардик. Чирчиқ олимпия захиралари коллежида таниқли мураббийлар – Иляс Раҳимов, Степан Степанов ва Лочин Қўчқоровлар қўл остида бокснинг сир-асрорларини ўрганиб келдим. Ўша вақтда ҳам рақобат ҳозиргидек кучли эди. Айниқса, менинг вазнимда кучли боксчилар кўп бўлган. Улар билан рақобат қилиш осон бўлмаган.

- Мураббийликни қачондан бошлагансиз?

- Албатта, кучли боксчилар билан рақобат қилиш осон бўлмайди. Бир куни ҳар доимгидек  машғулотга  келдим. Шунда мураббийим менга устозлик қилишни ҳам таклиф қилди. Аввалига бунга кўникиш жуда қийин бўлди. Сабаби ўзим ҳам боксчиман, яна болаларни шуғуллантириш зарур. Борган сари нагрузка ошиб борарди. Икки соат улар билан ишласам, кейинги икки соат ўзимнинг машғулотларимни бажарардим. Уйга ҳолдан тойиб зўрға етиб келардим. Лекин бўшашмадим. Шу тепмда ушлаб туришга ҳаракат қилдим. Бироз ўтиб бунга ҳам мослашдим. Рақобат сабабли мураббийликни бошлашга қарор қилдим. Чунки боксчи сифатида бирор нарсага эришишга кўзим етмади. Энди буни мураббийликда амалга оширишни мақсад қилганман.

- Ҳаваскорлар боксида ҳам ишлаган экансиз. Профессионал бокс билан фарқи нима деб ўйлайсиз?

- Бунинг фарқи катта. Чунки ҳаваскорлар боксида боксчи бир нечта рақиб қарши рингга чиқишга тайёргарлик кўради. У ҳатто рақиблари ким бўлишини ҳам билмайди. Уни ўрганиш учун вақт бўлмайди. Агар боксчи кучлироқ тайёргарлик кўрган бўлса, ҳар қандай рақиб билан беллаша олади. Аммо профессионалда барчаси ўзгача. Бир неча ойлаб маълум бўлган рақибга қарши ҳар томонлама тайёргарлик кўрасиз. Уни ҳар томонлама ўрганиш мумкин.

– АҚШга қандай бориб қолдингиз?

– Мен Фазлиддин Ғоибназаровга боксга кириб келганидан бери устозлик қилиб келаман. Тўғри, орада маълум сабабларга кўра, уни бошқа мураббийлар тайёрлаган, аммо ҳозир яна биргамиз. Унинг профессионал боксга ўтишини эшитган турли промоутерлик компаниялари бизга таклиф билан чиқишди. Ўтган йили уларни кўриб чиқдик. Украина, Европанинг бошқа давлатларидан ҳам тушган. Бироқ бизга энг маъқул келгани АҚШдан тушган таклиф бўлди.

– Нега айнан шу промоутерлик компаниясини танладингизлар?

– Биз машғулотлар олиб бораётган зал жаҳоннинг энг кучли залларидан бири ҳисобланади. Бу ерда камида 4-5 та жаҳон ва Олимпиада чемпионлари шуғулланишади. Бундан ташқари энг кучли мураббийларнинг ҳам кўпчилиги шу ерда жам бўлишган. Эндигина профессионал боксга кириб келган спортчи учун бу яхши имконият. Сабаби ўша боксчилардан қимматли тажрибалар, маслаҳатлар олиб тезда мослашиб кетиш мумкин. Бундай имкониятни қўлдан бой бермаслик керак.

– Шунингдек, бу ерга бошқа клублардан боксчиларни синаб беришни сўраб келишади. Бу каби ҳолатлар тез-тез бўлиб туради. Баъзан биздагилар ҳам бошқа жойларга бориб туришади. Бир гал биринчи ўрта вазн тоифасининг мутлоқ жаҳон чемпиони, WBC, WBA, IBF, WBO камарлари соҳиби Теренс Кроуфорд шогирдим Фазлиддин Ғоибназаровни спаррингга чақирди. Сабаби Фазлиддин чапақай, Олимпиада чемпиони. Теренс эса кейинги жангини 2008 йилги Олимпиада чемпионига қарши ўтказиши керак бўлган. Бу ҳам биз учун янгилик.

– Ҳозирда IBF, WBA ва WBO камарлари соҳиби Сергей Ковалевга ҳам устозлик қилмоқдасиз. Ҳамкорлик қандай йўлга қўйилди?

– Албатта, мен Ковалевни анчадан бери билардим. Бир йил олдин Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларидан кейин шогирдим (Фазлиддин Ғоибназаров – SPORTS.uz) билан АҚШга бордим. Бу ерда Сергей билан яқиндан танишдик. Умуман биз битта жамоамиз. Ҳамкорликни бошлаганимизга кўп бўлгани йўқ. Октябр ойининг сўнгги шартнома имзоладик. Буни рад қила олмадим. Бизнинг ҳамкорлигимиз ҳаммамиз учун муваффақиятли бўлади деган умиддаман ва шунга ҳаракат қиламиз.

– Шундан сўнг Ковалев ўз камарларини ҳимоя қилишга ҳам улгурди. Қўл остингизда унинг илк жанги сизда қандай таассурот қолдирди?

Вячеслав Шабранский билан жангни бундай якун топишини очиғи кутмаган эдим. Сабаби украиналик боксчи ҳам кучли спортчи. Бу спортда бўлиб туради, лекин фақат шунда экан деб ишониб қолмаслик ҳам даркор. Сабаби Ковалев бу жангга яхши тайёргарлик кўрган эди. У олдинги жанглардаги хатолар устида кўп ишлади. Кучини 12 раундга тақсимлаб ҳаракат қилишни режалаштиргандик, аммо жанг кутилганидан ўзгача якун топди.

– Умуман Ковалев олдингидан анча ўзгарган. Ҳозирда машғулотларга жиддий эътибор қаратмоқда. Агар шундай давом эттирадиган бўлса, тез орада бошқа боксчини кўрасизлар.

– Ковалевнинг чемпионлик жангида Андре Уордга имкониятни бой берган. Унга қарши реванш жанги ҳақида нима дея оласиз?

– Ковалевнинг сўнгги жанглардаги муаммоси кучини бутун жангга тўғри тақсимламаган. У Андре Уордни биринчи жангда ютган, аммо сўнгги раундларда иродали ҳаракати кўзга кўринмади. Бу қўрқинчли эмас. Ҳозир биз руҳият, техника ва тактика устида ишлаяпмиз. Ҳар куни унинг ҳолатини баҳолайман. Бизда вақт бор. Барчасига улгурамиз. Уорд – Олимпиада чеммпиони ва ажойиб боксчи. Бу хатоларни тўғрилаш ва буни қайтармаслик учун яхши сабоқ бўлди. Энди хатолар аниқ. Буни бартараф этмоқдамиз. Агар Андре Уорд боксга қайтадиган бўлса, албатта, реванш олишга ҳаракат қиламиз. Унинг қайтишига ишонаман. Бу жанг учун 3-4 та алоҳида тактикаларимиз бор.

– Келажакдаги режаларингиз…

– Ҳозирда асосан уч нафар боксчи билан ишлаяпман. Бундан ташқари кўплаб боксчилардан бирга ишлаш таклифлари тушмоқда. Фазлиддин Ғоибназаров, Сергей Ковалев ва Баҳрам Муртазалиев. Бор эътиборни шуларга қаратиб, улар билан юқори натижаларни қайд этишни мақсад қилганман. Бундан ташқари яна кўплаб чемпион шогирдларни етиштириб чиқариш ниятим ҳам йўқ эмас.

Суҳбатингиз учун ташаккур.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!