"Андижон" бир кунда иккита ўйин ўтказади. Рақиблардан бири эса ўзгарди

“Андижон”нинг Анталия йиғини давомидаги навбатдаги назорат учрашуви 4 февраль куни ўтказилади. Шу куни жамоа аъзолари иккита учрашувда майдонга тушади.

Олдиндан шуни айтиб ўтиш лозимки, 4 февралдаги рақиблардан бири Украинанинг “Черноморец” клуби эди. Бироқ мазкур ўйин ўтказилмайдиган бўлди ва унинг ўрнига Грузиянинг “Сабуртало” клуби “Андижон” учун спарринг-рақиб вазифасини бажаради. Яна бир ўйин эса Руминиянинг “Селимбар” жамоасига қарши бўлиб ўтади.

андижон ўртоқлик

Одатимизга кўра, бўлажак баҳслар олдидан рақиблар ҳақида сиз мухлислар учун маълумотлар тақдим этамиз.

Тўлиқ номи - “Вииториул Селимбар” (“CSC 1599 Selimbar”) деб номланадиган жамоа Руминияда Лига 2 чемпионатида иштирок этади ва айни пайтда 20 та жамоа орасида мусобақа жадвалида 15 та ўйинда 32 очко тўплаб якка пешқадам бўлиб турибди. Уларнинг асосий мақсади Лига 1 га йўлланма олиш (бу худди про лигадан Суперлигага йўл олиш каби).

Ҳозирда Руминия чемпионатида қишки таътил эълон қилинган. Жамоа эса иккинчи даврага тайёргарлик кўриш учун Анталияда йиғин ўтказяпти. “Вииториул Селимбар”га руминиялик 47 ёшли мутахассис Клаудиу Никулеску бош мураббийлик қилмоқда. 2022 йилдан буён мазкур клубни бошқариб келяпти.

Иккинчи ўйин Грузиянинг “Сабуртало” жамоасига қарши бўлиб ўтади. “Эровнули” лигасида (бизнинг Суперлигамиз каби) иштирок этадиган клуб янги мавсумга тайёрланмоқда. Грузия чемпионатининг янги мавсуми март ойининг илк кунларида старт олади. Ўтган мавсумда “Сабуртало” 6-ўринни эгаллади.

андижон корея3_2

Тбилисининг “Сабуртало” жамоаси 2019 йили Грузия Кубогини қўлга киритган. Финалда Тбилисининг “Локомотив” жамоаси 3:1 ҳисобида таслим этилган. Шунингдек, 2020 йилда Грузия Суперкубогини ҳам ютган. Ҳал қилувчи баҳсда “Динамо” Тбилиси 1:0 ҳисобида мағлуб этилган. Конференциялар лигасида иштирок этган.

“Сабуртало”га 44 ёшли маҳаллий мутахассис Гиорги Микадзе бош мураббийлик қилиб келяпти. 2023 йилнинг 6 октбярь санасида ушбу лавозимга тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, дастлабки ўйин “Селимбар”га қарши бўлиб ўтади. Учрашув маҳаллий вақт билан 15:00 да бошланади. Тошкент вақтига эса 17:00 да старт олади. Иккинчи учрашув “Сабуртало” билан ўтади ва бу беллашув маҳаллий вақт билан 17:00 да бошланади. Тошкент вақтига 19:00 га тўғри келади. Учрашувлар Белекдаги “Фанатик” аренасида ўтказилади. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!