"Андижон" назорат баҳсида "Цементчи"дан устун келди

Бугун Андижонда водий жамолари ўртасида назорат-синов учрашуви ўтказилди.

Жорий мавсумга астойдил тайёргарлик кўраётган андижонликлар ўз майдонида супер лига иштирокчиси бўлган Қувасойнинг “Цементчи” жамоасига қарши баҳс олиб борди.

Мазкур ўртоқлик ўйини Андижон шаҳридаги Бўстон даҳасида жойлашган “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”нинг майдонида ташкил этилди. Гарчи учрашув назорат-синов мақоми остида ўтган бўлсада, майдонда кескин кураш кечганини таъкидлаш лозим. Жамоалар ғалаба илинжида астойдил харакат қилди. Қолаверса ҳар икки клуб таркибида кўрикда бўлиб турган футболчилар ўзларини кўрсатиш учун ҳам майдонда бор кучини бериб ўйнади.

Жамоалар гол уриш учун бир нечта хавфли вазиятларни юзага келтирган бўлсада, биринчи таймда ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлимда эса ҳар икки жамоа сафида ўзгаришлар юз берди. Майдон марказида меҳмонлар ўйин қоидасини бузди. Белгиланган жарима тўпини ҳимоячи Дилмурод Маҳмудов амалга оширди. Тўп “Цементчи” жарима майдонига ошириб берилгач, ҳимоячи Иқбол Бобохонов ва дарвозабон Фаррух Турдалиев ўртасида ўзаро тушунмовчилик юзага келди. Натижада тўп даровза тўридан жой олди – 1:0.

Шундан сўнг қувасойликлар ҳисобни тенглаштиришга уринди. Аммо учрашувда бошқа гол қайд этилмади. Натижада назорат ўйини “бургутлар”нинг ғалабаси билан якун топди. Асосийси бу каби синов-назорат ўйинларида мураббийлар натижадан ҳам кўра, қўли остидаги футболчиларнинг имкониятларини яна бир бор кўздан кечириб олди.

Шу тариқа “Андижон”нинг иккинчи босқич йиғини якунига етди ва футболчиларга икки кунлик таътил эълон қилинди. Энди андижонликларнинг ўқув-йиғин машғулотлари 23 январдан Тошкентда давом эттирилади. Бўлажак йиғин давомида “Андижон” супер лига клубларига қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишни режалаштирган.

Таркибдаги ўзгаришларга келадиган бўлсак, маълум муддат “Сўғдиёна” йиғинида иштирок этган иқтидорли ярим ҳимоячи Ойбек Нурматов яна “Андижон” ихтиёрига қайтиб келди. Ундан ташқари ўтган мавсум “Цементчи” сафида ўйнаган ҳимоячи Маъруф Зокиржонов ҳам куни-кеча “Андижон” таркибига келиб қўшилди. “Машъал-2” сафида ўйнаган ярим ҳимоячи Муни-Мирмуҳсин Юсуповни ҳам мураббийлар кўрикдан ўтказишаётганини айтиш лозим. Шунингдек ўтган йили “Янгиер” дарвозасини кўриқлаган иқтидорли посбон  Хусан Олимжоновни ҳам айни дамда “Андижон” йиғинида иштирок этаётганини маълум қиламиз.

Мураббийлар штаби Тошкентдаги йиғин чоғида асосий эътиборни таркибни шакллантиришга қаратади. Айни дамда селекция ишлари бўйича кенг кўламда иш олиб борилаётганини ва бу борада бир нечта тажрибали футболчилар билан музокара ўтказилаётганини айтиш лозим. Шу боис пойтахт йиғинида бир қатор янги номлар таркибга келиб қўшилиши кутилмоқда. Бу ҳақда кейинги хабарларимизда яна маълумот бериб борамиз.

 20.01.2018 йил

Назорат учрашуви

Андижон” – “Цементчи” 1:0 (0:0)

Андижон. “БЎФМ” майдони.

Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Элзиёд Исомиддинов.

“Андижон”: Хусан Олимжонов, Артур Маматказин, Ильдар Маматказин (С), Миршоҳид Олимов, Алишер Тўхтасинов, Ойбек Нурматов, Усмонали Исмоналиев, Бахтиёр Қосимов, Мақсуд Маҳмудов, Уйғун Бобоназаров, Алишер Абдувоҳидов.

Захирадан майдонга тушганлар: Шохрух Эргашев, Иброҳим Отахонов, Жаҳонгир Маҳсудов, Дилмурод Маҳмудов, Муни-мирмуҳсин Юсупов, Маъруф Зокиржонов.

“Цементчи”: Фаррух Турдалиев, Айбек Нурбоев, Шукурали Пўлатов, Даврон Маматов (С), Иқбол Бобохонов, Элёр Мамасолиев, Суннат Эрматов, Отабек Аҳмаджонов, Аббос Махсталиев, Абдулазиз Юсупов, Даврон Исоқов.

Захира: Тимур Усмонов, Абдурасул Комилов, Қаҳрамон Маҳамаджонов, Сардор Қаҳҳоров, Фурқат Ҳасанбоев, Отабек Исроилов, Жамшид Қобулов.         

“Андижон” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!