Андрей Шипилов “Металлург”да иш бошлади

Кеча  “Металлург” клубининг Чирчиқда ўтказилган йиғилишида жамоа бош мураббийи бўлиб ишлаб келган тажрибали мутахассис Рустам Мирсодиқов истеъфо берганлигини эълон қилгандик. Бугун эса “Зером” меҳмонхонасида жамоанинг янги бош мураббийини таништирув маросими бўлиб ўтди. Шу кунгача “Пахтакор” жамоасида жисмоний тайёргарлик бўйича бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб келган Андрей Шипилов “Металлург” футболчиларига клубнинг янги бош мураббийи сифатида таништирилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумот учун: Андрей Сергеевич Шипилов 1971 йил 23 март куни таваллуд топган. Узоқ йиллар мамлакатимиз ва хориж жамоаларида ҳимоячи, ярим ҳимоячи амплуаларида тўп тепган. Футболчилик фаолиятини 1990 йилда Тошкент вилоятининг “Свердловчи” жамоасида бошлаб (74 учрашув), кейинчалик “Трактор” (1992 йил, 13 учрашув – 1 та гол), “Чирчиқ” (1992, 12), Андижоннинг “Наврўз” (1993, 27-1),  Сирдарёнинг “Гулистон” (1994, 2) жамоаларида ўйнаган. 1994 йилда Россия Федерациясидан таклиф тушгач, “Торпедо” (Владимир, 1994, 8), “Металлург” (Новотроицк, 1994, 4), “Носта” (Новотроицк, 1995-96, 40) жамоаларида тўп сурган. 1997 йилдан яна мамлакатимизга қайтиб келган Андрей Шипилов “Андижон” (1997-2000, 111-9), “Навбаҳор” (2001, 3), “Андижон” (2001-2002, 26) жамоаларида ўйнади. Бир мавсум Россиянинг “Видное” (2003, 17-1) жамоаси таркибида бўлиб қайтгач, футболчилик фаолиятини 2003 йили Тошкент вилоятининг “Дўстлик” жамоасида якунлаган.

Андрей Шипилов “Металлург” ПФК бош мураббийи этиб тайинлангунига қадар Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб келаётганди. У шунингдек, 2015-2017 йиллар оралиғида Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам жисмоний тайёргарлик бўйича бош мураббий ёрдамчиси вазифасида хизмат қилган.

Таништирув маросими якунлангач “Кимёгар” стадионида Андрей Шипилов бошчилигида биринчи машғулот бўлиб ўтди. Аввалига спорт залида енгил жисмоний тайёргарлик машқаларидан кейин футболчилар стадионда югуриш, тўп билан ишлаш жараёнларини ўташди. Бекободликлар 30 декабрь санасига қадар Чирчиқ шаҳрида ҳар куни бир маҳалдан жисмоний тайёргарлик машқларини давом эттиришади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!