“АрМИ—2022". “Элбрус ҳалқаси”: Жамоамиз иккинчи босқичда иккита рекорд ўрнатди

Хабарингиз бор, Кабардино-Балкария Республикасининг Терскол ҳудудида VIII Халқаро армия ўйинлари доирасида “Элбрус ҳалқаси” мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Арманистон, Абхазия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Уганда ва Жанубий Осетия вакиллари беллашмоқда.

Жамоамиз дастлабки босқичда турли мураккабликдаги вазифаларни ўз ичига олган жами 6 та шартни бажарган эди. Биринчи босқич якунларига кўра, вакилларимиз яхши натижа кўрсатиб, кучли учликдан ўрин олганди.

Галдаги, иккинчи босқич шартлари ҳам муваффақиятли кечди. Хусусан, ҳарбий хизматчиларимиз иккинчи босқичнинг “Музлик ҳудуддан ўтиш” шарти бўйича махсус вазифани 11 дақиқаю 31 сонияда бажариб, ўтган йилги Россия ҳарбий жамоаси томонидан ўрнатилган 11 дақиқаю 37 сония рекорд натижани янгилади.

  

Шунингдек, мазкур босқичнинг “Қояли ҳудуддан ўтиш” шартида ҳам жамоамиз ишончли ҳаракатларни амалга ошириб, сунъий қояда жуфт бўлиб ҳаракатланиш вазифасини 6 дақиқаю 38 сонияда тамомлаб, ўткан йилги мусобақада Россия ҳарбий вакиллари томонидан ўрнатилган 6 дақиқаю 51 сония рекордни янгилади. Ушбу рекорд натижа ҳарбий жамоамиз аъзолари кичик сержантлар Абдумуҳтор Абдуғаниев ва Исломжон Ўктамовлар томонидан ўрнатилди.

   

Мусобақанинг I ва II босқич якунлари бўйича Ўзбекистон 9 та жамоа ичида 2-ўринни эгаллаб турибди. Умид қиламизки, вакилларимиз 3-босқич шартларини ҳам муваффақиятли бажариб, шоҳсупани забт этади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ўтган йили “Элбрус ҳалқаси” мусобақасида мезбон давлатдан кейин фахрли 2-ўринни қўлга киритган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!