“АрМИ—2022”: “Хавфсиз муҳит”да ҳам ғалабали юришлар давом этмоқда

Аввал айтиб ўтганимиздек, Самарқанд вилоятидаги “Сазаган” дала ўқув майдонида ўтказилаётган “Хавфсиз муҳит” мусобақасининг биринчи — “Якка тартибдаги пойга” баҳсларида Ўзбекистон жамоаси биринчи ўринни қўлга киритган эди.

Бугун, 23 август куни икки кунлик тайёргарлик машғулотларини ўтаган жамоалар навбатдаги — “Отиш тайёргарлиги” майдончасида беллашувларга киришди.

Унчалик катта бўлмаган ҳудудни ўз ичига олган ушбу мусобақа майдонини босиб ўтиш иштирокчилар учун кўрингани каби осон кечмади. Катта тезликда турли тўсиқларни ошиб ўтиб, нафасни ростламасдан, устига-устак газниқобда “АКС-74” қуролидан белгиланган нишонларни тик турган, ўтирган ва ётган ҳолда яксон қилиш ҳамда қўл гранатасини майдонча томон аниқ улоқтириш ҳарбий хизматчидан катта маҳорат талаб этади.

Муросасиз баҳсларда Ўзбекистон жамоаси вакиллари ана шундай тоблангик даражаларини яна бир бор намоён этди. Барча нишонлар бехато яксон қилинди. Ғалабали юришда давом этган ўғлонларимиз барча иштирокчи жамоаларни йирик ҳисобда ортда қолдирди.

“Отиш тайёргарлиги” босқичи натижалари қуйидагича:

Ўзбекистон:

биринчи экипаж — 7 дақиқа 22 сония;
иккинчи экипаж — 10 дақиқа 42 сония.

Хитой:

биринчи экипаж — 26 дақиқа 55 сония;
иккинчи экипаж — 19 дақиқа 2 сония.

Беларусь:

биринчи экипаж 20 дақиқа 44 сония;
иккинчи экипаж 24 дақиқа 50 сония.

Вьетнам:

биринчи экипаж 24 дақиқа 9 сония;
иккинчи экипаж 23 дақиқа 55 сония.

Россия:

биринчи экипаж 19 дақиқа 44 сония;
иккинчи экипаж 28 дақиқа 23 сония.

Эрон:

биринчи экипаж 30 дақиқа 33 сония;
иккинчи экипаж 27 дақиқа 37 сония.

Олдинда жамоаларни якуний – “Эстафета” босқичи кутиб турибди. Жамоамиз аъзоларига учинчи босқичда ҳам биринчиликни қўлга киритиб, мутлақ ғалабага эришишларини тилаб қоламиз.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!