Даврон Файзиев: "Кубокда имкон қадар узоқроққа боришни мақсад қилганмиз"

Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг 1-туридан ўрин олган “Қўқон-1912» — “Насаф” (0:1) учрашувидан сўнг мезбон жамоа бош мураббийи Даврон Файзиев матбуот анжуманида иштирок этди.

Ўйин ҳақида

- Жуда қизиқарли ўйин бўлди. Бугун бизга омад етишмади. Вазиятлар яратдик, аммо гол ура олмадик. Бугун ўз мухлисларимиз қаршисида ўйнаганимиз туфайли ёшларга ҳам имкон бердик. Имкониятларини чамалаб олдик, синовдан ўтказдик. Ёмон ҳаракат қилишмади, айтиб ўтганимдек бизга омад етишмади. “Насаф” яхши шаклланган жамоа. Таркибида кучли ижрочилар бор. Қўқонда эсган шамол ҳам ҳар икки жамоанинг ўйинига таъсир кўрсатди.

- Голда дарвозабоннинг хатоси бор деб ўйлайсизми?

- Йўқ, бунда фақат дарвозабонни айбламаган бўлардим. Голда ҳамманинг хатоси бор. Ҳимоячилар, ярим ҳимоячилар, зарбагача қўйиб бердик. Дарвозабондан ҳам хато бор, лекин айб тўлиқ унда эмас. Зарба берилган вақтда тўп йўналиши ўзгарди, бу дарвозабонни чалғитди. “Насаф” бизнинг жарима майдонимиз атрофида хавфли вазиятлар яратишига тайёр эдик. Шундан бошқа вазиятларда биз уларга имкон бермадик.

- Кубок қуръасига муносабатингиз қандай? Масалан, кимдир уйда, кимдир сафарда кўпроқ ўйнашига фикрингиз қандай?

- Буни қуръадан аввал ҳамма биларди. Қуръа қандай бўлишини эса ҳеч ким билмасди. Бу ҳам бир омад. Кимдир кўпроқ уйда, кимдир кўпроқ меҳмонда ўйнайди. Тўғри, биз қолган иккита ўйинни сафарда ўтказамиз. Регламент шундай ва биз уни ҳурмат қиламиз. Лекин барибир ҳар бир жамоа сафарда ҳам ўйнайди, тўлиқ уйда ўйнамайди. Бизга Суперлига йўлланмаси вазифаси қўйилган. Эндиликда бор эътиборимизни чемпионат ўйинларига қаратамиз. Бироқ бу Кубок ўйинларига эътиборсиз эканимизни англатмайди. Бизнинг вазифамиз ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Кубокда имкон борича узоқроққа боришни мақсад қилганмиз. Шу сабабли ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз.

Шу ўринда бугун об-ҳаво ноқулайлигига қарамасдан бизни қўллаб қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Улар бизни ажойиб тарзда қўллаб қувватлашди. Барчага раҳмат.

“Қўқон-1912” матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!