ФИФА: “Ўзбекистон Осиё футболининг “уйқу”даги гиганти”

ФИФАнинг расмий сайти www.fifa.com Ўзбекистоннинг футболда эришаётган ютуқлари борасида “Ўзбекистон Осиё футболининг “уйқу”даги гиганти” номли катта материал эълон қилди.

Мақолада Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг U-23 Осиё чемпионатида қўлга киритган муваффақиятлари алоҳида таъкидлаб ўтилган.

“Оқ бўрилар” ҳамиша Осиёда ўз ўрнига эга бўлиб келишган. Ўзбекистон U-23 терма жамоаcининг қитъа чемпионатидаги ғалабаси келажакка умид беради. Бош мураббийи Равшан Ҳайдаров жамоаси намойиш этган ўйин услуби ва қўлга киритган натижалари бутун Осиёни лол қолдирди.

Мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлган Одилбек Ҳамробеков бошчилигидаги футболчилар Япония, Жанубий Корея каби кучли терма жамоалар дарвозасига 4та гол киритишга муваффақ бўлишди.

Эндиликда бу футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосини ташкил этиши кутилмоқда.

Халқаро майдонда ҳам ўзбек футболига нисбатан ҳурмат ошмоқда. Буни Ўзбекистон МТЖ Сенегал, Марокаш, Эрон миллий терма жамоалари каби ЖЧ-2018 иштирокчилари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида келишувга эришганидан ҳам билса бўлади.

Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари ўз вақтида БАА, Мексика, Туркия, Янги Зеландия мамлакатларида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатларида иштирок этган.

Эндиликда Ўзбекистоннинг асосий мақсади миллий терма жамоанинг Қатар-2022да бўладиган мундиалда иштирок этиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионлигига эришган бош мураббий Равшан Ҳайдаров Хитойдаги ғалаба ўзбек футболида муваффақиятларнинг бошланиши эканини айтиб ўтди:

“Биз тарих яратдик. Хитойдаги Осиё чемпионатидаги ғалаба ўзбек футболи тарихидаги энг ёрқин ғалабалардан бири сифатида эътироф этилади. Бу ғалабада ҳамманинг ҳиссаси бор. Менинг фикримча, Осиё чемпионатидаги муваффақият келгуси ютуқлар учун пойдевор вазифасини бажариб беради. Хитойда Чемпионликка эришган бу терма жамоа Ўзбекистоннинг келажагидир”, - дейди Равшан Ҳайдаров.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!