Футболга оид янги қарордан “UzReport” телеканали шарҳловчиси Даврон Файзиев нималар кутмоқда?

22 декабрь куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида спорт, хусусан футбол ривожига эътибор ҳақида сўз борди.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва умуман футболга ҳам эътибор қаратилишини айтиб ўтди.

- Футболга энди алоҳида эътибор қаратамиз. Футболимизга хориждан мураббий олиб келамиз. Футболга оид янги қарорни узоғи билан 10 январгача чиқарамиз, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Хўш, миллионлар ўйинини ривожлантиришга бағишланган қарор қандай бўлади? Унда нималар акс этади? Янги қарордан нималар кутилмоқда? Қандай ишлар бажарилиши мумкин? Шу ва шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш мақсадида футбол жамоатчилигининг фикрлари билан қизиқдик.

Даврон Файзиев “UzReport” телеканали шарҳловчиси: - Президентимиз футбол масаласида қарор чиқаришни гапириб ўтдилар. Бу футболга алоқадор инсонларнинг ҳаммасини хурсанд қилади. Чунки футболимиз ҳозир ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Мана шу пайтда Президентимиз томонидан қарор чиқарилиши ривожланиш учун энг катта туртки вазифасини бажариб беради. Давлат миқёсида қаратилган эътибор биринчи навбатда барчани руҳлантиради. Яна бошқа томондан федерациянинг янги раҳбарига куч ва интилиш бағишлайди, фаол ишлашга, ўзбек футболини янада ривожланишига туртки бўлади.

Футболга оид янги қарордан “Sport” телеканали шарҳловчиси Фарруҳ Расулов нималар кутмоқда?

Мен янги қарордан чемпионатимизда тартиб-интизом пайдо бўлиши, профессионал даражага етиб боришини кутмоқдаман. Тўғри, профессионал даражадаги клубларимиз бор, лекин ҳамма жамоа ҳам талабларга жавоб бермайди. Футбол мухлислар учун. Шундай экан уларга стадионларда шароитлар яратилиши, ўзим ОАВ вакили эканлигим боис футбол ёритилиши, ОАВга яратиб бериладиган қулайликлар бўлишини истардим. Чунки оддий мисол қилиб оладиган бўлсак, ҳамма ўйингоҳларда ҳам телевидение ходимлари, хусусан шарҳловчилар учун етарли даражада шароитлар бўлмаслиги мумкин. Иссиқ ва совуқ кунларда футболни ишқибозларга етказиб бериши учун мана шу инсонлар фаолият олиб боришига шароитлар яратилишини хоҳлардик.

Қолаверса, футболни ёритилиш масаласи. Федерация қанчалик катта ишлар қилмасин, лекин уни ОАВ етарли даражада ёритмаса мухлислар вақтида хабар топмайди. Шу сабабли трансляцияларнинг кенгайиши, янада кўпроқ кўрсатувлар намойиш этилиши, чемпионатимизга бағишланган янги дастурлар пайдо бўлиши ҳам миллионлар ўйини ривожига ўз ҳиссасини қўшади.

Турли хил ёшдаги терма жамоаларимиз ўзига яраша натижалар қайд этиб келган. Лекин асосий, бош жамоамиз бундан мустасно. Мана шунга ҳам эътибор қаратилиб, жаҳон футболида ўзига хос тажрибага эга мутахассис билан терма жамоамизни кучайтирилишини истардим. Бу бугун ёки эртага самара бермас, лекин профессионал даражада иш юритиб, келадиган мураббий ҳам жонкуярлик билан меҳнат қилишини хоҳлардим. Шунчаки қандайдир маблағ эвазига эмас, балки ўша мамдакатнинг футболини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида жонбозлик кўрсатса мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳозирги кунда болалар футболи жиддий масалага айланган. Чунки барчага маълум Ўзбекистонда футболни жуда ҳам яхши кўришади. 90 фоиз ўғил болалар спортнинг қайсидир тури билан шуғулланадиган ёшга етганда, аксарияти тўп тепишни бошлайди. Яъни, футбол ўйнайди. Миллионлар ўйинига қизиқиш ва футболчи бўлишни орзу қиладиган болакайларимиз бор. Уларга бу борада тўғри йўналиш беришимиз керак. Болалар футболидан тортиб профессионал даражага етгунича тизим ўйлаб топишимиз зарур. Чунки орада ўша бола қоқилиб, қайсидир босқичга ўта олмай қолмаслиги даркор. Истеъдодлар доимий равишда эътиборда бўлсин. Мураббийларнинг савиясини ошириш, улар битта жойда қотиб қолмаслиги учун ўз устида ишлашда давом этишлари лозим. Бунинг учун эса, албатта, федерациямиз томонидан шароитлар яратиб берилади деган умиддаман.

Мана шу томонларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўйлайманки, ўзбек футболи яқин орада бир неча босқичга кўтарилади. Буни жуда ҳам хоҳлардим. Ўзим ҳам Президентимиз томонидан чиқариладиган қарорни интизорлик билан кутмоқдаман. Биз эса мазкур қарорни етарли даражада ўрганиб чиқишга, уни ҳаётга тадбиқ этишга қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз, - дейди Даврон Файзиев.       

Бекзод ИСАЕВ тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!