Ислом Маматказин: "Биз 12-ўйинчига эга бўлиб, майдонда бир футболчи кўп ўйнагандек бўламиз"

Суперлиганинг 2-турида “Андижон” ўз майдонида “Бунёдкор”ни қабул қилиб 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз мухлислари учун ҳақиқий байрамона кайфиятни ярата олди.

Учрашувда учинчи гол муаллифига айланган ҳимоячи Ислом Маматказин ҳам “Андижон”нинг ғалабасига катта ҳиссасини қўша олди. Иқтидорли футболчи ўйинга тааллуқли бир қатор саволларимизга жавоб қайтарди. 

- Ислом, ажойиб ўйин ва ғалаба билан табриклаймиз. Бундай учрашувдан сўнг нималарни айта оласиз?

- Ўйин жуда шиддатли ўтди. Тарихни янгилаш пайти келганди ва буни янгиладик. Бу бизнинг “Бунёдкор” устидан биринчи ғалабамиз бўлди. Ушбу муваффақиятга ҳиссамизни қўшганимиздан хурсандмиз. Барча келган мухлисларга ва бизни қўллаб-қувватлаганларга раҳмат. Бундай ишқибозлар олдида тўп суриш ҳаммага завқ ва мотивация беради.

Ислом Маматказин1

- Йирик ҳисобдаги ғалабани қанчалик кутгандингиз? Умуман, баҳсдан олдин қандай ҳисобни ўйлагандингиз?

- Тўғриси, йирик ҳисобда ғалаба қозонишимизни кутмагандик. Ўйиндан олдин 2:0 ёки битта тўп фарқи билан ютамиз, деб ўйлагандим.

- Ўйин давомида "Бобур Арена"да юзага келган муҳит ҳақида нима дея оласиз ва бу сизга қандай таъсир қилди?

- Учрашувдаги муҳит бизга яхши таъсир кўрсатади. Айтиб ўтганимдек, мотивация беради. Футболчиларни руҳлантиради ва ўзига яраша куч бағишлайди. Бу орқали биз 12-ўйинчига эга бўлиб, майдонда бир футболчи кўп ўйнагандек бўламиз.

Ислом Маматказин

- Голингизни Конор Макгрегор услубида нишонладингиз. Бунга олдиндан тайёрланганмисиз ёки тўсатдан шу нарса хаёлингизга келдими?

- Йўқ, бу тайёрланган нарса эмасди. Шунчаки, бир кун олдин гол урсам шундай нишонлайман, деган ўй хаёлимга келганди.

- Бу сизни “Андижон”даги ва Суперлигадаги илк голингиз...

- Ҳа, дебют голим бўлди.

- Дебют голингизни кимга бағишладингиз?

- Онамга.

илдар3

- “Бунёдкор” сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ҳамма билади, “Бунёдкор” кучли жамоа бўлиб келган. Менимча, янги мураббийлар келгани сабабли уларда мослашув жараёни бўляпти.

- Жамоада ғалабага иштиёқ ва шижоат кучли эди ва бу натижада ҳам сезилди. Жамоа бунинг учун қандай мотивация олди?

- Аввало айтишим керакки, жамоамизда муҳит аъло даражада. Ҳамма футболчилар тушуниб турганди ва тарихни янгилаш пайти келганлигини ҳис қилишаётганди. Ҳамма “Андижон” шаънини муносиб ҳимоя қилиш ҳамда “Бунёдкор” устидан фақат ғалаба қозониш учун курашдилар. Ҳали бунақа ғалаба бўлмаган. Биз ўз мақсадимизга эришганимиздан хурсандмиз.

- Энди Тошкентда “Сурхон”га қарши ўйин бор. Бўлажак баҳс ҳақида ўйлаётгандирсиз?

- Биз яна шу руҳда давом этиб, Худо хоҳласа, “Сурхон” билан ўйинда ҳам ғалаба қозонамиз, деб умид қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!