Катанец: Қоидалар ҳамма учун бирдек бўлиши керак. Нима учун Гонгконг Эронга қарши нормал майдонда ўйнади?

Хабарингиз бор, Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг 3-турида Гонгконгни 0:2 ҳисобида мағлуб қилди. Ўйиндан кейин бош мураббий Сречко Катанец ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Биринчи бўлимда кўплаб имкониятларга эга бўлган бўлсак-да, гол кирита олмадик. Бироқ, иккинчи таймда рақиб жарима майдончаси олдида агрессивроқ ўйнадик ва хавфли вазиятларни кўпайтирдик. Шу билан бирга, иккита гол киритишга муваффақ бўлдик. Рақиб дарвозабони ҳам ёмон ўйин кўрсатгани йўқ. Бугунги натижадан қониқиш ҳосил қилдим". 

Катанец терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов ҳақида ҳам гапириб ўтди. 

"Шомуродов биз учун жуда ҳам керакли футболчи. Бу ерда ишлашни бошлаганимдан бери у кўплаб муҳим голларни уриб келади. Элдор таркибимизда бўлса, ҳар қандай рақиб биздан қўрқади, чунки у ўз поциясининг энг зўри. Осиё кубогида эса ҳужумчи бизга ёрдам бера олмади, лекин бу тарихда қолди"

Словениялик мутахассис майдон ҳолатига ҳам тўхталиб ўтди. 

"Бугун биз ўйнаган стадион ҳажми бироз кичикроқ экан. Аммо футболчилар бу ҳақида гапирмаслиги керак. Қоидалар ҳамма учун бирдек бўлиши лозим. Нима учун Эронга қарши Гонгконг яхшироқ майдонда ҳаракат қилади, бизга қарши эса йўқ? Бу стадионлар футболчилар учун муаммо юзага келтириши мумкин. Аммо шундай бўлса-да, биз бугун яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозондик", - деди Катанец. 

Маълумот учун, Ўзбекистон 26 март куни Гонгконгга қарши иккинчи учрашувни ўтказади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!