"Навбаҳор"ни расман 4 футболчи тарк этди

Мавсумга тайёргарликни Тошкентда бошлаган “Навбаҳор” жамоаси аъзолари бугундан икки маҳаллик машғулотларда қатнашишади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Машғулотлар "Пахтакор" ўйингоҳининг югуриш йўлакчаси ва "Оқ-тепа" клубига қарашли майдонда ўтказилмоқда. Дастлабки кунги машғулотда таркибга Дилшод Шарофиддиновдан ташқари 2017 йилги мавсумни "Қўқон-1912" жамоасида ўтказган Авазбек Маматхўжаевни ҳам қўшилганлигини қўшимча қилиш жоиз. 1995 йилнинг 4 июнь санасида туғилган Маматхўжаев ҳимоя чизиғида тўп тепади. Айни пайтда жамоани айрим футболчилар тарк этганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу кунга қадар жамоани Неманья Йованович, Дониёр Усмонов, Мурод Ражабов ва Саид Абдужабборов расман тарк этишганлигини айтиб ўтиш жоиз.

Кечаги машғулотда иштирок эта олмаган дарвозабон Асилбек Аманов бугун сафга қўшилади. Шунингдек, сербиялик ҳимоячи Дарко Станоевич ҳам тез орада мураббийлар ихтиёрига етиб келади.

Тошкентда ташкил этилаётган дастлабки йиғинда назорат ўйинларини ўтказилиши ҳақида аввал ҳабар бериб ўтгандик. Режага кўра тўртта учрашув ўтказилади. Дастлабки ўйин 11 январь куни "Оқ-тепа" жамоасига қарши ўтказилади. "Навбаҳор"га кейинги ўйинларда "Қўқон-1912" (14 январь), "Машъал" (17 январь) ва "Цементчи" (20 январь) клублари рақиблик қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!