ЎФА вице-президенти Шоакром Исроилов ФИФА саммитида иштирок этди

 

Уммон пойтахти Маскат шаҳрида ФИФАнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммитда ФИФА президенти Жанни Инфантино, мутассаддилар ва ФИФАга аъзо футбол ассоциациялар вакиллари иштирок этишди.  

Саммитда кўрилган асосий масалалар ФИФАнинг “Forward” лойиҳаси, Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг ташкилий ишлари ва трансферлар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Миллий Олимпия қўмитаси президенти, ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Жанубий Кореяга йўл олгани туфайли ФИФА саммитида Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг вице-президенти Шоакром Исроилов иштирок этди.

Шоакром Исроилов саммит доирасида ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашиб, унга Умид Аҳмаджоновнинг саломини етказди. Шунингдек, Ўзбекистонда футболни янги поғонага олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишиш учун ФИФА президентини Ўзбекистонга таклиф қилди.

Жанни Инфантино бу таклифни бажонудил қабул қилиб, тез орада Ўзбекистонга боришга ваъда берди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!