ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов эртага ўз ваколатини топширади

 

ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов эртага бўладиган ЎФФ хисобот конференциясида ўз ваколатини топширади. Бу ҳақида "Халқ сўзи" билан бўлган мулоқотда айтиб ўтган.

- Икки ташкилотга Олимпия қўмитаси ва ЎФФга раҳбарлик қилишим бу вақтинчалик бўлиб, жорий йилнинг 25 январида Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтади ва унда ташкилотга янги раҳбар сайланиши кутилмоқда. Демакки, футбол федерациясида раҳбарлик ваколатимни топшираман. Аммо бу футболдан бутунлай кетаман дегани эмас. Чунки ўзбек футболида бошлаб қўйган бир қатор янги лойиҳа ва режаларимиз бор, уларни ниҳоясига етмазмай туриб ортга чекиниш адолатдан бўлмайди.  

Хабарингиз бор, биз Миллий чемпионатимиз форматини бутунлай  ўзгартириб, энг аввало, Супер Лига ва Про Лига мусобақаларига асос солдик. Бундан бошқача йўл тута олмасдик, боиси ўзбек футболи аллақачон ислоҳотларга муҳтож эди. Сўнгги бир неча йил давомида миллий чемпионат ўйинлари, ҳаттоки энг кескин ва муросасиз руҳда кечадиган дерби ўйинларига ҳам мухлисларнинг ташрифи кескин камайиб кетгани хақида кўп гапирилди, аммо айтингчи, ишқибозларни яна стадионларга қайтариш борасида қандай амалий ишлар қилинди? Ҳеч қандай! 

Чемпионат форматини ўзгартириб биз биринчи навбатда жамоалар орасида кучли рақобат юзага келтиришни, ҳар бир ўйин финалга тенг баҳсга айланишини мақсад қилгандик. Чунки ўз ўзидан маълумки Супер Лигада клублар сони камайгач элитада фақат республикамизнинг энг сара футболчилари, кучлилар сафида ўйнашга муносиб бўлган энг иқтидорли ёшлар тўп суришади. Ҳар бир очко олтинга тенг бўладиган чемпионатда эса ўз ўзидан футболнинг нохуш иллати — келишилган ўйинлар барҳам топади.

Шу пайтга қадар чемпионат ўйинлари ноябрь ойида якунига етгач, футболчилар янги мавсумга қадар 2-3 ой мобайнида дам олишган. Европа миллий чемпионатларида таътиллар шунча давом этишини тасаввур қила оласизми? Ахир шунча пайт машғулотлар ва ўйин амалиётисиз қолган футболчидан янги мавсумда қандай натижа кутиш мумкин? Ана шу жиҳатларнинг бари миллий чемпионатимиз савияси йил сайин тушиб боришига олиб келган. 

Биз жорий йилдан бошлаб  мавсум старт олишидан аввал футболчилар жисмоний тайёргарлик бўйича тест нормативларини топшириш амалиётини жорий қилдик. Дастлабки синовларнинг ўзиёқ бизнинг футболчиларнинг асл жисмоний имкониятларини кўрсатиб берди. Агар тестдан ўтган футболчилар сонини фоиз ҳисобида оладиган бўлсак, бор йўғи 12 фоиз спортчилар нормативларни топшира олишди. Ахир бу даҳшат эмасми? 

Бутун дунёда қўлланиладиган ушбу амалиётдан баъзи мураббийлар ҳаттоки норози бўлишди, чунки ўз футболчилари имкониятларини яхши билишар эди-да. Айнан шу нормативлар бизга асл хақиқатни кўрсатиб берди. 

Ўзбек футболи тараққиёти йўлида жорий этаётган янгиликларимиз албатта, булар билан чекланиб қолмайди. Мен ҳозир сизга фақатгина уларнинг айримлари хақида айтиб ўтдим. Ишончим комилки, ишни тўғри ташкил қилсак, барча ўйлаган режаларимизни амалга оширсак, мухлислар ўз ўзидан стадионларга қайтишади. Уларни ҳар қандай кўнгилочар томоша ёки лотереялар билан стадионга мажбурлаш шарт эмас. Ҳақиқий мухлис фақат чиройли футбол кўриш учун аренага келади.

Шуни айтишим мумкинки, Миллий олимпия қўмитасини ҳам жиддий ислоҳотлар кутиб турибди. Биз нафақат қўмитани, балки юртимизда бутун Олимпия ҳаракати ва шу орқали спорт тараққиёти, уни янада ривожлантириш ва оммавийлигини оширишнинг янги механизмини ишлаб чиқамиз. Бу борада кечаю кундуз тинмай меҳнат қилишга тайёрман. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Манба: xs.uz сайти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!