Профессионал футбол клубларимиздаги нопрофессионаллик ёхуд Суперлига жамоаларининг матбуот хизматидаги аҳвол қандай?

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон Суперлигаси даражаси анча ўсиб бормоқда. Йилдан-йилга чемпионатимизда интрига ошиб, чемпионлик учун кураш кескин кўриниш олмоқда. Аммо, футболимиз ҳамон кичик камчиликлардан ҳоли эмасдек, гўё. Аниқроқ айтадиган бўлсак, клубларимизнинг матбуот хизмати профессионал даражада ишламаяпти.

Яқинда Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубига оид маълумот керак бўлиб қолди. Шу боис, клуб расмий сайтига (fcsogdiana.uz) кирдим . Аммо ўзим кутган натижа бўлмади. Чунки жамоанинг расмий сайти нофаол ҳолатда экан.

фотк

Бу ҳолат мени бироз ҳайрон қолдирди. Сабаби, Осиё даражасидаги мусобақада қатнашадиган клуб учун бу бироз уятлидек, чамамизда. Ҳақиқатдан ҳам Осиёда клублар даражасидаги иккинчи мусобақада қатнашадиган жамоанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси ишламаслиги мақталадиган ҳолат эмас. Тасаввур қилинг, жиззахликларнинг қайсидир футболчиси Европа ёки Осиё клублари скаути назарига тушди. Истаймизми йўқми, агентлар биринчи навбатда ўша футболчини ижтимоий тармоқлар орқали қидиради. Эҳтимол ўша агентлар “Сўғдиёна” расмий сайтига кирар, бироқ Not Found 404.

Аммо бу ягона муаммо эмас.

Баъзида, футбол клубларимизнинг матбуот хизматидаги аҳволни кўриб ачиниб кетамиз.

Бизда асосан клуб ҳақидаги хабарлар телеграм каналлар орқали эълон қилинади, аммо кузатсам, ўшани ҳам тайинли ишлатиб қўймайди! Шунда савол туғилади. Клуб матбуот хизмат ходимларининг асосий иши нима? Жамоа раҳбарияти матбуот хизмати ходимларига бошқа сайтлардан “forward” қилиши учун ойлик беришадими?!

Шу боис, Осиё, аниқроғи бизнинг жамоаларга кўплаб муаммо туғдираётган Саудия, БАА каби мамлакатларнинг клуб матбуот хизмати ҳолатига назар солдим. Ўзини ҳурмат қиладиган барча жамоаларнинг сайти,  телеграм канали,  инстаграм,  фейсбук ва твиттер саҳифалари ҳам тезкорлик билан ишлайди. Бизнинг клублар матбуот хизмати битта телеграм каналини тузук ишлатолмайди, менимча.

Шу сабаб бошқа клубларимизнинг ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари билан қизиқиб кўрдим.

2021 йилги Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этган ва сўнгги йилларда Суперлига ғолиблиги учун даъвогарлар қаторидан жой олган Олмалиқнинг АГМК клуби билан ҳам ҳолат шундай. Википедияга қарайдиган бўлсак, “кончилар”нинг ҳам шахсий веб-сайти бор (www.fc-agmk.uz), аммо бу ҳам ҳозир фаол ҳолатда эмас (балки, умуман ишламаган).

фотк2

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби саҳифасига назар солдим. Қувонарли томони, “қалдирғочлар”нинг (www.fcbunyodkor.com) сайти фаол, аммо Суперлига турнир жадвали март ойидан кейин янгиламаганига гувоҳ бўласиз.

фотк3

“Қизилқум”, “Қўқон-1912”, “Металлург”, Олимпик”, “Локомотив”, “Нефтчи” ва “Динамо” каби клубларимизда ҳам шу аҳвол кузатилган. Баъзи жамоаларнинг сайти ишламайди, баъзиларида эса эски йилдаги маълумотлар ўзгартирилмаган. Ҳатто, ўз сафига кўплаб европалик футболчиларни қўшиб олаётган “Сурхон” клубининг шахсий сайти йўқ (эҳтимол топа олмагандирман).

Мисол тариқасида, “Қизилқум” расмий веб-сайтидан (www.fcqizilqum.uz) наъмуна келтирамиз.

фотк4

Кўрганингиздек, икки ой олдинги маълумотлар ўзгартиришсиз қолган. Биламизки, Навоий клуби анча вақтдан бери ўз олдига катта мақсадлар қўйиб, юқори ўринлар учун курашиб келмоқда. Айниқса, жорий мавсум “Қизилқум” етакчи клублар учун ҳақиқий бошоғриққа айланди. Лекин профессионалликка интилаётган клубнинг расмий саҳифаси нофаол кўринишда эканлиги ачинарли.

Албатта, ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган жамоалар ҳам етарлича. Бу борада “Навбаҳор”, “Насаф” ва “Пахтакор” матбуот хизмати ходимларига раҳмат айтиш керак. Айни пайтда Суперлига турнир жадвалида кучли учликни банд қилиб турган клубларда барчаси профессионал даражада йўлга қўйилган. Қолган жамоалар ҳам бундан ўрнак олса арзийди, чамамда.

Бу билан қайсидир жамоани танқид қилишдан йироқмиз, лекин ПРОФЕССИОНАЛ футбол клуб номига мос ҳаракат қилишимиз керак.

 

Жамшидбек Маҳмудов тайёрлади

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию