"Roland Garros". Кутилган натижалар ҳамда Вавринканинг сенсацион мағлубияти кун безагига айланди

"Катта дубулға" туркумига кирувчи навбатдаги мусобақа ҳисобланадиган "Roland Garros" турнирида 3-босқичнинг дастлабки кун баҳслари ўтказилди.

Бугунги кун беллашувларида ҳам аксарият спортчилар ўз номи ва рейтингига мос ўйин кўрсатди. Хусусан, турнир чемпионлиги учун асосий фаворитлардан бири Рафаэль Надаль кейинги босқич масаласини анча осон ҳал этди. Италиялик Стефано Травальяга қарши кортга чиққан Надаль 6:1, 6:4, 6:0 ҳисобларида зафар қучди.

Рақибига деярли имконият қолдирмаган яна бир ракетка устаси австриялик Доминик Тим бу босқичда норвегиялик Каспер Рууд билан ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олди. 3 сет давом этган беллашув 3-тартиб рақам остида сараланган теннисчининг 6:4, 6:3, 6:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топди.

Ёш теннисчи Александр Зверев ҳам бу босқичда ортиқча муаммога дуч келмади. Италиялик Марко Чеккинатога қарши баҳс олиб борган немис ракетка устаси 3 сет якунига кўра, 4-босқич масаласини ижобий ҳал қилди. Якуний ҳисоб: 6:1, 7:5, 6:3.

Шунингдек, юқори даражали спортчилар қаторида эътироф этиладиган яна бир теннисчи Диего Шварцман ҳам ўзига билдирилган ишончни оқлай олди. Сербиялик Норберт Гомбош қаршилигини 3 сетда синдира олган аргентиналик ракетка устаси якунда 7:6 (7:3), 6:3, 6:3 ҳисобларида зафар қучди.

Аммо ҳар куни камида битта сенсация юз бериши одат тусига кириб бораётгандек, гўё. Бу нохуш анъана давом этишига ўзи истамаган ҳолда сабабчи бўлган швейцариялик Станислас Вавринка франциялик Гюго Гастонга қарши драматик учрашув ўтказди. Дастлабки сетда ғалаба қозонган Стэн кейинги икки сетни рақибига бой берди. Аммо тарози паллаларини тенглаштира олган Вавринка ҳал қилувчи сетга мутлақо тайёр эмасди. Якуний ҳисоб 2:6, 6:3, 6:3, 4:6, 6:0 Гастон фойдасига.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!