Сардор Мирзаев: Янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўряпмиз

Хабарингиз бор, "Локомотив" жамоаси Осиё Чемпионлар Лигасининг янги мавсумига тайёргарликни БААнинг Дубай шаҳрида давом эттирмоқда.

"Темирйўлчилар" жамоаси етакчиларидан бири – Сардор Мирзаев "Локо"нинг илк хориж йиғини қандай ўтаётгани хусусида клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди:

- Янги мавсумга қизғин ҳозирлик олиб боряпмиз. Айни пайтда машғулотлар кунига 2 маҳалдан ўтказилмоқда. Дастлаб тактик машқлар бажарилаётган бўлса, тушдан сўнг тренажёр залида ва қум устида шуғулланяпмиз. Асосий урғу эса жисмоний ҳолатни тезроқ тиклаш ва яхши спорт формасига кириб олишимизга қаратилмоқда. Зеро Чемпионлар Лигаси старт олишига ҳам роппа-роса 1 ой вақт қолди, холос. Шу сабабли тайёргарликка зўр берганмиз. Янги мавсумда ҳам ички мусобақаларда, ҳам халқаро майдонда зафарли юришларни амалга оширмоқчимиз. Бунда эса мавсумолди йиғинлари муҳим аҳамият касб этади. Дубайдаги илк хориж йиғинимиз анча яхши ўтмоқда. Бу ернинг об-ҳавоси қишда йиғин ўтказиш учун жуда қулай. Қолаверса, дунёнинг кўплаб жамоалари шу ерда йиғин ўтказади. Шунинг учун ҳам ўртоқлик ўйинлари учун спарринг рақиб топиш умуман муаммо туғдирмайди, - дейди маҳоратли футболчи.

Таъкидлаб ўтамиз, 23 январга қадар Дубайда шуғулланадиган "темирйўлчилар" у ерда 4та назорат учрашуви ўтказишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!