Шамиль Исеев: Талаблар ўзбек футболининг ривожланишига хизмат қилади

Суперлига клубларида иштирок этадиган футболчиларнинг жисмоний ҳолати Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан тасдиқланган тест-синовлари орқали назорат қилиб борилиши ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, клуб футболчиларини Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан бу каби тест-синовларидан ўтказилиши ўзбек футболида илк марта амалга оширилмоқда.

Мазкур тест-синовлари тизими Ўзбекистон Футбол Федерациясининг Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик гуруҳи мутахассислари педагогика фанлари номзоди, профессор Шамиль Исеев ҳамда профессор Раҳмон Нуримов томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, тасдиқланган режа асосида мавсум давомида уч маротаба ўтказилиши режалаштирилган.

Айни пайтда Суперлигада иштирок этувчи клублар футболчиларидан нормативларни қабул қилиб олаётган профессор Шамиль Исеев клублар олдига қўйилган талаблар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Миллий чемпионатимизда иштирок этувчи футболчиларнинг жисмоний ҳолати Ўзбекистон футбол федерацияси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилгач, умумий аҳвол қониқарсиз деб топилди. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати 90 дақиқа юқори темпда тўп суришга ярамайди. Бу эса ўз ўрнида терма жамоаларимизга халқаро учрашувларда панд бермоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок эта олмади. Халқимиз узоқ вақтдан бери терма жамоамиздан Жаҳон чемпионати йўлланмасини кутяпти.

Бу сафар ҳам ЖЧ йўлланмаси орзулигича қолди. Мана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш, миллий терма жамоаларимизга жисмоний жиҳатдан кучли футболчиларни тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан миллий чемпионатимизда иштирок этувчи футболчилардан нормативлар қабул қилмоқда.

Ушбу нормативлар биринчи навбатда клублар мураббийлари учун ёрдам. Биз ҳар ҳар бир футболчининг жисмони ҳолатини текшириб, клуб бош мураббийига натижаларни тақдим қилмоқдамиз.

Нормативларни топшира олмаётган футболчилар учун мураббийлар индивидуал тарзда дастур ишлаб чиқиб, ана шу дастур асосида машғулотларни белгилаб беришади.

Февраль ойида футболчилардан яна бир марта нормативлар қабул қилинади. Тест-синовларидан ўта олмаган футболчилар Суперлигада иштирок эта олмайди.

Нормативлар ҳақида

Миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клублар футболчиларидан олинаётган нормативлар 4та босқичдан иборат.

1. 30 метрга югуриш

2. Турган жойидан узунликка сакраш

3. 7х50 метрга югуриш

4. "Yo-Yo" тест

30 метрга югуриш.

Бу ҳолатда футболчилар 30 метр масофага белгиланган вақт оралиғида югуришлари керак бўлади. Бунда футболчиларнинг тезлиги синовдан ўтказилади. Барчага яхши маълум, тезкорлик замонавий футболнинг энг асосий талабларидан бири. Айниқса, ҳужумчилар учун тезлик биринчи ўринда туради.

Узунликка сакраш.

Узунлиикка сакраш орқали футболчиларнинг жисмоний кучи текширилади. Айниқса, дарвозабонлар учун бу жуда керак. Футболчилар белгиланган узунликка сакрашлари керак

7 марта 50 метрга югуриш.

Бунда футболчиларнинг тезлиги ва чидамкорлиги синовдан ўтади. Футболчилар 50 метр масофага югуриб, яна ортга қайтишади. Бу ҳолат 7 марта такрорланади.

«Йо-Йо» тест

Бундай норматив Европа клубларида ҳам мавжуд бўлиб, футболчилар 20 метр масофага сигнал бўйича югуришади. Бунда тезкорлик, диққатни жамлаш, жисмоний куч синовдан ўтади.

Барча нормативлар замонавий технологиялар ёрдамида олинаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Махсус электрон хронометрлар футболчиларнинг ҳаракатини фиксация қилиб, аниқ натижаларни чиқариб бермоқда.

Айни пайтда “Олмалиқ”, “Машъал”, “Навбаҳор”, “Қўқон”, “Цементчи” клублари футболчилари нормативларни топширишди. Қолган жамоалар қуйидаги жадвал асосида нормативлар топширишади:

"Металлург" - 25.12.2017

"Бухоро" - 25.12.2017

"Пахтакор" - 26.12.2017

"Бунёдкор" - 26.12.2017

"Қизилқум" - 27.12.2017

"Насаф" - 28.12.2017

"Локомотив" - 29.12.2017

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!