Суперлига. 6-турнинг 6 та энг зўр футболчилари

Суперлиганинг 6-турли деярли якунланди. Фақатгина “Динамо” – “Олимпик” ўйини қолдирилган. Бўлиб ўтган 6 та учрашув эса ўзига яраша ҳолатлари билан эсда қолди. Табиийки, беллашув қаҳрамонлари ҳам бўлди. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.

“Андижон” – “Сўғдиёна”  - 0:1. Энг яхши футболчи: Люпчо Дориев

Чемпионатнинг 6-турини бошлаб берган “Андижон” – “Сўғдиёна” қарама-қаршилигида биргина гол учрашув тақдирини ҳал қилди. Легионер ўйинчи Люпче Дориевнинг ягона голи меҳмонларга жуда муҳим ғалабани тақдим қилди. Якунда эса Дориев энг яхши ўйинчига айланди. У ўтган йили ҳам андижонликлар дарвозасини ишғол қилганди.

“Навбаҳор” – “Локомотив” – 4:0. Энг яхши футболчи: Одил Ҳамробеков

Самвел Бабаян жамоаси бу турда “Локомотив”ни қабул қилди ва рақибини 4:0 ҳисобида доғда қолдирдилар. Одил Ҳамробеков “Навбаҳор” сафида ажралиб турди ва ўзи ҳам битта голга муаллифлик қилди. У ўз позициясида бехато ўйин кўрсатди. Шу билан бирга рақибини зарарсизлантиришда ҳам фаол бўлди.

“Бунёдкор” – “Сурхон” – 0:2. Энг яхши футболчи: Муҳаммадали Абдураҳмонов

“Сурхон” клуби Тошкентда “Бунёдкор” майдонида бўлиб ўтган учрашувда Муҳаммадали Абдураҳмоновнинг дубли эвазига қимматли уч очкони қўлга киритди. Баҳс тақдири айнан биринчи бўлимдаёқ ҳал этилди. Бундай беллашувда иккита гол уриб “Сурхон”нинг ғалабасини таъминлаган футболчи сўзсиз энг яхшиси бўлишга ҳақли.

“Қизилқум” – “Нефтчи” – 1:1. Энг яхши футболчи: Шаҳбоз Жўрабеков

Қаршида бўлиб ўтган “Қизилқум” – “Нефтчи” тўқнашувида меҳмонлар ғалабага яқин келиб қолганди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда “Қизилқум” ҳимоячиси Шаҳбоз Жўрабеков гол уриб ҳисобни тенглаштирди ва натижада томонлар бир очкодан бўлишиб олдилар. Якунда эса Жўрабеков энг яхши ўйинчи деб топилди. У гол уришидан ташқари ҳам “Қизилқум” сафида шу куни фаоллиги билан ажралиб турганди. “Нефтчи” иккинчи бўлимда ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнагани уларга қимматга тушди.

“Пахтакор” – “Металлург” – 4:3. Энг яхши футболчи: Кими Мерк

Ниҳоят, Максим Шацких жамоаси ҳам ғалаба қозонди. Лекин осон бўлгани йўқ. Бир қарашда осонроқ туюлган бўлиши мумкин. Бироқ “Металлург” ҳам “Пахтакор”нинг ожиз нуқталарини топа олди. Лекин ҳисобни тенглаштиришга вақтлари етмай қолди. “Пахтакор” сафида дубль қайд этган Кими Мерк баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилди. Дарҳақиқат, у ўзига билдирилган ишончни оқлади ва жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди.

ОКМК – “Насаф” – 3:4. Энг яхши футболчи: Ойбек Бозоров

Турнинг марказий ўйини ўзини тўла оқлади. Дарвозаларга жами 7 та гол урилди ва унда “Насаф” 3:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу куни тан олиш керакки, меҳмонлар футболчиси Ойбек Бозоров майдонда катта ҳажмдаги ишни бажарди. У жамоасининг тезкор ҳужумларини уюштиришда ниҳоятда фаол бўлди ва ОКМК футболчиларига уни қўриқлаш катта муаммоларни келтириб чиқарди. Майдондаги барча ўйинчилардан у ажралиб турди. Шубҳасиз, Бозоров ушбу баҳснинг энг яхшиси эди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию