Суперлигада суперўйинлар ёхуд 2-тур саргузаштлари олдидан

8-11 март кунлари Ўзбекистон Суперлигасида 2-тур учрашувлари ўтказилади. Олдимизда янада ажойиб тўқнашувлар бор ва янги мавсумдаги илк ўйинни ўз аренасида қабул қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Қуйида 2-тур олдидан жамоаларнинг имкониятларига тўхталамиз.

8 март

“Металлург” – “Сўғдиёна”

Бекободда яхши ўйин бор. Иккаласи ҳам илк турда ғалаба қозона олмадилар. Бири дуранг ўйнади, яна бири ютқазди. “Металлург” Тошкентда “Локомотив”га қарши 2:2 ҳисобини қайд этди. “Сўғдиёна” Жиззахда мусобақа фаворитларидан бири “Нефтчи”га имкониятни бой берди - 1:2. Веско Стешевич жамоаси Бекободдаги илк мухлислари қаршисида кечадиган мавсумнинг очилиш ўйинини ғалаба билан бошлаш ҳаракатида. Иван Бошкович бошчилигидаги “Сўғдиёна” эса чемпионатни кетма-кет иккита мағлубият билан бошлашни асло хоҳламаслиги турган гап. Ҳозирча имкониятлар 50\50.

“Пахтакор” – “Насаф”

Турнинг энг муҳим ва марказий тўқнашуви. “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев биринчи турда “Олимпик” мағлуб этилгач, матбуот анжуманида айнан бўлажак беллашувга ҳам тўхталиб, “Пахтакор”га қарши охирги пайтлардаги ўзаро учрашувларда яхшироқ натижалар қайд этаётганини ва буни ушбу сафар ҳам давом эттиришга умид қилаётганига тўхталганди. “Насаф” чемпионликни қўлга киритиш учун жиддий курашга қўшилган. “Пахтакор” яна чемпионлик камарини ҳимоя қилиш мақсадида майдонга тушяпти. Шацких жамоасининг таркиби бироз кучсизлангани ва кетганлар ўрни номдор ўйинчилар билан тўлдирилмаганига урғу қаратаётганлар кўп. Клуб эндиликда маҳаллий ёшларига кўпроқ суянмоқчи. Шацких эса илк баҳсдан кейин жамоасида чемпионлик руҳияти борлигини айтди. Ҳа, у бу гапни айтганида ҳақ эди. Имкониятлар эса тенг!

пахтакор 1

9 март

“Олимпик” – “Локомотив”

Тошкент дербисини ҳам кўрамиз. Афсуски, у қадар кўп мухлислар аудиториясига эга бўлмаган “Олимпик” ҳамда “Локомотив” ўртасидаги учрашув қай даражада аншлаг бўларкин, буни ўйин кўрамиз. Тимур Кападзе Қаршидаги мағлубиятдан кейин дербида собиқ клуби – “Локомотив”ни енгмоқчи. Янги мураббийга эга бўлган “Темирйўлчилар” уйида “Металлург” билан баҳсда ғалабани қўлдан чиқарганди. Бу сафар нима бўларкин, кузатамиз. Бу баҳсда ҳам имкониятларни тенг дейиш мумкин.

“Навбаҳор” – ОКМК

Самвел Бабаян ва Миржалол Қосимов бошчилик қилаётган жамоалар Наманганда куч синашадилар. Мусобақа фаворити сифатида эътироф этилаётган “Навбаҳор”ни бу сафар ҳам имконияти юқорироқ баҳоланяпти. ОКМК биринчи турда ўз майдонида “Андижон” билан 0:0 ўйнаганини биласиз. Улар кетма-кет иккинчи бор водий клубига қарши майдонга тушади. Агар илк турдан хулоса қилинадиган бўлса, “Навбаҳор”да имконият чиндан ҳам кўпроққа ўхшаяпти. Қолганини вақт кўрсатади.

Навбаҳор-Динамо_1

10 март

“Андижон” – “Бунёдкор”

Андижондаги “Бобур Арена”да очилиш футбол байрами. “Бургутлар” “Қалдирғочлар”га қарши бор кучини сарфлаши аниқ. Боз устига андижонликлар минглаб мухлислари қаршисида ўйнайдилар. “Бунёдкор” дастлабки баҳсда ўз майдонида “Қизилқум”га 1:3 ҳисобида мағлубиятга учраб, ишқибозларининг хафсаласини пир қилди. "Бобур" Арена"да европача фантастик муҳит бўлиши шубҳасиз. “Андижон” Олмалиқда ОКМКга қарши муносиб курашди. Бу сафар имкониятнинг кўпроғи Александр Хомяков бошчилигидаги “Бургутлар”да.

“Динамо” – “Нефтчи”

“Нефтчи” мавсумни кетма-кет иккинчи марта Жиззахдаги стадионда ўтказади. Дастлаб мезбон “Сўғдиёна”га қарши майдонга тушди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди номинал мезбон сифатида “Динамо” ҳам Жиззахда ўйнайди ва фарғоналиклар яна бир бор ўша аренада майдонга тушади. Вадим Абрамов ва унинг жамоаси Наманганда “Навбаҳор”га ютқазиб келди, энди водийнинг яна бир клубига қарши баҳс олиб боради ва “Нефтчи” ҳам Суперлига фаворитларидан бири. Кўрамиз, Абрамов Левченкога қандай сюрприз тайёрлаётган экан?

динамо7

11 март

“Қизилқум” – “Сурхон”

1-турда иккала жамоа ҳам ўзига яраша ажаблантирди, десак муболаға бўлмаса керак. Масалан, Жамшид Саидов бошчилигидаги “Қизилқум” “Бунёдкор” майдонида 3:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди. “Сурхон” эса “Пахтакор” стадионида номинал мезбон сифатида тўп суриб, рақиби “Пахтакор”дан учта гол “тарсаки” еди. Иккала жамоанинг ўйинидан келиб чиқсак, “Қизилқум”да ғолиб чиқиш имкониятлари кўпроққа ўхшаяпти.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Журабой
08/03/2024 13:49
Сугдиенага омад тилайман!!!