Тимур Кападзе: "Икки йил олдинги Саудия Арабистони билан ҳозирги жамоанинг фарқи бор"

23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Вьетнамга қарши баҳс олиб борди. Унда ҳамюртларимиз йирик 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди. Тимур Кападзе ва бугунги ўйиннинг энг яхши футболчиси Алишер Одилов матбуот анжуманида иштирок этди. 
"Авваламбор, барча халқимизни ғалаба билан табриклайман. Бу ўйинга ҳам етарлича тайёргарлик олиб бордик. Муҳими, жароҳатлар йўқ. Энди кейинги босқич ҳақида ўйлашимиз керак. Тайёргарликни бугундан бошлаймиз. 

Гуруҳ босқичида гол ўтказиб юборилмагани ҳақида
Албатта, бундан хурсандмиз. Бу жамоавий меҳнат. Кейинги учрашувларда ҳам гол ўтказмасликка ҳаракат қиламиз. 

Саудия Арабистонига қарши кечадиган ўйин ва 2 йил олдинги жамоа ҳақида
2 йил олдинги Саудия Арабистони билан ҳозирги жамоанинг фарқи бор, хусусан бизда ҳам. Ўйлашимча, бу вақт оралиғида ўсишга эриша олдик. Улар билан Осиё ўйинларида ҳам тўқнаш келдик. Яхши жамоа, бироқ бизнинг ҳам ўз мақсадимиз бор ва бу йўлда меҳнат қилишда давом этамиз. 

Гуруҳ босқичи ва плай-офф ҳақида
Уч ўйин ҳам ўзига яраша қийин бўлди. Плай-офф ўйинларида кучсиз рақиб бўлмайди. Бироқ, айтганимдек, ўз режамиз бўйича давом этамиз. Бизда тайёргарлик учун 2 кун вақт бор. Мен футболчиларимга ишонаман. 

Турнирга тайёргарлик ва “Олимпик” клуби ҳақида
Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш йўлида “Олимпик” ташкил этилди. Жамоа йиғилаётганда асосан ўз клубларида захирада қолиб кетаётган футболчилар жалб этилди. Уларга кўпроқ ўйин амалиёти бериб, янги даражага олиб чиқишга эришдик. Уларда ўзларига бўлган ишонч пайдо бўлди. Тайёргарлик узоқ давом этди. Кўплаб футболчиларни синовдан ўтказа олдик. Таркибимизда тенг кучга эга футболчилар йиғилди", - деди термамиз устози.

 Алишер Одилов эса:
"Бизни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга раҳмат. Ғалаба билан табриклайман. Эндиликда бор эътиборимизми кейинги ўйинга қаратамиз. 

Гуруҳ босқичда гол ўтказиб юбормаслик ҳақида
Мураббийимиз таъкидлаганидек, бу жуда ҳам муҳим ва биз мусобақанинг қолган 3 ўйинида ҳам гол ўтказмасдан чемпион бўлмоқчимиз."

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Абдухаликов Мухаммад
24/04/2024 07:54
23 ёшли футболчиларга омад ёр булсин