Виктор Кумиков: “Шахтёр” билан ўртоқлик ўйини ўтказамиз

Хабар бериб ўтганимиздек, АГМК айни кунларда Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғини ўтказмоқда. Йиғин жараёни ва навбатдаги чемпионатда кутилаётган ўзгаришлар хусусида жамоа устози Виктор Кумиков фикрлари билан қизиқдик. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Янги мавсумга тайёргарликни 14 декабрдан бошлаган эдик. Дастлабки босқичда футболчилар икки ҳафта давомида жисмоний тайёргарлик борасида машғулотларда иштирок этишди. Илк йиғин Тошкент вилояти тоғли ҳудудида жойлашган "Олтин олма" мажмуасида ташкил этилди. 2017 йилда жамоа шарафини ҳимоя қилган бир неча футболчи билан дўстона хайрлашдик. Дастлабки ўқув-машғулотларимизда бир неча янги футболчилар ҳам иштирок этишди. Айни дамда АГМК учун янги бўлган маҳаллий футболчилар жамоага киришиб кетишди. 28 январга қадар давом этадиган йиғинда легионер футболчиларни саралаб олишни мақсад қилганмиз. 

Жамоа бу йиғин давомида кимлар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади?

- 10 январь куни бу йил ҳисобидан илк ўртоқлик ўйинини ўтказдик. ОФК кубоги баҳсларига ҳозирлик кўраётган Бишкекнинг "Дордой" жамоаси билан куч синашдик. Кейинги учрашув 15 январда Руминия биринчи лигаси вакили "Политехника" билан бўлади. 19 январда собиқ жамоам бўлмиш Қарағанда шаҳрининг "Шахтёр"ига қарши майдонга тушамиз. 23 январда Руминия олий лигаси вакили "Конкордиа" ва 27 январда Сербиянинг "Спартак Суботица" спарринг рақиб бўлади.

Бу йилдан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мусобақаларни янги форматда ўтказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, мусобақа регламентида ҳам бир қатор ўзгаришлар бор. Бу борада фикрингизни билмоқчи эдик.

- Дарҳақиқат, бу йилдан юқори лига формати тубдан ўзгариши борасида хабардор этилдик. Бу каби тизимда Қозоғистонда фаолият юритган давримда кўп бора мусобақаларда иштирок этганман. 12 жамоалик формат ўз кучида қоладиган бўлса, ҳар бир учрашув муросасиз ўтишига шубҳа йўқ. Бу тизимда ўткинчи ўйинлар кескин камайиб кетади. Иккинчи босқичда ҳам ҳар бир очко муҳимдир. Асосийси юқори ўринлар учун бир неча жамоада имконият юзага келади. Регламентдаги ўзгаришлар борасида нима дейишим мумкин. Бу ҳам Ўзбекистон футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшишига умид қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!