Владо Радманович: "Ваъда бераман, яна Эрон билан тўқнаш келсак, бу сафар буткул бошқача ўйин намойиш этамиз!"

"CAFA Nation's Cup" турнири ҳал қилувчи финал ўйинида Ўзбекистон терма жамоаси Эронни : ҳисобида мағлуб этди. Мазкур учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон термаси ёрдамчи мураббийи Владо Радманович иштирок этди. 

"Ҳаммага хайрли кеч! Биз кучли рақибга қарши ўйнадик. Оғир ўйин бўлди. Кўплаб вазиятлар яратдик, аммо гол уришни эплай олмадик. 

Ўйиндан олдин қандай бўлишини кутган бўлсак, баҳс шу тарзда бўлиб ўтди. Рақиб ўз имкониятларидан унумли фойдалана олди. Яна бир бор Эронга қарши ўйнайдиган бўлсак, бу сафар яхшироқ ўйнаймиз, деб умид қиламан. 

Бизда йўқотишлар бор эди ва бу мусобақада ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Алиқулов, Ашурматов бизнинг асосий таркиб футболчиларимиз эди. Уларнинг ўрнида ярим ҳимоячи бўлган Абдуллаев ҳамда қанот ҳимоячиси Насруллаев ҳаракат қилди. 

Ҳар доим ҳар кимда имконият бўлади. Рақиб қитъанинг энг кучли термаларидан бири ҳисобланади. Аммо биз уларга қарши кучсиз ўйин намойиш этдик, дея олмайман. Осиё кубогида Эрон билан тўқнаш келадиган бўлсак, мен сизга ваъда бераманки, бугунги ўйиндан буткул бошқача ҳаракат қиламиз. 

Аббос ҳужумкорлиги билан бизга ёрдам бериши кўзда тутилганди. Биз таваккал қилишга мажбур эдик ва ҳимоячи ўрнига ҳужумкор футболчи майдонга туширдик. 

Савияли рақиблар билан ўйинлар ташкил этиш масаласи бўйича мен эмас, ассоциация жавоб бергани маъқул. Кучли рақиб билан ўртоқлик ўйинлари ўтказилса, биз фақат ва фақат хурсанд бўламиз. Осиё кубоги олдидан кучли терма жамоаларга қарши майдонга тушишимиз лозим. 

Уч ҳимоячи билан ўйнаганда, қанотлар фаол бўлади ва ҳужумчига қулайлик яратади. Агар сиз 2 ҳимоячи билан ўйнасангиз, марказда устунликка эга бўлишингиз мумкин. Умуман олганда, тактик схемалар борасида соатлаб гапиришимиз мумкин. Назарий томонлама сиз қанчалик кучли мутахассис бўлманг, амалда бу нарсалар ўхшамаса, бари бекор", - деди мутахассис.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Анвар Ширинов
21/06/2023 14:26
Endi kattaroq hisobda yutqizishga harakat qilinglar, biz ham oxirigach kutib asab bo‘lib o‘tirmaymiz!