775

Дастлаб оғир атлетика спорт тўгарагида фаолиятини бошлаган Ғиёсиддин Аҳмедов ҳозирда баҳодирлар ўйинларида иштирок этиб келмоқда ва бунга кўп бўлмасада юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. У энди ўз олдида баҳодирлар ўйинлари бўйича энг нуфузли турнирлардан бири "Arnold classic"да ғолиб чиқишни мақсад қилиб қўйган.

Маълумот учун: Ғиёсиддин Аҳмедов 1989 йилда Андижонда туғилган. Оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида (U-20) Осиё чемпиони, катталар ўртасида қитъа чемпионати совриндори, жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари қатнашчиси, бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ҳамда кўплаб халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори.

Ассалому алайкум, Ғиёсиддин. Спортга кириб келишингиз қандай бўлган? Суҳбатимизни шу билан бошласак.

– Ваалайкум ассалом. Биласиз, Андижонда бу ерда турли спорт турлари бўйича кўплаб чемпионлар етишиб чиққан. Биз ёшлар ҳам ана шулардан ўрнак олиб ёшлигимиздан спортга қизиқишимиз юқори бўлган. Дастлаб мени спортга етаклаб борган инсон отам бўлади. 9 ёшимда мени оғир атлетика спорт тўгарагига олиб борган. Бунга сабаб ўша вақтлари кўп касал бўлиб, мен озғин ва нимжон эдим. Ота-онам мени спорт билан шуғулланса, соғлиғи тикланар деб ўйлашган.

Нима учун айнан баҳодирлар ўйинлари спорт турини танлагансиз? Сизнингча, бошқа спорт турларидан қандай афзалликлари бор?

– Фаолиятимни оғир атлетика спорт турида бошлаганман. Биринчи бунда спорт усталигини олдим, кейин халқаро спорт усталигига эга бўлдим. Бундан ташқари ёшлар ўртасида (U-20) Осиё чемпиони, катталар ўртасида қитъа чемпионати совриндори, жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинчлари қатнашчиси, бир неча бор Ўзбекистон чемпиони (94 кг ва +105 кг вазнларда) ва кўплаб халқаро турнирларда зафар қучдим. Бундаги фаолиятимни тугатиб, баҳодирлар ўйинига ўтганимга бир йил бўлди. Бошида оғир атлетика билан шуғулланганим учун баҳодирлар ўйинига ўтишим қийин бўлмади. Сабаби ҳар икки спорт турининг базаси бир-бирига жуда яқин. Ўша нарса менга жуда қўл келди, лекин машқларида бироз фарқ борлигини эътироф этиш керак.

Сизни мусобақаларда энг кўп руҳлантириб турадиган нарса нима? Нима Сизни доимо олдинга ундайди?

– Мусобақаларда энг кўп ўзимдан куч оламан. Негаки, менинг олдинги натижаларим, машғулот вақтида ўсишга бўлган ҳаракатларим ортга йўл йўқлигини англатиб туради. Кейин менда шахсий рекордлар, янги марраларни забт этишга бўлган иштиёқ жуда юқори.

Спортчи бўлмаганингизда қайси соҳа вакили бўлардингиз ва нима учун?

– Тўғриси, буни билмадим. Мактабда ҳам, коллежда ҳам аъло баҳоларга ўқиганман. Кўпроқ тил ўрганишга қизиқаман. Эҳтимол спортни танламаганимда тилни мукаммал ўрганиб, Буюк Британия ёки АҚШдаги олийгоҳлардан бирина таълим олган бўлардим.

Спортда омадга қандай қарайсиз?

– Менимча, омад спортчига жуда зарур. Лекин атлет фақат омадга ишониб қолмаслиги ҳам керакда. Сабаби омад кучлиларга кулиб боқади дейишади. Шундай экан, иқтидор, тинимсиз меҳнат ҳам омадни етаклайди.

Келажакдаги режаларингиз...

– Энг катта режаларимдан бири баҳодирлар ўйини бўйича “Arnold Classic” турнирида иштирок этиб, унда ғолиб чиқиш ва “Prof Cart”га эга бўлиш. “Prof Cart”ни қўлга киритган спортчилар жаҳон кубоги ва шунга ўхшаш нуфузли мусобақаларда иштирок этиш имкониятини қўлга киритади. Бундан ташқари келажакда мураббийлар соҳасида иш олиб боришни ўз олдимга мақсад қилганман. Шунча йиққан тажрибаларимни ёшларга ўргатиб, Осиё ва жаҳон чемпионларини тарбиялашдир.

Спортчининг ҳаётида оила қандай ўрин тутади?

– Албатта, спортчининг ҳаётида оила муҳим ўрин тутади. Сабаби мунтазам машғулотлар одамни чарчатади. Шундай вақтда оилангиздагиларнинг қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Бу унга катта далда бўлади. Умуман оила спортчининг биринчи жамоа ҳисобланади.

Бошқа ўзбек спортчиларининг фаолиятини ҳам кузатиб борасизми?

– Деярли барча профессионал спортчиларимиз фаолиятини кузатиб бораман. Уларнинг эришаётган натижалари ва бу йўлдаги ҳаракатлари менга қизиқ. Оғир атлетика бўйича Руслан Нуриддинов Олимпиада чемпиони. Иқтидорли спортчи. Фаолияти медалларга жуда бой. Олдинда яна кўплаб турнирларда мухлисларни хурсанд қилади. Шунингдек, дзюдочи Ришод Собировга ҳавас қиламан. Унингдек учта Олимпиадада кетма-кет совриндор бўлишни ва ўз спорт формасини сақлай билишни ҳар ким ҳам эплайвермайди. Уларни жуда ҳурмат қиламан. Боксчиларимизни ҳам шу қаторга қўшиш мумкин.

– Гарчи ҳозир фаолиятларини якун ясаган бўлишсада, ўз вақтида Руслан Чагаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Артур Таймазов сингари спортчиларимиз фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб борганман. Ўзимга улардан ўрнак олишга интилганман. Улар билан фахрланаман.

Спортчилик фаолиятингизда энг юқори эришган натижаларингиз қандай?

– Оғир атлетикани ҳисобга оладиган бўлсак, бунда тошни кўтаришда иккита усул бор – даст кўтариш ва силтаб кўтариш. Даст кўтаришда шахсий рекордим бу 174 кг, силтаб кўтаришда 240 кг. Баҳодирлар ўйинида эса “Атлас шари” дейилади. Юмалоқ тош бу. 180 кг. Яна карамесло (баҳодирлар ўйинидаги машқлардан бири – SPORTS.uz) 450 кг. Гантелда (бир қўллаб кўтариш) – 103 кг. Умуман баҳодирлар ўйинида машқлар жуда кўп.

 

Сиз учун машҳур бўлиш осонми ёки яхши инсон?

– Машҳур бўлишга интилиш менинг режаларимга умуман кирмайди. Жамиятда инсонийлик ҳислатларига эга бўлиш кишилар асосий ва керакли нарсалардан бири. Инсон жамиятда бошқаларга нафи тегмаса, унинг кераги йўқ.

– Спортдан ташқари нималар билан шуғулланасиз?

– Маданий ҳордиқ чиқаришга ҳаракат қиламан. Кино, театрга бораман. Премьералар бўлса, қолдирмайман одатда. Мусиқани ёқтираман. Айниқса жонли ижро ишқибозиман. Одамларнинг ичида бўлишга интиламан. Шунингдек, бошқа спорт турларидан футбол ўйнашга қизиқаман. Бу жуда ёқимли спорт тури.

Суҳбатингиз учун ташаккур.

Sports.uz 2018