Ҳасанбой Дўсматов: Мухлислар биздан хурсанд бўлишсин

 

The World Series Boxing (WSB) - Бутунжаҳон бокс серияларининг VII мавсумида "С" гуруҳининг энг кучли жамоалари - "Uzbek Tigers" ва "Astana Arlans Kazakhstan" боксчилари ўзаро куч синашади.

Кўплаб мухлису мутахассислар эътиборида турган ушбу учрашув олдидан SPORTS.uz ахборот портали мухбири "Uzbek Tigers" боксчилар - Ҳасанбой Дўсматов, Абдулҳай Шораҳматов, Элнур Абдураимов, Зуҳриддин Маҳкамов ва Исроил Мадримовдан интервью олди.

- Ҳасанбой, бўлажак жангнинг сиз учун аҳамияти қандай?

- Шахсан мен учун ҳар бир жанг жиддий аҳамиятга эга. Боксда ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Биринчи даврадаги сафар учрашувида "Uzbek Tigers" боксчилари "Astana Arlans Kazakhstan" жамоасига ютқазиб қўйганди. Лекин Тошкентда фақат ғалаба учун рингга чиқамиз. Аввалги жангларда бўлгани каби мухлисларимиз биздан хурсанд бўлишади.

- Абдулҳай, рақиб жамоанинг кучини қандай баҳолайсиз?

- "Astana Arlans Kazakhstan" боксчилари Бутунжаҳон бокс серияларининг энг тажрибаои жамоаларидан биридир. Улар ушбу нуфузли мусобақанинг икки карра ғолиби бўлгани уларнинг салоҳияти юқори эканидан далолат беради.

Машғулотлар вақтида мураббийларимиз ушбу жамоа вакилларининг устун жиҳатларини алоҳида таҳлил қилиб берди. Шунингдек, қозоғистонлик боксчиларнинг айрим нозик томонларини ҳам билиб олдик. Тайёргарлик жараёнида ана шу омиллар устидан кўпроқ ишладик. Самара қандай бўлишини рингда кўрамиз.

- Рақибингиз билан аввал рингда тўқнаш келмаган экансиз...

- Ҳа, рақибим Илёс Сулейменов билан ҳали учрашмаганман. Чунки у илгари 52 килограмм вазнда рингга чиқарди. Энди вазнини ошириб, 56 килограммга ўтди. Бу биринчи учрашувимиз бўлади.

- Элнур, мавсум бошида вазнингизни ўзгартирдингиз. Бу сизга ноқулайликлар туғдирмаяптими?

- Илгари 60 килограмм вазн тоифасида рингга чиқардим. Ҳозир оғирлиги 64 килограмм бўлган боксчилар билан жанг қиляпман. Албатта, вазн алмаштирганда осон бўлмайди. Бунга аввалги турда россиялик Радмир Аблураҳмонов билан жангни мисол қилишим мумкин. Ўша жангда рақибимини енгиш учун жуда куч сарфлашимга тўғри келди. Ҳозир бу вазнга анча мослашиб олдим.

- Зуҳриддин, рақибингиз ҳақида қандай фикрдасиз?

- Рақибим Антон Пинчук халқаро майдонларда кўплаб ютуқларни қўлга киритган тажрибали боксчи эканини биламан. У Осиё чемпиони ва Осиё ўйинлари ғолиби. Маҳоратли рақибга қарши бўладиган жангга пухта тайёрлана олдим, деб ўйлайман.

Шу ўринда, бутун ўзбек бокси мухлислари биздан ғалаба кутаётганини ҳис қилиб турибмиз. Албатта, мухлисларимиз бизни тинимсиз қўллаб-қувватлаб тургани бизга мадад бўлади. Мақсадимиз мухлисларни хурсанд қилиш.

- Исроил, рақибингизнинг устулиги нимада?

- Сапарбай Айдаров мен учун жисмоний кўрсаткичлар бўйича ноқулай рақиб ҳисобланади. Унинг бўйи мендан баланд. Боксда бу қўшимча устунлик беради. Шуни инобатга олган ҳолда мураббийларимиз билан ўзига хос тактика ишлаб чиқдик. Рақибим қўллайдиган жанг усулидан хабарим бор. Умуман олганда, боксчи ҳар қандай рақибга қарши жанг қилишга тайёр бўлиши керак.

"Uzbek Tigers" боксчилари ҳар доим юртимиз шарафини ҳимоя қилишга тайёрмиз. Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиш учун ҳар бир спортчи каби биз учун ҳам шараф.

"Uzbek Tigers" ва "Astana Arlans Kazakhstan" учрашувига доир матнли трансляция, фото ва видеолавҳалар, жанг натижаларини онлайн тарзда SPORTS.uz ахборот порталида кузатиб боринг!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!