"Uzbek tigers" дастлабки ғалабасини нишонлади ёхуд гуруҳдаги вазият қандай?

 

 

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан ташкил этилган The World Series Boxing (WSB) – Бутунжаҳон бокс сериялари VII мавсумида учинчи тур учрашувлари якунланди.

Бу йилги мавсумда энг кучли, деб эътироф этилган "С" гуруҳида дастлабки давра кутилмаган натижаларга бой бўлди. Айниқса, ўтган йили нуфузли мусобақанинг ярим финалига етиб борган "Uzbek tigers" боксчиларининг икки учрашувда "Сhina dragons" ва "Astana arlans" вакилларига ютқазиб қўйгани ҳаммани ҳайрон қолдирди.

"Uzbek tigers" мураббийи Тўлқин Қиличев бу мағлубиятларни боксчиларнинг ўтган йилги оғир ва биз учун муваффақиятли бўлган мавсумдан сўнг юқори спорт формасига киролмагани билан изоҳлади ва учинчи жангда йигитлар нималарга қодирлигини кўрсатишини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, "ўзбек йўлбарслари"нинг ўз мухлислари кўз ўнгида Россиянинг “Patriot Boxing Team” жамоасига қарши ўтказган учрашуви жамоамиз салоҳиятини тўлиқ намоён этди. Абдулҳай Шораҳматов, Элнур Абдураимов, Исроил Мадримов, Зуҳриддин Маҳкамов ва Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов россиялик кучли боксчиларни катта устунлик билан енгди.

Учинчи тур якунларига кўра, бир марта сафарда ва икки бор ўз майдонида зафар қучган "Astana arlans" 9 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Россиялик боксчилар "Uzbek tigers"дан қабул қилинган қақшатқич мағлубиятдан сўнг тўрт очко билан иккинчи ўринда турибди.

Биринчи турда тасодиф туфайли жамоамизни мағлуб этган "Сhina dragons" боксчилари аввалига ўз уйида россияликларга, кейин сафарда қозоғистонликларга мағлуб бўлди ва биринчи турда қўлга киритилган уч очко билан қолиб кетди.

Ниҳоят, "Uzbek tigers" дастлабки уч очкосини қўлга киритди. Гарчи ҳамюртларимиз ҳозирча сўнгги поғонада турган бўлса-да, гуруҳда юқори кўтарилиш учун яхши имкониятга эга. Чунки ғалаба қозонилган жанглар сони бўйича ўзбек боксчилар гуруҳда иккинчи ўринни қайд этмоқда. Биринчи поғонада турган қозоғистонликлар ушбу мавсумда жами 12 та жангда зафар қучди. Бу кўрсаткич, "Uzbek tigers" вакилларида саккизта, россияликларда олтита ва "Хитой аждарлари"да тўрттани ташкил қилмоқда.

Бундан тшақари, "Uzbek tigers" кейинги иккита жангни ўз майдонида ўтказади. Ҳамюртларимиз 18 март куни "Сhina dragons" жамоасини, 1 апрелда эса гуруҳ пешқадами "Astana arlans"ни қабул қилади. Барча мухлису мутахассисларимиз бўлажак жангларда "ўзбек йўлбарслари"нинг ғалабасига ишонмоқда. Чунки боксчиларимиз адолат нуқтаи назаридан олиб қараганда, хитойлик рақибларидан ҳақиқатан кучли, қозоғистонликлар эса ўтган йили Тошкентда 4:1 ҳисобида мағлуб этилган ва бу жамоа ҳам енгилмас эмас.

Қолаверса, ўзбекистонлик боксчилар 21 апрель куни Россияда ўтказиладиган сўнгги жангда ҳам ғалаба қозониш имконига эга. Ҳамюртларимиз ўтган йили Россияда бу ишни бир бор амалга оширган ва иккинчи маротаба ҳам буни уддаласа бўлади.

Бир сўз билан айтганда, кечаги учрашувда "Uzbek tigers" боксчилари намойиш этган жанглар уларнинг салоҳиятини намоён этди ва мухлису мутахассисларда бу жамоа юқори ўринлар учун кураша олишига ишонч уйғотди.

Олға, "ўзбек йўлбарслари"!

SPORTS.uz

The World Series Boxing (WSB) Бутунжаҳон Бокс Серияси чемпионатининг VII фасл учинчи босқич таркибида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилувчи боксчилар BUKA Boxing Sportswear томонидан тақдим этилган кийимда рингга чиқдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!