Одил Аҳмедов: “Краснодар”да энди имкониятинг йўқ дейишди

 

Гуус Ҳиддинк уни ҳеч қачон шикоят қилмайдиган, бир йўла тўртта позицияда ўйнай оладиган суперпрофессионал деб атаганди. Сергей Галицкий унинг «Анжи»дан «Краснодар»га ўтганидан жуда хурсанд бўлиб кетганди: «Ажойиб янгилик». Ҳаттоки, Россияда кескин танқидлари билан танилган Александр Бубнов ҳам унинг ўйинига келганда ҳиссиётларини яшириб ўтира олмаганди: «Бундай кўрсаткичлар билан у эртагаёқ «Барселона» ёки «Реал»нинг асосий таркибига кира олиши мумкин».

Бу гапларнинг барчаси Ўзбекистон терма жамоаси яримҳимоячиси Одил Аҳмедовга нисбатан айтилганди. Ўтган ҳафтада Одил Россиянинг «Футбол» ҳафтаномасига интервью берди. Ўзбекистонлик футболчи «Краснодар»ни тарк этишига сабаб бўлган омил, «Пахтакор»даги дастлабки ойлиги, Франциядан бўлган таклиф ва Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2018даги иштироки борасида гапириб ўтди. Бу ҳақда kun.uz хабар бермоқда.

Аксель Витcел Хитойдан тушган таклифга рози бўлишидан олдин туни билан ухлай олмаганини айтганди. Сиздачи, сиз ҳам «Шангҳай СИПГ» таклифига рози бўлиш учун ухлолмай чиқдингизми?

— Мен учун бу қандайдир ақлбовар қилмас даражада қийин қарор бўлгани йўқ. Мен ҳар қандай ҳолатда ҳам шу қишда «Краснодар»дан кетишни мўлжаллаб тургандим.

Нима бўлганди?

— Шалимов жамоа бошқарувини қўлга олгандан буён бир неча ой ичида у билан фақат бир марта гаплаша олдим. Бу учрашувда у менга: «Майдон марказида сенга умуман жой йўқ. Ҳеч қандай имконият ҳам», деб очиқчасига айтди.

Буни қандай тушуниш мумкин?

— Менимча, унга менинг майдон марказидаги ўйиним ёқмаган бўлса керак. Яна нима дейишим мумкин? Ҳар бир мураббий футболни ўзича кўради. Шалимов даврида мен ўз позициямда деярли бирорта ўйинда ҳам майдонга туша олганим йўқ. Кутилганидан камроқ фойдам тегадиган чап, ёки ўнг қанотда майдонга тушардим. Мен марказий яримҳимоячиман! Қанотларда фойдам марказга қараганда икки ҳиссага камаяди. Мураббий билан бу суҳбатдан кейин кетишга қарор қилдим. Шунчаки вазиятни таҳлил қилиб кўрдим ва 2017 йилда ҳам «Краснодар»да мен учун ҳеч нарса ўзгармаслигини тушуниб етдим.

Қишда сизга БАА ва Саудия Арабистони клубларида ҳам таклифлар бўлганмиди?

— Ҳа, араб клублар мени анчадан буён ўз жамоасига таклиф этиб келишади. Яна Франциядан ҳам таклиф бўлганди.

Аммо сиз пулни танладингизми?

— Шунчаки французлар сўралган пулни топиб бера олишмади, «Шангҳай» эса керакли маблағни топа олди.

Оскар «Шангҳай»да «Челси»дагига қараганда беш баравар кўпроқ маош олмоқда. Сизнинг маошингиз қанчага ошди?

— Бу ерда «Краснодар»дагидан бироз кўпроқ оламан холос. Аммо мен Хитой таклифини аниқ пул туфайли танлаганим йўқ. Мен учун молиявий жиҳат ҳеч қачон биринчи ўринда турмаган. «Пахтакор»да тўп сурганимда ойлигим қанча бўлганини биласизми?

Қизиқ бу. Хўш?

— 100 доллардан ҳам камроқ. Ҳозирги ёшлар бунақа пулга ҳатто машғулот ҳам ўтказмайди. Мен эса боримни бериб ўйнардим. Сабаби ўз олдимга мақсад қўйгандим: ўртамиёна эмас энг яхши футболчи бўлиш. Ойлигим фақат йўлкирага етарди. Ҳозир эса ёшлар миллионлаб ишлаб топмоқда. Уни кузатсанг, ҳақиқатдан ҳам иқтидорли футболчи деб ўйлайсан. Аммо икки йилдан кейин у йўқ бўлиб қолади. Буларнинг барчаси пуллар сабабли.

Сиз «Пахтакор» асосий таркибида Валерий Непомняший мураббийлигида ўйнаб кетгансиз шекилли?

— Ҳа, айнан у мени асосий таркибга киритганди. Унгача ўринбосарлар сафида тўп сурардим. У ўта ақлли мураббий. Уни ҳеч қачон футболчиларни сўкканини ёки уларга бақирганини эшитмаганман. Босиқлик билан тушунтиради – ҳамма эшитарди. Авторитет.— Непомняший сизнинг «Шангҳай»га трансфер қилинишингизга шундай муносабат билдирганди: «Афсуски, Одил Хитойга кетди, Европага эмас. У кўпроғига лойиқ».

Агар «Краснодар»да Валерий Кузьмич бош мураббий бўлганида ҳеч қаерга кетмасдим. Ўйлашимча, энди Европа ҳақида гапиришдан фойда йўқ. Яқинда 30 ёшга тўламан, Европа клублари ёш футболчиларни қўлга киритишни истайди. Икки-уч йилдан сўнг хориждаги фаолиятимни якунлаб уйга қайтаман. Болалар катта бўлмоқда, улар Ўзбекистонда ўқишларини истайман. Ота-онамни ҳам сўнгги йилларда жуда кам кўраяпман.

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию