Ҳакамлар Моуриньонинг ақлини киритиб қўймоқчи
Англия чемпионатида "Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Жозе Моуриньо ва ҳакамлар ўртасидаги можаролар кучайиб кетмоқда.
"Манчестер Юнайтед"нинг 13-турда "ВестХэм"га қарши ўтказган учрашувининг 27-дақиқасида Моуриньо ҳакам қарорига норозилик билдириб, майдонга сув идишини ортда ва ёрдамчи ҳакамга ўз фикрларини кескин оҳангда билдирди. Шундан сўнг учрашувни бошқараётган Жонатан Мосс португалиялик мутахассисга қизил карточка кўрсатди.
Айни пайтда Жозе Моуриньо Англия футбол уюшмасига бўлган воқеани изоҳлаши учун 1 декабргача муддат берилган. У икки ўйинга четлатилиши мумкин. Бироқ, таниқли ҳакам Грэм Полл Жозега оғирроқ жазо бериб, уни олти ўйинга четлатишни таклиф қилди.
- Ҳакам Мосс тўғри қарор қабул қилди, - дейди Грэм Полл. - Ҳакамнинг қарорларига ҳурмат билан муносабат қилиш керак. Англияда ҳакамлар Моуриньонинг ҳурматсизларча муносабатига кўп дуч келади. Мосс ўтган мавсумда ҳам Моуриньони четлатган эди. Олти ўйинлик дисквалификация Моуриньонинг ақлини киритиб қўяди.
Фикрлар