Эрон бош мураббийи: "Ўзбекистон иккинчи таймда яхши ўйнади, бизникилар эса шунчаки сайр қилиб юрди"
Осиё қитъасида 2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон - Эрон учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Беллашувдан сўнг Эрон терма жамоаси бош мураббийи Амир Галенои матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Хайрли кеч, ҳаммага. Авваломбор, жаҳон чемпионати саралашида иштирок этаётгани билан табриклайман. Уларга кейинги ўйинларда омад тилаб қоламан.
Бу учрашув сифатли ва ажойиб тарзда ўтди. Айниқса, голлар ўйинга алоҳида жозиба бағишлади. Йигитлар биринчи таймда яхши ўйнашди, аммо иккинчи бўлимда йўқ бўлиб қолишди.
Ўзбекистон иккинчи таймда яхши ўйин намойиш этди ва ҳақли тарзда икки гол уриб кетди. Бизникилар эса шунчаки майдонда пиёда сайр қилиб юришди.
Мухлислар бу баҳсдан завқ олди. Шиддатли ва томошабоп қарама-қаршилик гувоҳи бўлдик. Шунингдек, бизнинг жамоа учун ҳам бугунги кун дарс бўлди. Хулосалар ва сабоқ чиқардикки, бошқа баҳсларда шундай ҳаракат қилсак, натижамиз биз кутгандек бўлмаслиги аниқ.
Таъкидлаб ўтилганидек, икки маротаба Эрон терма жамоасини бошқариб бордим. 2006 йилдаги ва ҳозирги таркиб ҳам бирдек кучли ва юқори савиядаги футболчилардан ташкил топганди.
Аввало, Карлуш Кейруш футбол бўйича етук мутахассислардан бири ҳисобланади. У Эрон футболи учун чексиз ҳисса қўшгани билан эътирофга сазовор. Мен анчадан бери футболда бош мураббийлик қиляпман ва ҳужумкор фалсафага асосланган футбол намойиш этишни хуш кўраман. Статистикамга эътибор қаратсангиз, футболчилик фаолиятимда ҳужумчи сифатида тўп тепганман. Ҳозирда Осиё кубогига оз вақт қолди. Шундай экан, биз қўлимиздаги бор маҳсулотдан унумли фойдаланишга мажбурмиз", - деди мутахассис.
Фикрлар